26.04.2017. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан бир қатор жамоат ташкилотлари иштирокида жорий йилнинг 20 апрелидан 26 майигача мамлакатимиздаги эҳтиёжманд оилалар ва Меҳрибонлик уйларида тарбияланган 620 жуфт келин-куёвнинг никоҳ ҳамда 3 минг 280 боланинг суннат тўйи ўтказилаётгани юртимизда ҳар бир фуқаро давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканининг амалдаги ифодасидир.
Ушбу хайрия тадбири ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариш, турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишдек олижаноб мақсадга хизмат қилади.
Бухоро туманидаги «Паризод» тўйхонасида вилоятнинг турли шаҳар ва туманларида яшовчи йигит-қизлардан ўн жуфтининг бахт тўйи нишонланди. Байрамона безатилган тўйхонада карнай-сурнай садолари остида келин-куёвларни уларнинг ота-оналари, қариндошлари, жамоатчилик вакиллари анвойи гуллар билан қарши олдилар.
Мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев табриклаб, уларга ҳокимликнинг совғасини топширди. Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ўктам Турғунов ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг бахтиёр ва фаровон яшаши, ҳаётда муносиб ўрин топишига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.
Янги оила қураётган 10 жуфт келин-куёвга никоҳ узуклари, байрамона миллий либос ҳамда сарполар, замонавий ётоқхона мебеллари тўплами совға қилинди. Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идораси томонидан никоҳ гувоҳномалари, тўй арафасида ишга жойлаштирилган янги оила соҳибу соҳибаларига вилоят меҳнат бошқармаси томонидан меҳнат дафтарчалари топширилди.
Даврада тинчлик, Ватан, ёшлик ва гўзалликни тараннум этувчи қўшиқлар янгради. Санъаткорларнинг дилтортар қўшиқлари, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари тантанага янада файз киритди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамда хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсади яққол намоён бўлди.
— Бугунги ғамхўрликдан бошим кўкка етди, — дейди ғиждувонлик меҳнат фахрийси Гулнора Авезова. — Чунки фарзандларим Азизбек ва Лазизбек ўз жуфтлари билан никоҳдан ўтишди. Ҳукуматимиз, касаба уюшмалари ва ҳамкор жамоат ташкилотларига миннатдорлик билдираман.
— Бугун мен ва рафиқам Зубайдахон дунёдаги энг бахтиёр жуфтликмиз, — дейди Туроб Остонов. — Никоҳ тўйимизда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, пойтахтдан келган меҳмонлар иштирок этгани унутилмас воқеа бўлди. Бугунги даврада ҳар бир ёш давлатимиз ва жамиятимизнинг эътиборида эканини янада чуқур ҳис этдик.