[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

20.04.2017. Мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу эзгу ишлар қаторидан яна бир хайрли ташаббус ўрин олди. Яъни, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор жамоат ташкилотлари иштирокида жорий йилнинг 20 апрелидан 26 майигача мамлакатимиз миқёсида ижтимоий ҳимояталаб оилалар ва Меҳрибонлик уйларидан бўлган 620 жуфт келин-куёвларнинг никоҳ ҳамда 3280 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказилмоқда.

Ушбу мақсадларда Касаба уюшмалари Федерацияси мамлакат миқёсида энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилалар, Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг яшаш шароитлари, ҳол-аҳволларини ўрганиб чиқиб, аниқланган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда фарзандларининг суннат ва никоҳ тўйларини ўтказишда кўмакка муҳтож бўлган қатор оилалар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари рўйхатини шакллантирди.

Мазкур хайрия тадбирларидан кўзланган мақсад – республикамиз ҳудудларидаги олис қишлоқ ва овулларда истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариш ва турмуши фаровонлигини ошириш ишларига муносиб ҳисса қўшишдир. Ҳар бир ҳудуд бўйлаб кенг қулоч ёйган мазкур хайрия тадбирлари мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Ҳудудларда ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйлари энг кўркам ва шинам тантаналар саройларида ташкил этилиб, келин-куёвлар ва тўй болалар карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналаримизга мувофиқ кутиб олинмоқда. Никоҳ ва суннат тўйларига келин-куёвлар, тўй болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар таклиф этилган. Тадбирларда шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, эл орасида обрў-эътиборга эга бўлган отахон ва онахонлар, турли ютуқларни қўлга киритиб, давлат мукофотларига сазовор бўлган инсонлар, ибратли оилалар вакиллари, таниқли санъаткорлар, эстрада гуруҳлари, театр ва кино актёрлари, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндорлари, турли танловлар ғолиблари, шоир ва ёзувчилар иштирок этиб, янги оила қураётган ёшларга, суннат тўйлари нишонланаётган  тўй болаларга ўз эзгу ният ва истаклари ила бахт ва омадлар тиладилар.

Ҳар бир туманнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда махсус ишлаб чиқилган тадбирлар дастури турли ҳудудларда ташкил этилаётган хайрия никоҳ ва суннат тўйлари мазмунини янада бойитмоқда. Хусусан, тантаналар давомида тўйлар бўлиб ўтаётган туманга хос миллий анъана ва қадриятларни намойиш этувчи саҳна кўринишлари, ривоят ва маталлар, халқ оғзаки ижодидан намуналар, миллий спорт ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил этилаётгани никоҳ ва суннат тўйларининг ҳар бирига ўзига хос, бир-бирини такрорламайдиган мазмун бахш этиб, кўтаринки кайфиятда ўтишини таъминламоқда.

Никоҳ тўйлари ўтказилаётган ҳар бир келин-куёвга замонавий ётоқхона мебеллари тўплами, тўй болаларнинг ҳар бирига эса китоблар жамланмаси ҳамда Халқ банки бўлимларида болажонлар номига очилган ҳисоб рақамларига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган жамғарма омонат дафтарчалари тантанали равишда топширилмоқда. Бундан ташқари янги оила қурган ёшларга никоҳ узуклари, келин-куёвлар ҳамда тўй болаларга байрамона миллий либослар ва сарполар ҳадя этилмоқда.

Хайрия тадбирларининг яна бир муҳим жиҳати шуки, янги оила қурган ёшларнинг турмуши фаровонлиги уларнинг бандлик даражасига боғлиқ эканлигидан келиб чиққан ҳолда никоҳ тўйлари арафасида келин-куёвларнинг иш билан таъминланганлик ҳолати атрофлича ўрганилиб, тегишли тартибда ёшларни ишга жойлаштириш тадбирлари кўрилди. Иш билан таъминланишга муҳтож бўлган келин-куёвларга никоҳ тўйларида меҳнат дафтарчаларининг топширилиши яна бир ажойиб совға бўлди.

Эзгуликка йўғрилган мазкур хайрия тадбирлари кўнгли ярим инсонлар қалбини тоғ каби юксалтириб, дуога қўл очганлар юрагида меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтирди ва барчани савоб ишлар сари ундади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати