[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.08.2017. Президентимиз «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрнини юқори босқичга кўтарганлиги билан аҳамиятлидир.

Бу муҳим ҳужжат мамлакатимизда маънавий-маърифий жараёнларни изчиллик билан амалга ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларимизнинг баркамол бўлиб тарбияланиши учун зарур бўлган шарт-шароитларни янада кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Темир йўл тизимидаги Марказий касаба уюшма кутубхонаси ташкил этилганига 66 йил бўлди. 1951 йилда асос солинган ушбу зиё маскани ҳозирда соҳа ходимлари ва шу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли билан доим гавжум. Марказий касаба уюшма кутубхонаси минтақавий темир йўл узелларининг Ховос, Андижон, Қарши, Термиз, Қўнғирот станцияларидаги филиал кутубхоналарни бирлаштиради. Уларда 99 минг 546 та китоб фонди мавжуд бўлиб, йилига 6 минг 344 нафар китобхонга хизмат кўрсатилади.

Марказий касаба уюшма кутубхонасида абонемент, ўқув зали, кўчма кутубхона фонди, комплектлаш ва қайта ишлаш бўлимлари мавжуд. Марказий кутубхона 47 минг 389 та китоб фондига эга бўлиб, турли мавзулардаги китоблардан ташкил топган. Йилига 3 мингга яқин китобхонга хизмат кўрсатилади. Китоб фонди ҳар йили янги нашрдан чиққан китоблар билан бойитиб борилади. Мисол учун, бу йил бошидан буён 237 та янги адабиёт харид қилинди.

Ҳар йили тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан касаба уюшма кутубхоналари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини бойитиш мақсадида маблағ ажратилади.

Бугунги кунда улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган темирйўлчиларнинг иш жойларига бориб кўчма кутубхона бўлими орқали хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилган.

Кўчма бўлимда 18 та кутубхона пункти, учта абонемент гуруҳи ва иккита ўқув зали иш олиб боради. Кутубхоначилар адабиёт тарғиботининг турли усулларидан фойдаланишяпти. Айниқса, кўчма ўқув залининг иши темирйўлчиларга маъқул келмоқда. Кўчма ўқув зали Вагон депо, Йўл электротехник лаборатория, «Темирйўлёнилғитаъмин» АЖ, «Тошкент» минтақавий темир йўл узели ҳудудий касаба уюшма қўмитаси каби корхоналарда тушлик маҳали хизмат кўрсатаётир.

Шунингдек, темир йўл тизимидаги «Сиҳатгоҳ» санаторий-профилакторийсида кўчма кутубхона пункти ташкил этилган бўлиб, дам олишга келган темирйўлчилар ўзлари қизиққан адабиётларни ўқиш имкониятига эга бўлмоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тизимидаги болалар оромгоҳлари учун ҳар йили мавсум олдидан янги адабиётлар етказиб берилаётир. Шу билан бирга, ҳар бир мавсумда тизимдаги «Қибрай», «Янги авлод», «Бурчи-мулло», «Темирйўлчи» ва «Дўстлик»  оромгоҳларида китобсеварлар кўргазмалари ва турли мавзуларда тадбирлар ташкил этилади. Жорий мавсумда ушбу масканларда ўтказилган «Китоб — ақл чироғи» мавзуидаги тадбирда болажонлар китоблар кўргазмаси, қизиқарли викториналар, «Китоб — менинг дўстимдир» расмлар танловида қатнашди. Фаол ва ғолибликни қўлга киритган ўғил-қизларга эсдалик совғалари топширилди.

Бугунги кунда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбарияти  ва тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан кўрсатилаётган эътибор ва  ғамхўрлик самарасида кутубхонамизда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Кутубхонанинг замонавий шаклини яратиш мақсадида беш мингдан ортиқ адабиётлар электрон каталогга киритилди.

Кутубхонада кўп йиллардан бери ишлаб келаётган Марина Ибрагимова, Людмила Шпак, Зуҳра Саидова каби мутахассислар ёш кадрларга соҳанинг барча сир-асрорини ўргатиб келишмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Марказий касаба уюшма кутубхонасида  темирйўлчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг маънавий-маърифий билимини ошириш мақсадида турли мавзуларда тадбирлар уюштирилмоқда. Айниқса, болалар ва ўсмирлар ўртасида китобга меҳр уйғотиш мақсадида турли учрашувлар, таниқли адиблар билан суҳбатлар ва танишув кечаларини ўтказиш анъанага айланган.

Мухтасар айтганда, аҳолини, темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзоларини китоб ўқишга жалб этиш, кутубхона китоб фондини ошириш, ахборот хизмат кўрсатиш даражасини кўтариш мақсадида турли илғор усулларни жорий этиш, китобхонларни китоб, журнал ва газеталарга бўлган талаб ва эҳтиёжларини тўла қондириш мақсадида кутубхона жамоаси тинмай изланмоқда.