21.07.2017. НКМК Шимолий кон бошқармасига қарашли «Сармиш» соғломлаштириш оромгоҳи тоғ бағрида жойлашган. Бу ерда дам олувчи болажонларга ёзни мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Спорт майдончаси, сузиш ҳавзаси, кутубхона улар хизматида. Оромгоҳ ҳудудидан тиниқ сувли сой оқиб ўтади. Бир сўз билан айтганда, «Сармиш»ни кезаркансиз, соя-салқин, сердарахт бу масканда ўғил-қизларнинг яйраб ҳордиқ чиқаришига амин бўласиз.
— «Сармиш» уч навбатда болажонларни қабул қилади, — дейди оромгоҳ раҳбари Маҳбуба Умарова. — Биринчи навбатда 734 нафар ўғил-қиз дам олди. Болажонлар кунига беш маҳал овқатланишади. Тўгаракларда ўзлари қизиққан йўналиш бўйича шуғулланади. Сармишсой тарихидан ҳикоя қилувчи музейимиз, маънавият хоналаримиз мавжуд. Болалар бу ерга исталган вақтда кириб, билимларини бойитиш имконига эга. Дам олувчилар турли танлов ва тадбирларда фаол қатнашади. Улар юзидаги қувончни кўрганда, меҳнатимиз бесамар кетмаётганидан хурсанд бўламиз.
Расм чизиш, ҳайкалтарошлик, «Моҳир қўллар», «Инглиз тилини ўрганамиз» тўгараклари ҳамиша гавжум. «Моҳир қўллар» тўгараги раҳбари Дилором Ҳусенованинг таъкидлашича, қатнашувчиларнинг тасаввур олами жуда кенг. Улар бисерда тўқиган табиат, ҳайвонот дунёси манзаралари чиройли, болаларча ёндашув билан яратилгани сабаб эътиборингизни тортади.
— «Сармиш»га иккинчи марта келишим, — дейди Учқудуқ туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Маржона Қаҳрамонова. — Бу ерда кўплаб дўстлар орттирдим. Азиза, Аяжан, Жасмина билан бисер тикишни ўргандик. Спорт мусобақаларида қатнашамиз. Оромгоҳ менга жуда ёқди.
— Бўш вақтимда китоб ўқишни яхши кўраман, — дейди учқудуқлик яна бир ўқувчи Оғабек Исроилов. — Катта кутубхона бор. Тез-тез шу ерга кириб, тарихий мавзудаги асарларни ўқийман. Яқинда «Широқ» асарини ўқиб чиқдим. Широқнинг ватанпарварлиги, мард ва жасурлигига ҳавасим келди. Келажакда мен ҳам юртга содиқ инсон бўлишга аҳд қилдим. Бу асар ҳақида ўртоқларимга ҳикоя қилиб бердим. Улар ҳам бу китобни ўқишмоқчи.
«Сармиш»да Оғабек сингари юзлаб ўқувчиларнинг кунлари шундай мазмунли ўтаётир. Бундан ташқари, болажонлар компютерлаштирилган инглиз тили тўгарагида ҳам ҳар куни янги сўзлар ўрганишади, бир-бирларига ўргатишади. Қўлда ясалган ҳайкалтарошлик намуналари эса гарчи содда, оддий бўлишига қарамай, болаларнинг орзу-ниятларини мужассам этгани билан гўзал.
— Дастлаб пластилиндан турли шакллар, кейинчалик гилдан ҳайкалчалар ясашни ўргандик, — дейди биз билан суҳбатда тўгарак аъзоси Достон Аъзамов. — Устозимиз Дилдора опа Каримова ишларимиздан хурсанд бўлади, камчиликларимизни кўрсатади. Ясаган ҳайкалчаларимизни оромгоҳда бўлиб ўтадиган кўргазмага олиб чиқиш ниятидамиз.
Дарвоқе, оромгоҳда ҳар мавсумда болаларнинг қўлда ясаган ижодий ишларидан катта кўргазма уюштирилади. Унда болалар мавсум давомида фаолликлари сабаб қўлга киритган «сармишинка» пули билан қатнашиб, ўзларига ёққан расм, ҳайкалчалардан эсдаликка харид қилишади. Бу уларнинг яқинларига совғаси бўлади. Ҳар гал болажонлар «Сармиш»дан уйларига мана шундай ажойиб туҳфа, энг муҳими, унутилмас таассурот билан қайтишади.