18.03.2017. “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг Тошкент филиали бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан маъмурият билан ҳамкорликда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили ҳамда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган “Наврўз қадриятларимиз тимсоли” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон почтаси” АЖ Тошкент филиали ва унинг таркибидаги почта алоқа тармоқлари касаба уюшма фаоллари кекса ва жисмоний имконияти чекланган инсонлар, меҳнат фахрийлари, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар хонадонларига ташриф буюриб, байрам билан қутладилар. Шунингдек, Янгибозор, Охангарон, Бўка, Тўйтепа почта алоқа тармоқлари ва Тошкент филиалида меҳнат қилиб, пенсияга чиққан меҳнат фахрийлари холидан хабар олиниб, байрамона совғалар тақдим этилди.
– Президентимиз Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини кўзлаган ҳолда халқимиз турмуши даражасини янада фаровон этиш мақсадида хайрли ва эзгу ишларни амалга оширмоқдалар, – дея таъкидлади ҳаяжонини яшира олмаган меҳнат фахрийси Мирраим Турсунбоев. – Мана шу эзгу ишлардан биз ҳам баҳраманд бўлмоқдамиз. Мен Янгибозор почта алоқа тармоғида меҳнат қилиб, пенсияга чиққанман. Бугун бизнинг камтарона меҳнатимиз қадр топиб, ҳурмат ва эъзоз кўрмоқдамиз.