23.01.2017. 2016 йилнинг 19-21 январь кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Самарқанд вилоятида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” талабларининг бажарилишида жамоат ташкилотлари ролини ошириш” мавзуидаги амалий семинар ўтказилди.
Унга тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий харакати, Мусулмонлар идораси, Савдо-саноат палатаси, Ички ишлар вазирлиги, Марказий банк ҳамда ушбу ташкилот ва муассасаларнинг ҳудудий бўлим ва бошқармаларининг раҳбар ҳамда мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.
Амалий семинарда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш борасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида оддий одамлар, оилалар билан очиқ ва самимий мулоқотлар ўтказиш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаш, улар ижроси бўйича жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш тизими ҳамда ушбу тизимни мамлакат миқёсида оммалаштириш масаласига қаратилди.
Тадбир олдидан ташкил этилган йиғилишда Касаба уюшмалари Федерацияси ва ҳамкор жамоат ташкилотлари мутасаддиларидан иборат таркибда тузилган Ишчи гуруҳларига жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, турмуш даражаси, улардаги ижтимоий-маънавий муҳит, оила аъзоларининг бандлиги қай даражада таъминланганлигини ўрганиш тартиби, аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида аниқ муддатли чора-тадбирларни белгилаш, улар ижроси бўйича жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш механизмларига оид тарқатма материаллар, саволнома ва режа-жадваллар тақдим этилди.
Амалий семинарнинг биринчи ва иккинчи кунлари Ишчи гуруҳлари Самарқанд шаҳридаги “Чўпонота”, “Бунёд”, “Ширин” маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Сартепо” мавзеси, Каттақўрғон туманидаги “Мўминхўжа”, “Зотхон”, “Тугма”, “Қипчоқравот”, “Лайлак” маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган 1200 дан ортиқ хонадонларда бўлиб, оилаларнинг турмуш даражаси, уларда мавжуд муаммолар, даромадларни ошириш имкониятлари, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш масалаларида суҳбатлашдилар. Шунингек, “Фарҳод” шаҳарчасида жойлашган 118-мактабгача таълим муассасаси, 57-умумтаълим мактаби, 6-сонли маданият ва аҳоли дам олиш маркази, деҳқон бозорида бўлиб, уларда меҳнат қилаётган ходимлар, ота-оналар, аҳоли вакиллари билан ҳам мулоқотлар ўтказилди. Мулоқотлар жараёнида маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояталаб, боқувчисини йўқотган, иқтидорли фарзандлари олий ўқув юртларида тўлов-шартнома асосида таълим олаётган оилаларга, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз кексаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, аҳолининг мазкур ҳудуддаги таълим, тиббиёт, маданият ва спорт муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бозорлар ва аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари, банк муассасалари хизмати ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари ҳам ўрганилди.
Аҳоли билан ташкил этилган мулоқотлар давомида Ишчи гуруҳлари томонидан Каттақўрғон тумани, “Мўминхўжа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шахобчаларида тўлов терминаллари етишмаслиги, ҳудуд марказида замонавий ҳаммом қуриш, “Зотхон” қишлоғида қўшимча трансформатор ўрнатиш, ички йўлларни асфальтлаш, 4-сонли мактабгача таълим муассасасини замонавий талаблар асосида қайтадан қуришга эҳтиёж мавжудлиги, Самарқанд шаҳридаги “Фарҳод” шаҳарчасида эса ичимлик суви таъминотида ва кўп қаватли уйлар жойлашган кўчаларни ёритиш борасида муаммолар борлиги, тор доирадаги шифокорлар хизматидан фойдаланиш учун шаҳарчадан 8 км узоқликда жойлашган поликлиникага қатнаш аҳолига қатор қийинчиликлар туғдираётгани, ҳудуддаги Ёшлар спорт майдончаси ва ички йўллар таъмирталаб эканлиги, “Фарҳод” шаҳарчасидан Самарқанд шаҳри йўналиши бўйича автобуслар қатнови етарли даражада ташкил этилмагани аниқланди.
Ўрганишлар якунига кўра Касаба уюшмалари ва ҳамкор жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлари ушбу муаммолар тўғрисидаги таҳлилий маълумотларни ҳудудлардаги мутасаддилар эътиборига ҳавола этиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ муддатли чора-тадбирлар белгиланиши ва ижрога йўналтирилишига эришдилар.
Тадбирнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири шу бўлдики, аҳоли билан мулоқотлар давомида аниқланган қатор муаммолар жойида ижобий ҳал этилди. Хусусан, Каттақўрғон туманидаги “Мўминхўжа” маҳалласида яшовчи фуқаро Мамарасул Жўраевнинг вақтинча иш билан банд бўлмаган фарзандини ишга жойлаштириш масаласи Туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ҳал этилди.
Каттақўрғон туманидаги “Мўминхўжа” маҳалласида яшовчи фуқаро Жонибек Ҳайитовга ўз ҳовлисида қорамол ва чорва боқиш орқали оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиши учун банк ходимларини жалб этган ҳолда имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди.
Самарқанд шаҳридаги оилалар билан мулоқотлар жараёнида “Бунёд” маҳалла фуқаролар йиғини, 57-уй, 15-хонадонда яшовчи фуқаро Хуршида Бурхонованинг набираларини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш масаласи ҳал бўлмаётгани аниқланди. Ишчи гуруҳи томонидан мутасадди ташкилотларга ушбу масалани ҳал этиш бўйича мурожаат этилиб, Х.Бурхонованинг 2 нафар набираси шаҳарчадаги 63-мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди.
Худди шу ҳудуддаги 45-уй, 4-хонадонда истиқомат қилувчи 1950 йилда туғилган фуқаро Юсуфжон Абдураҳмоновнинг ўз саломатлигини тиклаш борасида моддий ёрдамга эҳтиёжи борлиги маълум бўлди. Ишчи гуруҳи томонидан ушбу фуқаронинг эҳтиёжлари шаҳар тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилиб, шаҳар шифохонасида қайта жарроҳлик операциясини ўтказиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.
21 январь куни амалий семинарнинг якуний анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Президентимиз ташаббуслари билан бугун жамиятимиз ҳаётида шиддат билан юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар замирида инсон манфаатлари ва унинг қадр-қиммати тургани, ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсади аҳоли турмуши сифати ва даражасини оширишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
2 кун мобайнида Ишчи гуруҳлари томонидан Самарқанд шаҳри ва Каттақўрғон туманидаги оилалар билан ўтказилган мулоқотлар давомида ўрганилган масалалар, аниқланган муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотлар томонидан белгиланган чора-тадбирлар, улар ижроси бўйича йўлга қўйилган жамоатчилик назорати механизмлари муҳокама этилди. Мулоқотлар давомида аҳоли вакиллари томонидан билдирилган таклифлар, оилаларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича Самарқанд шаҳри ва Каттақўрғон тумани мутасаддилари томонидан кўрилаётган чоралар тўғрисида таҳлилий маълумотлар берилди.
Анжуман якунида амалий семинар тавсиялари қабул қилиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан дастлабки тажриба сифатида Самарқанд вилоятида бошланган ушбу лойиҳанинг мамлакатимизнинг барча ҳудудларида оммалаштирилиши, бунда асосий талаб – ҳар бир хонадонга етиб, муаммолар мавжуд оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўртасида халқ билан мулоқотлар орқали оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, турмуш даражаси, иқтисодий аҳволни холис ўрганиш ва ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати