14.06.2017. Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан «Касаба уюшмалари — болаларга» акцияси доирасида ташкил этилган қатор тадбирлар ҳудуддаги «Меҳрибонлик» уйлари, мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, юрт осойишталиги йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини қамраб олди.
Юздан ортиқ болажон «Биз — Мустақиллик фарзандларимиз» шиори остидаги саёҳатга олиб чиқилди. Эллик нафар «Меҳрибонлик» уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган оила фарзандлари ва иқтидорли болаларнинг музей, маданият ва истироҳат боғларига ташрифи ташкил этилди. «Адолат» социал-демократик партияси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида таҳсил олаётган спортчи қизлар ўртасида бадиий гимнастика мусобақалари ташкил этилди. Шаҳардаги «Ёминий» МФЙ ҳудудидаги эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 20 нафар фарзандига совғалар улашилди.
— Болажонлар байрамини кўнгилли ўтказиш биз, катталарга алоҳида масъулият юклайди, — дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар кенгаши раиси Бахтиёр Номозов. — Шу муносабат билан шаҳардаги «Болалар ижтимоий маслаҳат маркази», қатор мактаб-интернатларда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Юз нафардан ортиқ кичкинтой театр томошаларига таклиф қилинди.