[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.03.2017. Мустақилик йилларида диёримизда инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида амалда қадр топиб, халқимиз турмуши фаровонлигини ошириш, уруш ва меҳнат фахрийлари, бой ҳаётий тажрибага эга инсонларга эъзоз кўрсатиш, кексаларни қадрлаш ва эҳтиром кўрсатиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари ибратли анъанага айланди. Жорий йилнинг Президентимиз томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилиниши жамиятимиздаги меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Ёшариш ва янгиланиш айёми бўлган Наврўз байрами арафасида музкур йўналишлардаги ишлар янада авж олмоқда.

Ушбу умумхалқ байрамини муносиб кутиб олиш ва намунали ўтказишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Наврўз байрами арафасида бошланғич касаба уюшма қўмиталари ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари томонидан корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат жамоаларида, ҳудудларда, Саҳоват ва Мурувват уйларида, фахрийлар хонадонларида ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари Наврўз байрами муносабати билан 2 минг нафардан ортиқ ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга турли кўринишдаги ижтимоий-иқтисодий кўмак тадбирлари амалга оширилди. 300 нафарга яқин нуронийлар учун республикамиздаги тарихий шаҳарлар ҳамда зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштирилди. “Саховат” ва “Мурувват” уйларида истиқомат қилувчи кекса инсонлар ҳолидан хабар олиниб, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди ва уларга ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.

Ана шундай эзгу тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги “Саховат” уйида ташкил этилди.

Тадбир доирасида ушбу масканда истиқомат қилувчи 140 нафар кекса ва жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун маданий-маърифий дастур намойиш этилиб, хуш кайфият улашилди. Шунингдек, “Саховат” уйи ҳудудига касаба уюшма фаоллари томонидан 1 млн. сўмлик 50 туп мевали ҳамда манзарали дарахт ниҳоллари, 700 туп турли гул кўчатлари экилиб, янги боғ ва гулзор барпо этилди. Ижтимоий муассаса ҳовлисида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Наврўз айёми арафасида ёш оилалар ҳам касаба уюшмалари эътиборидан четда қолмади. Хусусан, ёш оилаларнинг 35 нафар ишлайдиган аъзолари “Умид гулшани” санаторийсига бепул йўлланмалар билан таъминланди.

Меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар онгига Она Ватанга садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳини янада чуқурроқ сингдириш мақсадида касаба уюшма ташкилотлари томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда, тизимдаги санаторийларда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти”, “Наврўз – қадр-қиммат, меҳр-мурувват ва анъаналар тимсоли”, “Миллий қадриятларимиз – беқиёс бойлигимиз” мавзуларидаги “Маънавият соатлари”, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Меҳнат жамоаларида байрам муносабати билан ташкил этилаётган ўзбек халқ ўйинлари ва спортнинг миллий турлари бўйича мусобақалар  турли соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати