11.01.2017. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 17 та санаторий ҳамда 2 та дам олиш уйи фаолият юритмоқда. Уларда ҳар йили республикамизнинг 100 минг нафардан зиёд турли соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ҳордиқ чиқариб, ўз саломатликларини мустаҳкамлаб келмоқдалар.
Тизимдаги ҳар бир санаторий кўп тармоқли бўлиши билан бирга, кардиологик, гастроэнтерологик, гинекологик, неврологик, пульмонологик ҳамда нефрологик касалликларни даволашга ихтисослаштирилган. Барча санаторийлар жойлашган ҳудуди, табиати, мўтадил иқлими, ер тубидан табиий равишда сизиб чиқаётган маъданли сувлари, улар таркибидаги органик минерал тузларнинг даволи таъсирига кўра дунёга машҳул ҳориж сиҳатгохлари билан тенг рақобатлаша олади. Масалан, гўзал Фарғона вилоятидаги бальнеологик курорт ҳисобланмиш “Чимён” санаторийсидаги сероводородли маъданли сув юрак-қон томир, ҳаракат ва таянч тизими, асаб, гинекологик ва урологик касалликларни даволашда самарали таъсир кўрсатади. Ана шундай бальнеологик санаторийлардан яна бири – Наманган вилоятидаги “Чортоқ” ҳамда Хоразм вилоятидаги “Хонқа” санаторийларининг маъданли сувлари таркиби йод ва бром минералларига бойдир. Самарқанд вилоятидаги “Абу Али ибн Сино”, Тошкент шаҳридаги “Чинобод”, “Турон”, Тошкент вилоятидаги “Ботаника”, “Бўстон”, Бухоро вилоятидаги “Ситораи Мохи Хоса”, Қашқадарё вилоятидаги “Қашқадарё соҳили”, Навоий вилоятидаги “Олтинсой” ва Наманган вилоятидаги “Косонсой” санаторийларининг радонга бой маъданли сувлари таркибида хлорид-гидрокарбонат натрий минерал тузлари мавжуд.
Меҳнаткашларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш мақсадида санаторийлар замонавий гастрофиброскоп, кольпоскоп, ректоскоп, гинекологик гидроколонотерапия, умуртқа поғонасини комьютер назоратида тортиш, замонавий компьютер ЭКГ аппаратлари, биокимёвий анализаторлар билан таъминланган. Шунингдек, санаторийларнинг даволаш бўлимлари янги замонавий физиотерапевтик асбоб-ускуналар билан бойитилди. Тасарруфдаги санаторийларда нафас олиш аъзолари касалликларини даволаш учун “Тузли ғор” ташкил қилиниб, спелеотерапия даво усули ҳамда “озонотерапия”, “нордик юриш”, “стоунотерапия”, “псаммотерапия” каби янги даво усуллари татбиқ қилинди.
Бундан ташқари, бугунги кунда касаба уюшма санаторийларида зарбтўлқинли терапия, ичакларни маъданли сувлар билан ювиш муолажалари компьютерлашган замонавий ускуналарда амалга оширилмоқда. Шифо масканларида дам олувчилар учун маънавият-маърифат маркази, кутубхона, ёзги амфитеатр, қишки концерт ва кино заллари, қўшимча хизмат турлари сифатида косметология ва СПА салонлари, турк ҳаммоми, чойхона, теннис майдончаси, ёпиқ сузиш ҳавзаси, сураткаш хизмати ва автотранспорт хизматлари йўлга қўйилган.
Оналар ва болаларни биргаликда соғломлаштириш мақсадида тизимидаги санаторийлар ва дам олиш уйларида ташкил этилган “Она-бола” бўлимлари, болалар майдончалари ва ўйин хоналари бугун ўз ижобий самарасини бермоқда. Шинам ва ранго-ранг ўйинчоқлар билан жиҳозланган ушбу махсус хоналарда малакали тарбиячилар болажонлар билан машғулот ўтаётган вақтларида ота-оналар фарзандларидан хотиржам ҳолда даво муолажаларини қабул қиладилар. Бу – санаторийларда оилавий дам олиш учун яратилган шароит ва қулайликлар сифатини янада ошириш имконини бермоқда. Ана шундай қулайликлардан ўтган 2016 йилда касаба уюшма санаторийларида соғломлаштирилган 3191 нафар она ва бола фойдаландилар.
Ўз навбатида кекса авлод вакилларини соғломлаштириш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, 2015-2016 йиллар давомида 8 минг нафардан зиёд 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари манзилли соғломлаштирилди. Санаторийларда улар учун қўшимча қулайликлар яратилиб, “Уруш ва меҳнат фахрийлари бўлимлари” фаолияти йўлга қўйилди. Фахрийларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида санаторийлардаги бир қатор шифокорлар “герантология”, яъни кексаларни даволаш бўйича мутахассисликка ўқитилиб, отанхон ва онахонларга юқори даражали тиббий ва маиший хизматлар кўрсатилиши таъминланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашларнинг дам олишга бўлган талаб ва истаклари тобора ошиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда ўз тизимидаги санаторийларда ўринлар сонини кўпайтириш орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини янада кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда, бугунги кунда Термиз шаҳридаги “Термиз марвариди” санаторийсини давр талаби даражасида таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу маскан Сурхон воҳасидаги бальнеологик ва иқлимий курорт бўлиб, дам олувчиларни даволашда санаторийда мавжуд сунъий кўл бўйидаги қумдан табиий омил сифатида фойдаланилади. Шунингдек, 2017 йилда “Оқ-тош” ва “Зомин” санаторийларида янги ётоқ биноларини барпо этиб, халқимизга туҳфа этиш мақсад қилинган.