Миллий армиямиз – фахру ғуруримиз!
13.01.2017. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллигини ва Ватан ҳимоячилари куни байрамини нишонлашда касаба уюшмалари ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар
Хусусан жойларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз – фахру ғуруримиз!” шиори остидаги туркум тадбирлар ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирлар меҳнаткашлар ва ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, Ватан ҳимоясини таъминлашдек муқаддас бурч, мамлакатимиздаги тинч ва осуда ҳаёт қадрининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишда касаба уюшмалари фаоллигини оширишга қаратилган.
Ташкил этилаётган тадбирлар доирасида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган 80 нафар ҳарбий хизматчилар оилаларига манзилли моддий ёрдам кўрсатилиб, фарзандларига Янги йил совғалари тақдим этилди.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Энг яхши сержант”, “Энг яхши гуруҳ командири”, “Энг яхши взвод командири”, “Энг яхши батальон командири”, “Энг яхши бригада командири” республика танлови ғолибларини, шунингдек, “Энг яхши қўшилма”, “Энг яхши ҳарбий олий таълим муассасаси”, “Энг яхши мудофаа ишлари бошқармаси”, “Энг яхши сержантлар тайёрлаш мактаби” республика танловлари номинантлари касаба уюшмалари томонидан ҳам рағбатлантирилди.
Туркум тадбирлар доирасида турли меҳнат жамоаларида ўтказилаётган “Маънавият соатлари”да мамлакатимизда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришда эришилаётган ютуқлар, миллий армиямизнинг мустақиллигимизни сақлаш, сарҳадлар даҳлсизлигини таъминлаш, тинч ва хотиржам ҳаётнинг кафолати эканлиги тарғиб қилинмоқда. Хусусан, “Маънавият соатлари”да “Миллий армиямиз тавсифи: Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари – юрт тинчлиги ва хавфсизлигининг кафолатидир” мавзусида суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фахрийларини жалб этган ҳолда “Тинчлик учун курашмоқ керак”, “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.