12.01.2017. Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашида «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари — юрт тинчлиги ва хавфсизлигининг кафолатидир» мавзуида «Маънавият соати» ўтказилди. Унда Шимолий ўарбий Ҳарбий округининг Фахрийлар кенгаши раиси, подполковник Б.Гаипов, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият тарғибот маркази раҳбари Ш.Аяпов ҳамда касаба уюшма фаоллари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар чорак аср давомида мамлакатимиз мудофаа қудрати юксалиб, ҳудудий яхлитлигимиз ва чегараларимиз дахлсизлигини сақлашга қодир, профессионал тайёргарликка эга миллий армиямиз шаклланганлигини алоҳида эътироф этишди.
Шунингдек, дунёнинг айрим минтақаларида тобора кескин тус олаётган можаро ва қарама-қаршиликлар, тинчликка хавф солаётган халқаро террористик ва экстремистик кучлар ҳар бир ватандошимиздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб этиши борасида сўз юритилди.
***
Сирдарё вилоятида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Гулистон шаҳрида вилоят ҳокимлиги, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, тегишли бошқарма ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган «Аскар оналарини шарафлаймиз» мавзуидаги учрашувда Наманган вилоятида йигитлик бурчини ўтаётган сирдарёлик аскарларнинг оналари, Гулистон ҳарбий горнизони аскар ва офицерлари, хизматчилари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида ҳикоя қилувчи телелавҳа кўрсатилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими ўофиржон Мирзаев сўзга чиқиб, юрт ҳимоясида ҳушёр турган мард ва жасур ўғлонларни тарбиялаб, вояга етказган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига ўз эҳтиромини билдирди. Уларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
— Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни олдидан аскарлар ва уларнинг оналари учун дийдорлашув ташкил этилиши анъана тусини олган, — дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова. — Бундай эътибор аскарлар ва уларнинг оналари учун ажойиб совғадир.
— Ўғлим Темурбек Наманган вилоятида йигитлик бурчини ўтамоқда, — дейди Гулистон шаҳридаги «Обод юрт» маҳалласида яшовчи Матлуба Чолбаева. — Унинг эл-юрт тинчлигини сақлашга ҳисса қўшаётганидан жуда хурсандман. Шу билан бирга, биз каби аскар оналарига кўрсатилаётган эҳтиромдан бошимиз кўкка етди.
«Сирдарё наволари» халқ ансамбли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар, вилоят мусиқали драма театри актёрлари ижросидаги саҳна кўриниши тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
***
Ҳудди шундай тадбир Наманган шаҳар ёшлар марказида ўтказилди. Унда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, тегишли ташкилот ва бошқармалар, гарнизонлар, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, байналмилалчи жангчилар, меҳнат фахрийлари, аскар ва офицерлар ота-оналари ҳамда турмуш ўртоқлари қатнашди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳилола Юсупова, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши вакили Шаҳбоз Саидхонов, аскар ва офицерлар ота-оналари ва турмуш ўртоқлари сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади. 400 нафар юртдошимиз иштирок этган кечада ҳарбий йигитлар ҳамда уларнинг оналарига эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, таниқли санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.
***
Касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ва Маънавият тарғибот маркази Наманган вилоят бўлими ҳамкорлигида Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда «Тинчлик ва барқарорлик учун курашмоқ керак», «Геосиёсат ва мафкуравий жараёнлар» мавзуларида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам эсда қоларли бўлди. Унда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши вакили Ш.Саидхонов, вилоят КУТБ раиси Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқиб, барчани Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.
Бу каби тадбирлар вилоятдаги қатор ҳарбий қисмларда ҳам ташкил этилаяпти. Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи ёшлар ўртасида уларнинг озод ва обод Ватанни ҳимоя қилишдек улуғ мақсадга интилиши, жасурлик ва фидойилик каби фазилатларини шакллантиришга қаратилган «Миллий армиямиз — ғуруримиз, ифтихоримиз», «Менинг армиям — менинг фахрим» шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
***
Термиз шаҳридаги темир йўл вокзалида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун кетаётган аскарларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
— Ватан ҳимоячилари сафидан жой олишимда спорт билан мунтазам шуғулланганим, коллежда чақириққача ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш фанини чуқур ўзлаштириб, назарий ва амалий машғулотларда фаол иштирок этганим қўл келди, — дейди С.Чориев. — Келажакда чегара қўшинларида хизматни давом эттиришга аҳд қилганман.
— Қаранг, ҳарбий хизматга кетаётган фарзандларимиз ҳам, уларни кузатишга чиққанлар ҳам хурсанд. Чунки бўлажак аскар қандай шарафли ишга бел боғлаганини яхши билади, — дейди Сурхондарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қ.Боболов.
Бўлажак аскарлар замонавий ўқув маркази ва яратилган шароитлар билан таништирилди. Улар бу ерда белгиланган муддат давомида ҳарбий соҳа бўйича етарли кўникма ва малакага эга бўлгач, Ватанимизнинг турли сарҳадларидаги ҳарбий қисмларда ўзларининг йигитлик бурчини бажаришга киришади.