29.05.2017. Мамлакатимизда ёш авлодга турли касбларни пухта ўзлаштириши учун барча шароит яратилган. Айниқса, уларнинг спорт, илму фан, касб-ҳунарга қизиқишларини ошириш мақсадида ўтказилаётган турли тадбир ва кўрик-танловлар ўз самарасини бераётир. Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилаётган «Энг яхши ёш ишчи касб эгаси» танлови ҳам ўсиб келаётган авлодни ишчи касбларга бўлган ҳурмати, касб сир-синоатини эгаллашга бўлган иштиёқининг ўсишига хизмат қиляпти. Куни кеча «Энг яхши ёш ишчи касб эгаси» танловининг вилоят босқичлари ўтказилди.
Уларда танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган, шунингдек, оммавий характерга эга бўлмаган касб эгаларидан 870 нафари иштирок этди. Иштирокчиларнинг билим савияси, касбий маҳорати 2 турда — назарий (тест саволлари асосида) ва амалий (касбий-амалий топшириқлар асосида) синовдан ўтказилди.
Хусусан, Навоий вилоятида билим ва маҳорат даражасига мувофиқ саралаб олинган 110 нафар ёш танловнинг вилоят босқичида иштирок этди. Ҳар бир жараён нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳоланиб, ғолиблар аниқланди.
— Танлов юқори даражада ташкил этилди, — дейди “Сартарошлик ва декоратив косметика устаси” номинацияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритган Диана Байзакова. — Конимех иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида учинчи босқичда таҳсил оламан. Тенгдошларим қатори маҳоратимни синаб кўрдим. Коллежда эгаллаган билимларим ҳакамлар томонидан юқори баҳоланганида жуда қувондим. Танлов доирасида тенгдошларим билан тажриба алмашиб, маҳоратимни янада ошириш имконияти туғилди. Танловнинг республика босқичида ҳам яхши натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Шунингдек, танлов доирасида “Миллий ва бадиий либослар модельери”, “Автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича механик”, “Умумқурилиш ишлари устаси”, “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси”, “Қишлоқ хўжалиги машиналарига хизмат кўрсатиш механиги», «Компьютер инжиниринги техниги», «Дастурий инжиниринги техниги», «Пайвандлаш ишлари техниги», “Ошпазлик” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.
Танлов Самарқандда вилоятида ҳам юқори савияда ташкил қилинди. Унда нафақат якка, балки жамоавий номинациялар бўйича ҳам баҳслар қизғин тус олди. Муайян мутахассислардан иборат ёш жамоалар иқтидор ва маҳоратларини намоён этди. Жумладан, “Қурилиш – пардозлаш ишлари устаси” номинациясида Раванак қурилиш ва саноат касб-ҳунар коллежи, “Пайвандлаш ишлари техниги” йўналишида Пахтачи қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи, “Автомабилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш” йўналишида Самарқанд ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи, “Ошпазлар” номинациясида Самарқанд озиқ-овқат касб-ҳунар коллежи, “Умум қурилиш ишлари устаси” йўналишида Ургут туман Испанза агротадбиркорлик касб-ҳунар коллежи жамоалари вазифаларни тез ва сифатли уддалаши билан ажралиб турди.
— Бежирим ва чиройли либослар одамларга латифлик бағишлайди, — дейди танловнинг “Миллий ва бадиий либослар модальери” йўналиши ғолиби Самарқанд саноат-қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Гулшан Баҳриева. – Шу боис ҳам яратган либосларимда миллий анъаналаримизни акс эттиришга интиламан. Келажакда миллий либосларимиздан тузилган коллекцияларни жаҳон мода ареналарида, подюмларида намойиш қилиш мен учун энг олий мақсадга айланган.
Сирдарёда “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” танловининг вилоят босқичи иштирокчилар фаолиятидан намуналар намойиш қилинган кўргазма шаклида ўтди.
— Пайвандлаш ишларига болалигимдан қизиқишим катта эди, — дейди “Пайвандлаш” номинацияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритган Шаҳзод Абдумўминов. — Турли металларга ишлов бериш, темир бўлакларидан бежирим буюмлар, панжаралар, рўзғорда ишлатиладиган анжомлар ясаш мен учун жуда мароқли. Бундан ташқари, мазкур ҳунар эгаларига ҳозирда эҳтиёж катта. Шу туфайли касб сирларини қунт билан ўрганиб боряпман. Боболаримиз ҳунарли инсон ҳеч қачон хор бўлмайди, деб уқтиришган.
Сирдарёда “Сартарош ва декоратив косметика устаси” номинацияси бўйича ғолибликни Бешбулоқ маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муаттар Муртазоқулова, “Миллий ва бадиий либослар модельери” номинацияси бўйича ғолибликни Боёвут енгил саноат ва агросервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Мавлюда Қодирова, “Компьютер инжиниринги техниги” номинацияси бўйича “Ўзбектелеком” АК вилоят филиали мутахассиси Шоҳруҳ Бийбалаев, “Дастурий инжиниринг техниги” номинацияси бўйича Гулистон компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Акмал Мелибоевлар қўлга киритдилар.
— Мазали таомлар пиширишни ҳар бир ўзбек қизи яхши билиши керак, — дейди “Ошпаз” номинацияси бўйича ғолиб деб топилган Пахтакор маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Чарос Рисқулова. — Танлов доирасида миллий ва хориж ошхонасига хос бўлган турли таомлар, салатлар тайёрладик. Тайёргарлик пайтида эса билимларимизни янада оширдик. Бугун ғолиб деб топилганимдан жуда хурсандман.
Ғолиблар Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиб, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.