[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

13.12.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бугунги кунда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга турли тармоқларда меҳнат қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган турфа касб эгалари меҳнатини қадрлаш, уларни ўзгаларга ўрнак сифатида муносиб рағбатлантириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар          2 йилда бир маротаба “Ўз касбининг моҳир эгаларини тақдирлаш” тадбири анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилги “Ўз касбининг моҳир эгаларини тақдирлаш” тадбири 13 декабрь куни Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган, ўз ишининг устаси бўлган, фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, бу йўлда изланиш ва ташаббус кўрсатишдан тўхтамаётган, ижтимоий шериклик асосида халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида юқори натижаларга эришаётган турли соҳа ходимларини рағбатлантириш, бу орқали уларнинг профессионаллик даражаси ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда кўтаринки кайфият бахш этишдир. Шунингдек, ушбу тадбир орқали меҳнаткашларнинг ўз касбига бўлган фидойилиги ва ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш, ижтимоий фаолиятга кенг жалб этиш, «Устоз-шогирд» анъаналарини қўллаб-қувватлаган ҳолда, турли соҳаларда меҳнат қилаётган моҳир касб эгаларига ёш мутахассисларни бириктириш орқали ёшларнинг касбий маҳоратини оширишга эришиш ҳам мақсад қилинган.

Тадбирга республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга ўз муносиб ҳиссасини қўшаётган, билими ва савияси, илмий изланишлари, фидокорона меҳнати билан янги ютуқ ва натижаларни қўлга киритаётган турли соҳа ходимлари таклиф этилди.

Аҳамиятли томони шундаки, ўз касбининг моҳир эгаси сифатида тақдирланаётганлар энг қуйи бўғинда фаолият кўрсатаётган бошланғич ташкилотлар тавсияси асосида саралаб олинди. Мазкур рағбатга муносибларни аниқлаш жараёнида асосий эътибор «Ўз касбининг моҳир эгаси» сифатида танланаётган инсонларнинг муайян бир соҳада кўп йиллар меҳнат қилиб келаётган тажрибали мутахассислар эканлигига, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришига, соҳани ривожлантириш мақсадида олиб бораётган изланувчанлиги, эришган ютуқлари, ташаббуслари ва яратган янгиликларига, ёшларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатиб, шогирдлар тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига, меҳнат жамоаси орасидаги обрў-эътибори, жамоатчилик ишларидаги фаоллигига ҳамда мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўғри англаши ва уларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ҳиссасига қаратилди.

Ўз касбининг моҳир эгалари 5 босқичда, хусусан, аввало, корхона, ташкилот ва муассасаларда, сўнгра туман ва шаҳарларда, 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, 4-босқич тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари миқёсида сараланди. Мазкур дастлабки босқичларда 32 минг нафардан ортиқ турли касб эгалари иштирок этиб, улардан 134 нафари саралаб олинди ҳамда 5-босқич – Республика босқичига тавсия этилди.

Тадбирнинг республика босқичида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан номзодлар орасидан энг муносиб 44 нафари саралаб олиниб, тантанали тадбирда тақдирландилар. «Ўз касбининг моҳир эгалари» деб топилганлар орасида таълим, фан, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш, жамоат хизмати, алоқа, авиация, темирйўл, транспорт, йўл, қурилиш, агросаноат, истеъмол товарлари ишлаб чиқириш, хизмат кўрсатиш, нефт-газ, геология, энергетика, кимё, металлургия, машинасозлик, тоғ-кон саноати тармоқларида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, ўз соҳасида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўз касбининг фидоий ва жонкуяр эгаларини кўриш мумкин.

Уларнинг барчасига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг махсус дипломлари ҳамда совғалари топширилди.

Тантанали тадбирдан сўнг тадбир иштирокчиларига Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган «Иймон» спектакли намойиш этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати