[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.04.2017. Ўзбек халқи яхшилик қилиб, етим-есирларнинг бошини силаб, йиқилганни суяб, ночорга чора, йўлсизга йўл кўрсатиб, бундан  қувонадиган халқдир. Бугун ана шу  қадриятларимиз давлат сиёсати даражасига қўтарилиб, бундан, энг аввало, эл-улус манфаат кўриб, қанчадан-қанча кўнгил иморатлари бут бўлаётгани айни ҳақиқатдир.

Одамларга меҳр-мурувватли  бўлиш, моддий ва маънавий кўмак бериш ўзига хос тарбия мактаби ҳамда авлодлар ва аждодларни боғлаб турган маънавий ришта сифатида  «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури тадбирларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор жамоат ташкилотлари иштирокида ҳудудларда катта шодиёна билан ўтказилаётган хайрия суннат ва никоҳ тўйларида халқимизнинг бағрикенглик ва саховатпешалик фазилатлари намоён бўлмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида ўтказилди. Туман марказидаги байрамона безатилган «Оқсув» тўйхонасида карнай-сурнай садолари барчани тўйга чорлади.  Сарполари ўзларига ярашган 50 нафар тўйбола ҳамда уларнинг яқинлари  юзида қувонч ва ҳаяжон.

Тадбир ташкилотчилари, хусусан,  Қаш­қадарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эсон Ражабов, Китоб тумани ҳокими Рустам Саъдуллаев, Республика «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов,  «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Январ Иноятов ва бошқалар сўзга чиқиб, инсон манфаатлари амалда қадр топган мамлакатимизда савобли ва хайрли ишлар янада кўпайиб бораётганини таъкидлаб, тўйболаларга Ватан корига ярайдиган камарбаста инсонлар бўлишларини тиладилар.

Тўй  болаларга  “Халқ банки” бўлимида улар ҳисобига бир миллион сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари,  бош-оёқ сарпо ҳамда ёш авлоднинг маънавиятини юксалтирадиган, билимини оширадиган «Мен Ўзбекистон фуқаросиман» ва «Сўз сандиқчаси» китоблари топширилди.

Эл севган хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, «Кўзмунчоқ» театр студияси томонидан тайёрланган рақс­лар ҳамда эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қувноқ томошалар даврага байрамона файз ва шукуҳ бағишлади.

— Бугун жуда хурсандман, — деди тўйболалар Шаҳзод ва Шаҳбоз Маликовларнинг онаси Гулчеҳра Алиева. — Давлатимизга, барча ташкилотчиларга мингдан-минг раҳмат!

— Бугунги тўйга «Қайнар» маҳалласидан келдик, — деди маҳалла кўчабошиси Исомиддин Тугалов. — Тўйболалар орасида қайнарлик Миршодбек Нишонов ҳам бор. Тилагимиз юртимиз тинч ва осойиш­та, ҳаётимиз фаровон бўлиб, бошимиз тўйдан чиқмасин. Тўйболаларимиз қатори Миршодбек ҳам она-Ватанига муносиб фарзанд бўлсин.

—   Менга китоблар совға қиишганидан жуда ҳурсанд бўлдим. Чунки, китоб ўқишни яхши кўраман. Келажакда эса ҳарбий бўлмоқчиман, — дейди қувончдан кўзлари чақнаб турган тўйбола Миршодбек Отабеков.

— Бугун Китоб туманидаги 21 та маҳалладан 50 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди, — деди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Китоб туман кенгаши раиси Пўлат Жуманазаров. — Ушбу тўй ана шу жажжигина ўғлонлар хотирасида яхшилик, меҳр-саховат рамзи сифатида бир умр ­муҳрлариб, уларни ҳамиша хайрли ишларга ундаб туришига шубҳа йўқ. Шаҳрисабзда бўладиган навбатдаги хайрия тадбирида туманимизнинг 9 жуфт йигит-қизи ўз никоҳ тўйларини нишонлашади. Демак, эзгулик, меҳр-саховат  тадбирлари давом этади.