Турли соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш хамда уларни спортнинг оммавий турларига жалб қилиш мақсадида Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жиззах шаҳридаги таълим муассасаларининг 450 нафардан ортиқ ходимларини жамлаган волейбол ва баскетбол бўйича спорт мусобақалари ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
– Бугунги кунда турли соҳа ходимлари ўз саломатлиги учун ўзлари масъул эканликларини, соғлом турмуш тарзи эса саломатликни мустаҳкамлашнинг асосий омили эканлигини жуда яхши англамоқда, – дейди Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши бўлим мудири Шарофитдин Бахритдинов. – Буни ўтказилаётган спорт мусобақаларида иштирок этаётган ходимлар сонининг йил сайин ортиб бораётгани ҳам кўрсатиб турибди. Жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш орқали ходимларнинг меҳнат самарадорлигини оширишга эришаётганимиз ҳам айни муддаодир.
Мусобақалар якуни бўйича спортнинг баскетбол тури бўйича I-ўринни эгаллаган 1-сонли умумтаълим мактаби жамоаси ҳамда волейбол тури буйича ғолиб бўлган 12-сонли умумтаълим мактаби жамоаси касаба уюшмалари ҳамда “Ёшлик” спорт жамияти томонидан таъсис этилган диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахрли 2- ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар ҳамда “Ғалабага бўлган интилувчанлиги” ва “Энг фаол жамоа” номинациялари бўйича ғолиб бўлган иштирокчилар ҳам ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан мукофотланди.