27.03.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан йўлга қўйилган беллашувлар жойлардаги корхона, ташкилот ва муассасалар йиллик дастуридаги муҳим вазифа сифатида ўтказилаётганлиги, таҳсинга лойиқ.
Кези келганда, биринчи босқич баҳсларининг вилоятдаги 2 минг 800 дан зиёд меҳнат жамоаларида ташкил этилганлиги ва 460 мингдан зиёд ишчи-ходимнинг фаол қатнашганлигини таъкидлаш жоиз. Ўтган ҳудудий босқичларда 352 та жамоа вакиллари куч синашиб, энг муносиблар навбатдаги турга йўлланмани қўлга киритди.
Андижон вилоят босқичида барча тармоқлар бўйича 17 та шаҳар ва туманлардан келган ҳаваскорлар спортнинг олти тури бўйича биринчилик учун беллашдилар. Жумладан, волейбол бўйича Марҳамат тумани жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, Балиқчи ва Олтинкўл туманлари вакиллари иккинчи ва учинчи ўринларга муносиб кўрилди. Эркаклар ва аёллар ўртасидаги шахмат, шашка, бадминтон, стол тенниси, сузиш мусобақаларида ҳам ҳар бир йўналиш бўйича уч нафардан пешқадам аниқланди.
Ғолиблар бирлашма томонидан таъсис этилган қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.