19.01.2017. 17 январь Тошкент политехника музейида “Ўзметмашсаноат” касаба уюшмаси Ёшлар Кенгаши билан ҳамкорликда “Ёш ихтирочилар куни” нишонланиб, шу муносабат билан музейда “Ёш ихтирочилар” кўрик танлови ўтказилди. Бу кўрик танловни ташкиллаштириш ва ўтказиш музей учун ажойиб анъанага айланган. Бу йил ушбу танлов иккинчи маротаба ўтказилмоқда.
Кўрик-танловда Республикамизнинг техникага ихтисослашган Олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейларидан 40 нафардан ортиқ ихтирочилар иштирок этишди.
Ёш ихтирочилар ўзлари кашф этган турли техник, электрон қўлланма ва экспонатлар билан барча йиғилганларни лол қолдиришди. Бу галги танловда иштирокчилар орасида қиз бола ихтирочиларнинг ҳам борлиги айниқса одамни қувонтирди.
Иштирокчилар ихтироларини баҳолаш учун пойтахтимизнинг нуфузли техник Университет профессор ўқитувчилари, “Ўзавтосаноат”, “Ўзэлтехсаноат” компанияларидан вакиллар ҳайъат аъзоси қилиб таклиф этилдилар. “Ўзметмашсаноат” касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси А.Хакулов ҳакамлар ҳайъатига раислик қилди.
Ҳайъат аъзолари ҳар бир иштирокчи яратган ихтиро, экспонат билан алоҳида танишиб, ёш ихтирочиларга турли саволлар бердилар.
Қизғин кечган баҳс-мунозаралардан сўнг ғолиблар аниқланди.
Тўплаган балларига қараб коллеж ўқувчилари орасида
3-ўрин Овечкин Михаил
2-ўрин Беленко Виктор
1-ўрин Махаматов Сардоржонга насиб этди.
Олий ўқув юрти талабалари орасидан эса
3-ўринни Саттаров Санжар
2-ўринни Зоиров Улмас
1-ўринни Эркинов Султонбек эгалладилар.
Барча танлов иштирокчилари ва ғолибларига рағбатлантирувчи совғалар топширилди, уларга каттадан-катта муваффақият, улкан зафарлар ва келгусида ўз соҳаларининг етук мутахассислари бўлиб етишиш тилаклари билдирилди.