[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

15.09.2017. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, дейдилар. Касаба уюшмалари давлат идоралари ва ходимлар ўртасида кўприк вазифасини ўтаётгани кўплаб муаммоларнинг жойида ечим топишини таъминламоқда. Қолаверса, аҳоли дардини эшитмас, билмас  эканмиз, қандай қилиб юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўша оламиз, қандай қилиб ёшлар, аёллар манфаатини ҳимоя қила оламиз?

Ушбу фикрларга таянган касаба уюшмалари мутасаддилари вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси, халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгаши депутати Равшан Жабборов бошчилигида чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли билан мулоқот уюштириш мақсадида, хонадонларга ташриф буюрди. Қўшкўпир туманидаги ўозовот, Ших, Оқдарбанд, Ўртаёп қишлоқлари шулар жумласидандир.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар аста-секин ўз самарасини кўрсатаётир. Маҳаллаларда гузар хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди. ўозовот, Ўртаёп қишлоқларида бунёд этилган бозорлар, айтиш мумкинки, аҳоли фаровонлигини ошириш томон ташланган қадам бўлди. Тадбиркорлар сони ортмоқда, «Гўзаллик салон»лари аёллар хизматида. Қишлоқ аҳли ушбу йилнинг номланиши ва инсон манфаатларини таъминлаш борасида илгари сурилаётган истиқболли режалар хусусида қувониб гапирдилар.

Ўзаро мулоқотлар чоғида кам таъминланган оилаларга алоҳида эътибор қаратилди. Яшаш шароитлари ўрганиб чиқилди. «Меҳнатобод» маҳалласида яшовчи Зуҳра Аҳмедованинг оиласи боқувчисини йўқотган, ўғли Муроджон 1-гуруҳ ногирони. Касаба уюшмалари ҳамда тадбиркорлар ҳомийлигида оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Юқорида тилга олинган қишлоқларда жами 12 та хонадон ўз боқувчисини йўқотгани, эҳтиёжманд эканлиги маълум бўлди. Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан улар маиший техника воситалари билан таъминланди.

Ичимлик суви етиб бормаётган маҳаллалар ҳисобга олинди, бошқа жамоат ташкилотлари туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда уларга транспорт орқали ичимлик суви етказиб бериш масаласи ҳал қилинди. Шунингдек, томорқалардан фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш хусусида тавсиялар берилди. Юридик хизмат бўлими томонидан ҳуқуқий тарғибот ҳам ўтказилди. Президентимиз таъкидлаганидек, «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз». Бинобарин, ушбу тамойилни рўёбга чиқариш учун халқ ичида бўлиб, мулоқот олиб бориш лозим бўлади. Ўйлаймизки, саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз натижасини беради.

Отаназар  ҚУРБОНБОЕВ,

АСМ ходимлари касаба уюшмаси Қўшкўпир туман кенгаши раиси, 

Меҳрибон ТИЛЛАЕВА,

халқ депутатлари  Қўшкўпир туман кенгаши депутати