15.03.2017. Бугунги кунда Республикамизда давом этаётган ислоҳотлар сабабли металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари корхоналарида ҳам янги ишлаб чиқаришлар қурилиши, фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг реконструкция қилиниши натижасида янги технологиялар жорий этилмоқда.
Хавфсизлик даражаси бўйича ҳалқаро стандартлар талабига жавоб берадиган янги асбоб ускуналар ўрнатилмоқда ва ходимларга яратилаётган шарт-шароитлар даражаси кўтарилмоқда.
Иш ўринларида хавфсиз меҳнат шароитлари ҳолатини ўрганиш мақсадида 95% дан ортиқ тизимдаги корхоналарда иш жойлари аттестациядан ўтказилган.
Металлургия ва машинасозлик саноати тармоғи тасарруфидаги корхоналарнинг деярли барчаси халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ОНSAS 18001: 2007 сертификатига, шунингдек «GM-GMS» тизимидаги меҳнат хавфсизлиги ҳолатини кузатиш йўриқномаларига эгадир.
Мазкур тармоқда меҳнат муҳофазаси комиссиялари самарали фаолият юритмоқда. Шунингдек, мингдан зиёд сайланган меҳнат муҳофазаси вакиллари эса, меҳнат муҳофазаси устидан ўрнатилган 3 поғонали маъмурий жамоатчилик назоратининг 1 ва 2-поғоналарида фаол иштирок этмоқдалар.
Тизимдаги корхоналарининг ишлаб чиқариш бўлимлари рахбарлари, меҳнат муҳофазаси мухандислари, меҳнат муҳофазаси вакиллари, касаба уюшма фаоллари иштирокида жорий йилнинг ўтган даврида Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шахридаги корхоналари базаларида анъанавий меҳнат муҳофазасини бошқариш тизимидан касбга оид хавф-хатарни баҳолаш ва уни бошқаришга ўтиш, меҳнат муҳофазаси вакилларини ишларини ташкил этиш ва уларни ўқитиш мавзуларида ўқув-семинарлари ўтказилди.
Касаба уюшмалари томонидан барча ўтказилган ўқув-семинарларда корхоналарнинг вакилларига мустақил тайёрланишлари ва меҳнат муҳофазаси ишларини ташкил этишлари учун ўқув материаллари тарқатилди.
Иш берувчилар ва касаба уюшмалари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида тармоқда бахтсиз ҳодисалар сони камайди.