31.08.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз Мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида диёримизнинг ҳар бир ҳудудида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” ғоясини ўзида мужассам этган маданий-маърифий тадбирлар, “Маънавият соатлари”, учрашувлар ва Давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги туманлар, маҳалла гузарлари, меҳнат жамоаларида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирлар доирасида қатор ижтимоий акциялар ҳам ўтказилмоқда.
Ана шундай ижтимоий акциялардан бири жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Тошкент шаҳрида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилди. “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида соғлиқни сақлаш ходимлари ўртасида тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиена соҳасидаги ишларни кучайтириш, ёш оналар ва болаларнинг турмуш даражасини янада оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган мазкур акция республикамизнинг барча ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган ва эҳтиёжманд оилалардан бўлган ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини қамраб олди.
Байрам арафасида ўзига хос туҳфа бўлган хайрли тадбирлар аввалида касаба уюшмалари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари хамкорлигида ўтказилган тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тиббий хулосалар асосида қандли диабет касаллигига чалинган репродуктив ёшдаги аёллар ва туғма эшитиш қобилияти паст бўлган болалар рўйхати шакллантирилди. Шундан сўнг тиббий кўмакка мухтож, қандли диабет касаллигига чалинган, туғма эшитиш қобилияти паст бўлган 300 нафарга яқин репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда 14 ёшгача бўлган болалар хонадонларига касаба уюшма фаоллари ташриф буюриб, уларга ёрдамчи техник воситалар, эшитиш ва глюкометр аппаратлари (тест полоскалари) топширилди. Эндиликда улар тақдим этилган глюкометр аппарати ёрдамида қон таркибидаги қанд миқдорини 30 сонияда аниқлаш, шунингдек, эшитиш даражасини ошириш имконига эга бўлдилар.
– Бугунги тадбирдан кўзланган – мақсад жисмоний имконияти чекланган ўғил-қизлар ва қанд касаллигига чалинган репродуктив ёшдаги аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу орқали соғлом онадан соғлом бола тамойили асосида амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшишдир, – деди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Гўзал Тўхтаева. – Хусусан, бугун тақдим этилган глюкометр ёрдамида қон таркибидаги беморлар қанд миқдорини 30 сонияда аниқлаш имконига эга бўладилар. Шунингдек, эшитиш қобилияти паст бўлган инсонларнинг хаётга бўлган қизиқишларини ошириш орқали ёш оналар ва болаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга кўмаклашишни мақсад қилганмиз.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтиришга кўмаклашиш йўналишларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилмоқда. Шунингдек, тармоқ тизимидаги муассасаларда самарали меҳнат қилиб келаётган соҳа ходимлари муносиб тақдирланиб, қишлоқ жойларида яшовчи ёш оилалар вакилларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ишловчи аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хотин-кизлар меҳнатини ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги ишлар тармоқ касаба уюшмасининг доимий назоратида бўлиб, ушбу вазифалар тегишли вазирлик ва муассасалар билан имзоланган тармоқ Келишувлари ҳамда 1100 га яқин муассасадаги жамоа шартномалари орқали тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати