09.07.2017. Меҳнат муносабатларини тартибга солишда икки жиҳат — болалар меҳнати ҳамда ишга мажбурий ёллашга йўл қўймаслик долзарб масала ҳисобланади. Ишчи таклиф этилган иш ва унга доир шароитлар ҳақида барча маълумотга эга бўлиши, ихтиёрий равишда розилик бериши шарт. Маълумотлар тақдим этишда ёлғончилик ва фирибгарликка, розилик олишда эса мажбурлаш ёки дўқ-пўписага йўл қўйилмаслиги зарур.
Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фермерлар салоҳиятини ошириш мавзусига бағишланган семинарда мана шу жиҳатлар муҳокама марказида бўлди. Бирлашма кенгаши раиси Қодиржон Парпиев кун тартибидаги масаланинг аҳамияти, қонунчиликда кўзда тутилган тартиб-қоидалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди. Бу борада вилоятда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижалари ҳақида маълумотлар берилди.
Семинарда Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Геше Карренброк ўзи фаолият юритаётган ташкилотнинг мақсад ва вазифалари ҳамда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш меъёрлари бўйича халқаро ва миллий қонунчиликдаги асосий тушунчаларга эътиборни қаратди.
Қайд этилганидек, Халқаро меҳнат ташкилоти фаолияти уч томонлама ҳамкорликка асосланган. Иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг бирлашмалари ҳукуматларнинг меҳнат соҳасидаги сиёсий йўналишини белгилаш, иқтисодий дастурларини шакллантиришда улар билан тенг овозга эга. У мазкур соҳадаги асосий ҳуқуқларнинг минимал стандартларини белгиловчи меъёрларни ишлаб чиқадиган ҳамда конвенция ва тавсиялар шаклида қабул қиладиган халқаро муассасадир. Ўзбекистон 1992 йили ушбу ташкилотга аъзо бўлган, ҳозирга қадар 14 та конвенция ратификация қилинган.
Семинар доирасида ишга ёллаш жараёнида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қалтисликларини англаш ва уларнинг олдини олиш масалалари бўйича амалий машғулот ўтказилди. Ноанъанавий ёндашувлар асосида иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари синалди.