24.03.2017. Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таьминлашга қаратилган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлардан бири — иш берувчи билан ходимлар ўртасида тузилган жамоа шартномалари ҳисобланади.
Эътиборли томони, ушбу ҳужжатда корхонанинг иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бир қанча шартлар, шу жумладан, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган қоидаларда кўрсатилганига қараганда имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга тайинланадиган устамалар, муддатдан илгари пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатлари учун компенсациялар, ходимларни ишлаб чиқаришда, уларнинг болаларини эса мактабда ва мактабгача тарбия муассасаларида текин ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, бошқа қўшимча имтиёз ва компенсациялар) ҳам киритилиши мумкин.
Хоразм вилояти Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмалари тармоғига қарашли корхона ва ташкилотларда бошланғичлар иштирокида имзоланаётган жамоа шартномалари сифати йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Муассасаларда жамоа шартномаларининг ўтган йилдаги бажарилиши ва 2017 йилда киритиладиган ўзгаришларга бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтмоқда. «Хоразм палас» МЧЖ, «Хоразмтех» МЧЖ, «Хонқа чевар» МЧЖда, Урганч Олимпия захиралари спорт коллежи, Урганч политехника ва компютер технологиялари каби коллежлар, Урганч, Гурлан, Янгиариқ, Янгибозор туманлари Ободонлаштириш бошқармалари шулар жумласидандир. Уларда тармоқ Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Б.Ибрагимов иштирок этди.
Йиғилишларда корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари ҳисобот беришди. Муҳокамалар асосида жамоа шартномаларига ходимлар ва меҳнат фахрийларининг, ногирон ва эҳтиёжмандларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган янги тадбирлар киритилмоқда. Жорий йил 22 февралда Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017 — 2019 йиллар учун имзоланган Бош келишув асосида жамоа шартномаларига аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатларни, чунончи, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, болали аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш ва қисқартирилган иш вақтини ўрнатиш, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш, уй-жой қурилиши, шунингдек, сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўташга ҳақ тўлаш учун ёш ходимларга фоизсиз ссудалар бериш имтиёзларини киритиш тавсия этилди.
Берилган ҳисоботларда «Соғлом она ва бола йили» давлат дастуридаги айрим йўналишларга эътибор қаратилмагани қайд қилиниб, жорий йилда ушбу йўналишларда фаоллашиш, жамоа шартномасида кўзда тутилган барча шартларнинг тўлиқ ижросини таъминлашга келишиб олинди.