31.07.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови тармоқ касаба уюшмалари фаолиятини янада жонлантириш, иш юритишда қўлланиладиган юридик, меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, бошланғич касаба уюшма қўмиталари фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган ушбу танловда аъзоларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш ишларини юксак даражада йўлга қўйган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари сараланиб, уларнинг тажрибалари намуна сифатида кенг оммалаштирилмоқда.
Куни кеча Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Байтқўрғон Арипов” фермер хўжалигида Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси тизимида мазкур танловнинг Республика босқичи бўлиб ўтди.
Таъкидлаш зарурки, 4 босқичда ташкил этилган мазкур танловнинг қуйи босқичларида барса ҳудудлардан 3 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилоти иштирок этди. Улар орасидан саралаб олинган энг намунали бошланғич ташкилотлардан 28 таси Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
Республика босқичида иштирок этган бошланғич ташкилот етакчилари ўз фаолиятлари юзасидан тайёрланган тақдимот ҳамда кўргазмали материалларни танлов комиссияси ва йиғилганлар эътиборига ҳавола этдилар.
Тадбир сўнгида Комиссия хулосаларига кўра танловда иштирок этган касаба уюшма қўмиталари орасидан саралаб олинган ғолиблар эълон қилинди.
Танлов шартларига кўра аъзолари сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ичида 3-ўрин “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси касаба уюшма қўмитасига, 2-ўрин “Баҳовуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуаси маркази бошланғич касаба уюшма қўмитасига, 1-ўрин эса “Китоб ўрмон хўжалиги” касаба уюшма қўмитасига насиб этди.
Аъзолар сони 100 нафардан зиёд бўлган касаба уюшма қўмиталари ўртасида 3-ўринга Қорақалпоғистон мелиоратив экспедицияси касаба уюшма қўмитаси, 2-ўринга “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари хавза бошқармаси насос станциялари энергетика ва алоқа бошқармаси касаба уюшма қўмитаси, мутлоқ ғолибликка эса “Қаландардўрман” қишлоқ фермер хўжаликлари касаба уюшма қўмитаси муносиб деб топилди.
Иккала йўналишда ҳам биринчиликни қўлга киритган бошланғич касаба уюшма қўмиталари танловнинг якуний босқичига йўлланма олдилар.
Барча ғолиб ва совриндорлар Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг диплом ва ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати