04.01.2017. «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖда «Соғлом оила — жамият таянчи» мавзуида касаба уюшма фаоллари ҳамда хотин-қизлар комиссияси раислари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тадбирда ҳудудий тармоқ касаба уюшма ташкилотлари хотин-қизлар комиссиялари вакиллари ҳам иштирок этишди.
Семинар-тренинг аввалида қатнашчилар комбинатнинг қўлигул аёллари томонидан ташкил этилган амалий санъат кўргазмаси билан танишдилар. Уларни, айниқса, бисер ва тузли хамирлардан тайёрланган турли ажойиб манзаралар, ўйинчоқлар, гиламчалар, тақинчоқлар, манзарали нақшлар билан безатилган паннолар, зар ипларда тикилган ажойиб каштачилик намуналари ҳайратга солди.
Семинар-тренингда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя бўлими бош мутахассиси Лазокат Турикова Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар, гендер тенглиги, юртимизда хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуққа эгалиги ва уларга яратилган имтиёзлар ҳақида кенг тушунча берди.
Тошкент вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси хотин-қизлар комиссия раиси Р.Газиева ва комбинат меҳнат муҳофазаси вакили Ш.Қўчқоров «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар ҳамда янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунни амалга оширишнинг долзарб масалалари ҳақида тушунтириш беришди. Шунингдек, қатнашчилар учун лидер бўлиш сирлари, лидерлик хусусиятлари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Айниқса, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя бўлими бош мутахассиси Шоҳида Бегимқулова томонидан ташкил этилган психологик машғулот барчада катта таассурот қолдирди.
Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларига оид амалий машғулотларда комбинат аёллари меҳнат қонунчилиги соҳасидаги билимларини бойитдилар.
Семинарда фаол иштирок этган хотин-қизлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— Бундай катта семинарни аёллар ўртасида биринчи бор ўтказишимиз, — дейди «Олмалиқ КМК» АЖ ходимлар касаба уюшмаси ташкилий бўлим мудири Умида Жалилова. — Касаба уюшма ташкилотларига меҳнат қонунчилигига оид турли саволлар билан мурожаат этишади. Етакчилар уларга тўғри жавоб бериб, муаммоларни ўз ўрнида ечишга ҳаракат қилиши зарур. Ишончим комилки, ушбу семинар бу борадаги билимларимизни бойитишда муҳим аҳамият касб этди.