04.05.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор жамоат ташкилотлари иштирокида мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйлари давом этмоқда.
Ушбу тадбирлар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Ана шундай хайрли тадбирлардан бири куни кеча Ўрта Чирчиқ туманидаги “Хумо” тўйхонасида бўлиб ўтди. Мазкур тантаналар саройида Юқори Чирчиқ, Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Паркент туманларидан бўлган 8 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи ўтказилди.
Ранг-баранг гуллар билан миллий қадриятларимизга хос безатилган тўйхонага юз-кўзларида бахтиёрлик балқиб турган келин-куёвлар карнай-сурнай садолари остида кириб келдилар. Уларга термулиб турган ота-оналарнинг кўзларида қувонч ёшлари қалқиди. Келин-куёвларнинг оналари номидан Баҳорой ая Султонова сўз олиб, ёшларга эзгу тилаклар йўллади ва дуога қўл очганча мусаффо осмонимиз, тинч-хотиржам ҳаётимиз, оддий одамларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун шукроналар айтди.
- Инсон қадри бу каби улуғланган юрт бу бизнинг Ўзбекистондир, – ҳаяжонини яшира олмай таъкидлади онахон. Бугун юртимизда бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар оддий одамларнинг турмуши фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини амалда кўриб турибмиз. Бу нафақат менинг, балки мана шу даврага йиғилган барча юртдошларимизнинг ҳам қалбида жўш уриб турган изҳордир.
Тадбирларда эл орасида обрў-эътиборга эга бўлган отахон ва онахонлар, турли ютуқларни қўлга киритиб, давлат мукофотларига сазовор бўлган инсонлар, ибратли оилалар вакиллари, таниқли санъаткорлар, эстрада гуруҳлари, театр ва кино актёрлари, шоир ва ёзувчилар иштирок этдилар. Эл ардоқлаган инсонлар ҳам янги оила қураётган ёшларга ўз эзгу ният ва истаклари ила бахт ва омадлар тиладилар.
Нуроний отахон ва онахонлар эса “Илоҳим, қўшганингиз билан қўша қаринг”, “Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз янада фаровон бўлсин”, “Бундай эзгу ишлар бошида турганларнинг умрлари узоқ бўлсин” дея дуолар қилдилар.
Тўй тантаналари давомида ёш келин-куёвларга тўй совғаси – замонавий мебеллар тўплами, никоҳ узуги ва сарполар ҳадя этилди.
– Ўтган йили бошимизга мусибат тушган – отамиз оламдан ўтган эдилар, – дейди янги оила қураётган ёшлардан бири бўлган Эрғали Мўминтоевнинг акаси Эрман Мўминтоев. – Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ экан. Отамиз тўй кунини белгилаб, энди келин тушираман, деган бир пайтда тақдир экан, бу кунларни кўриш насиб этмади. Қарангки, давлатимиз томонидан бксак эътибор кўрсатилиб, оталарча ғамхўрликни туйиб турибмиз. Бугун укамнинг ҳурсандчилиги ичига сиғмаяпти. Тўй ташкилотчилари ёш оила учун нима керак бўлса, ҳаммасини муҳайё қилишди. Ўз фарзандларига бундай эҳтиром кўрсатадиган юрт, давлат раҳбари бошқа жойда бўлмаса керак. Барчаси учун давлатимизга, ҳукуматимизга беҳад миннатдорчилик билдирамиз.
Эзгуликка йўғрилган мазкур хайрия тадбирлари кўнгли ярим инсонлар қалбини тоғ каби юксалтириб, дуога қўл очганлар юрагида меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтирди ва барчани савоб ишлар сари ундади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати