16.06.2017. 2017 йил 16 июнь куни Ўзбекистон Симпозиумлар саройида мамлакат касаба уюшмаларининг “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида ташкил этилган Форуми бўлиб ўтди.
Анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Камилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенаторлар, Тараққиёт стратегияси маркази, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, йирик корхона, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари, иш берувчилар, Ўзбекистон қаҳрамонлари, таниқли олим ва сиёсатшунослар, барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари, касаба уюшма фаоллари ва аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Форумни ўтказишдан кўзланган мақсад Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда барча даражадаги касаба уюшма органлари ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда касаба уюшма фаолларини Ватанимизнинг порлоқ истиқболи йўлидаги улуғвор мақсадларни амалга ошириш йўлида жипслаштиришдир.
Форум иши анжуман иштирокчиларининг пойтахтимиздаги “Мустақиллик ва эзгулик монументи” пойига гул қўйиш маросими билан бошланди.
Форумнинг биринчи қисмида ташкил этилган 5 та секция йиғилиши “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда Кўмаклашиш дастури” лойиҳаси муҳокамасига бағишланди. Хусусан, секцияларга бўлинган форум иштирокчилари Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналишини ҳаётга татбиқ этишда касаба уюшмалари олдида турган долзарб ва муҳим вазифаларни муҳокама қилдилар ҳамда бу борада ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Жумладан, Форумнинг 1-секцияси ишида Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари, 2-секциясида Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари, 3-секция йиғилишида Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари, 4-секцияда Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, 5-секция ишида Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни касаба уюшмалари ваколатлари доирасида давлат органлари ва иш берувчилар билан ижтимоий шериклик асосида амалга оширилишини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама этилди.
Таъкидлаш зарурки, ўта қизғин руҳда ўтган секция йиғилишлари жараёнида ҳар бир юртдошимизда, шу жумладан, касаба уюшма фаолларида бугунги кунда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайгани, янгича фикрлашлар замиридан давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатда олиб борилаётган изчил ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш иштиёқи ўрин олганлиги намоён бўлди. Секциялар ишида иштирок этган касаба уюшма фаоллари Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир устувор йўналишини амалга ошириш бўйича барча даражадаги касаба уюшма органлари олдида турган аниқ вазифаларни белгилаб олиш билан бирга уларни амалга ошириш механизмлари борасида ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, касаба уюшма фаоллари секциялар ишида иштирок этган иш берувчилар, ижтимоий ҳамкор идора ва ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда ходимларнинг асосий ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олган ҳолда иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш кўламини кенгайтириш, бунда “Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва кучли бўлади” тамойилига амал қилган ҳолда ижобий натижаларга эришиш механизмларини, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини таъминлаш каби тадбирларни амалга ошириш бўйича муҳим вазифаларни муҳокама этдилар.
Хусусан, Форумнинг 1-секциясида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган касаба уюшма фаоллари, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлардан иборат 84 нафар иштирокчи Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири бўлган Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар хусусида қизғин фикр ва мулоҳазалар билдирдилар. Улар томонидан Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиёти, юрт истиқболи ва халқ фаровонлиги учун муҳим ҳужжат эканлиги эътироф этилиб, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшишга оид қатор таклифлар маъқулланди. Ҳар йили меҳнат соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик эшитувларини ўтказиш, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари ижроси борасида парламент ва жамоатчилик назорати уйғунлигини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис палаталари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифлари шулар жумласидандир.
Форумнинг 2-секциясига жамланган 80 нафардан ортиқ иштирокчи билан бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнида билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири деб белгиланган Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини ҳаётга татбиқ этиш борасида касаба уюшмалари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фаоллар томонидан меҳнат жамоаларида ўтказилаётган “Маънавият соат”ларига диний экстремизм, терроризмга қарши курашиш борасидаги тизимли ишларга оид мавзуларни киритиш орқали турли соҳа ходимлари, айниқса, ёшларнинг ёт оқимлар таъсирига тушиб қолмасликларига кўмаклашиш касаба уюшмаларининг бош мақсадларидан бири эканлиги таъкидланди. Шунингдек, касаба уюшма аъзоларининг ҳуқуқий маданияти ва хабардорлик даражасини ошириш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳар бир ҳудудда махсус семинарлар ташкил этиб бориш масалалари муҳокама этилди.
Бугунги кунда касаба уюшмалари тизимидаги Юридик хизматлар вакилларининг корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари билан ҳафтада бир марта бевосита мулоқот ўтказишлари лозимлиги ҳам қайд этилди. Энг муҳими, иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар замирида мана шу азиз юртимиз тараққиётига, элимиз фаровонлигига хизмат қилиш мақсади мужассам эканлигидир.
Анжуманнинг 3-секцияси йиғилиши Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири бўлган Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналиши бўйича белгиланган вазифаларни бажаришда касаба уюшмаларининг ўрни, роли ва иштирокига оид масалалар муҳокамасига бағишланди.
90 нафарга яқин фаоллар иштирок этган секция йиғилишида мазкур йўналиш бўйича касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида жойлардан олинган таклифлар асосида касаба уюшмаларининг мақоми ва ваколатлари, тармоқлар, корхоналар ва ҳудудлар хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиб, йиғилиш муҳокамасига киритилган 40 га яқин аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Секция йиғилишида сўзга чиққан касаба уюшма етакчилари, ходимлари, фаоллари ва мутахассислар ўзларининг амалий иш тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда барча чора-тадбирлар ижросини таъминлаш борасида касаба уюшма ташкилотларининг фаолиятларига оид таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Шу ўринда 3-секция йиғилишида муҳокама этилган чора-тадбирлар Ҳаракатлар стратегиясининг Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишидаги вазифалар моҳиятига уйғун бўлган аниқ манзилли ва муддатли чора-тадбирлар эканлигини алоҳида таъкидлаш зурур. Хусусан, хўжалик юритувчи субъектларда муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, яъни барқарор иш ўринлари, кучли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий мулоқотни таъминлаш, бу орқали Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатларига эришиш, жамоа шартномалари ва келишувларининг таъсирчанлигини ошириш, иқтисодиётнинг реал секторидаги корхоналарда уларнинг мослашувчанлигига эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, касаба уюшмалари сафини кенгайтириш ва уларнинг ҳимоя функцияларини кучайтириш, қишлоқ хўжалиги ва фермер хўжаликларида меҳнат муносабатларини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантиришга, уларда қулай шарт-шароитлар яратилишига кўмаклашиш, бандликни таъминлаш ва меҳнат соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида салмоқли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Билдирилган таклифларнинг барчаси секция иштирокчилари томонидан тўлиқ маъқулланди. Шунингдек, белгиланган вазифалар ҳамда тадбирларни амалга ошириш муддатлари, амалга ошириш механизмлари ҳам муҳокама этилди.
Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича 4-секция ишига ҳам иштирокчилар катта қизиқиш ва масъулият билан ёндошдилар. Секция йиғилиши муҳокамалари қизғин бахс ва мунозараларга бой бўлди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазаларга асосан 18 та бўлим ва 77 та банддан иборат тадбирлар лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Хусусан, мазкур йўналишда касаба уюшмалари олдида турган вазифалар қаторидан ижтимоий шериклик асосида жамоа шартномалари имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф-шартномавий тизимини такомиллаштириш, янги иш ўринлари яратилишига кўмаклашиш ва уларнинг ҳақиқатда яратилганлиги бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолини ишга жойлаштиришда энг аввало ижтимоий заиф қатламларга кенг имкониятлар яратиш тадбирлари ўрин олди.
Касаба уюшмалари дастури лойиҳасидан ўрин олган тадбирлар қаторида ходимларга жамоа шартномалари орқали узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш ва уй-жой қуриш учун фоизсиз ссудалар ажратиш, уруш ва меҳнат фахрийлари, кексаларнинг уй-жой коммунал тўловларини қоплаб бериш ишларини тизимли давом эттириш, меҳнат муносабатлари ва қонунчилиги соҳасида илмий-тадқиқот ишлари ҳамда изланишлар олиб бораётган ёшлар ҳамда мутахассисларни қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалар ҳам қизғин муҳокама этилди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш жойларидаги қўнимлилигини таъминлаш, хусусий тадбиркорлик соҳасида иш бошлаган ёшлар учун меҳнат шартномалари тузилиши, меҳнат дафтарчаларининг расмийлаштирилиши ва белгиланган тартибда юритилиши борасида кўмаклашиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш, барча даражадаги касаба уюшма органлари қошидаги “Ёшлар кенгаши” фаолиятини такомиллаштириш каби тадбирлар лойиҳалари ҳам секция йиғилишидаги муҳокамалар жараёнида иштирокчилар томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мазкур Форуми доирасида қабул қилиниши режалаштирилган “Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда кўмаклашиш дастури” лойиҳасига киритиш учун тавсия этилди.
Ҳаракатлар стратегиясининг Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича 5-секцияси ишида 93 нафар касаба уюшма фаоли иштирок этди. Секция йиғилиши иштирокчилари 10 дан ортиқ диний конфессиялар, 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро ишонч, бир-бирини тушуниш, турли эътиқод ва маданиятларни ҳурмат қилиш сингари бағрикенглик фазилатларини янада чуқурлаштиришнинг аҳамияти беқиёслигини, бу жараёнда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш давр талаби эканлигини алоҳида қайд этдилар.
Секция иштирокчилари муҳокамалар жараёнида жаҳонда диний экстремизм ва ақидапарастлик авж олаётган, миллатлараро тотувликка раҳна солишга ҳаракат қилаётган кучлар мавжуд бўлган бир пайтда Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик халқимизнинг маънавий тимсолига, руҳий қиёфасига айлангани энг катта ютуғимиз эканлигини алоҳида таъкидладилар. Бугунги кунда бу бебаҳо бойликни асраш, янада ривожлантириш учун ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшлар қалбида мафкуравий имммунитетни, маънавий-маърифий салоҳиятни кучайтириш орқали тинч-осуда ҳаётимизни, Ватанимиз Мустақиллиги, халқимиз, фарзандларимиз келажагини кўз қорачиғидек асраш йўлидаги масъулиятни ошириш муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд этилди.
Секция йигилиши давомида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, Жаҳон банки, ҳорижий мамлакатлардаги турдош тармоқ касаба уюшма ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кучайтириш борасида ҳам таклифлар билдирилди.
*** *** ***
Форум ўз ишини Ўзбекистон Симпозиумлар саройида ташкил этилган ялпи мажлисда давом эттирди. Унда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ўрни ва роли муҳокама этилди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиковнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ўрни ва роли” мавзусидаги маърузаси тингланди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” халқимиз томонидан юксак миннатдорлик ва мамнуният билан кутиб олинди, – дея таъкидлади жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиков. – Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган юзлаб ватандошларимиз билан мулоқотларимиз, уларнинг касаба уюшмаларига қилаётган мурожаатларида Юрт раҳбарининг ўз халқига бўлган меҳр-муҳаббати, унинг истиқболи, фаровон келажаги йўлида олиб бораётган ўзгаришлар ва ислоҳотларидан чексиз миннатдор эканликлари изҳор этилмоқда. Форумимиздан кўзланган бош мақсад ҳам жамиятнинг олти ярим миллион нафарга яқин фидойи, ватанпарвар фуқароларини ўз сафларида бирлаштирган касаба уюшмаларининг Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги ўрни, вазифаларини белгилаб олиш, барча касаба уюшма фаолларини юрт тараққиёти йўлида Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган эзгу ишлар рўёби учун бирлаштириш ва бу борада амалий натижаларга эришишдан иборатдир.
Сўзга чиққан ижтимоий ҳамкорлар, вазирлик ва жамоат бирлашмалари вакиллари анжуманнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш борасидаги аҳамиятига алоҳида тўхталдилар.
Форум давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда Кўмаклашиш дастури” лойиҳаси муҳокамаларининг якунлари бўйича секциялар модераторларининг тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди. Анжуман иштирокчилари тақдимотлардан келиб чиққан ҳолда дастур лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирдилар.
Муҳокамаларда сўзга чиққан касаба уюшма фаоллари Ҳаракатлар стратегияси жамиятнинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир фуқароси учун ўзига хос чақириқ, ундов бўлганини, касаба уюшма аъзолари ҳам халқнинг орзу ниятлари рўёбига қаратилган Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда елкадош эканликларини, барча касаба уюшма аъзоларини юрт тараққиёти йўлида бирлашишга чақиришларини таъкидладилар.
Шундан сўнг Форум иштирокчиларининг юрт тараққиёти йўлида бирлашишга ундовчи “Ўзбекистон касаба уюшмалари аъзоларига Мурожаатномаси” ўқиб эшиттирилди. Анжуман иштирокчилари томонидан мазкур Мурожаатнома бир овоздан қўллаб-қувватланиб, қабул қилинди.
Форумда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда Кўмаклашиш дастури” лойиҳаси бўйича иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олинган ҳолда мазкур Дастур тасдиқланди. Дастурдан тармоқ, ҳудудий ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбарларининг салоҳиятини ошириш, жамоа шартномалари ва келишувларини иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашиш нуқтаи назаридан кўриб чиқиш, касаба уюшмалари томонидан олиб бориладиган жамоатчилик назоратининг ягона механизмини шакллантириш, барча бўғиндаги касаба уюшмалари юридик, меҳнатни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимоя, маданий-маърифий хизматлари ишини тубдан такомиллаштириш, касаба уюшмаси аъзоларига бериладиган бепул ҳуқуқий ёрдам кўламини кенгайтириш, ҳар бир ҳудудда табиий, минерал хом ашё, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм тармоқлари корхоналари ва ташкилотларида мехнат қонунчилиги, меҳнат муҳофазаси бўйича мониторинг ишларини кучайтириш, Федерация тасарруфидаги ташкилотлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалалари ҳам ўрин олган.
Форум якунида касаба уюшма фаоллари жондан азиз Ватанимиз Ўзбекистоннинг нурафшон келажаги, порлоқ истиқболи йўлида барча куч ва ғайратларини сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати