16.10.2017. Мамлакатимиз касаба уюшмаларининг асосий эътибори ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат, ижтимоий ҳимоя йўналишлари, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда.
Вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони йилдан-йилга ортиб бораяпти. Уларда ишлаётганларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиз сирасидан.
Нодавлат сектор корхоналарининг ютуқларини эътироф этиб, камчиликларини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида барча тармоқлардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда янги касаба уюшма ташкилотларини тузиш ва ходимларни унинг хизматига олиш масаласи бугунги кунда энг устувор йўналишлардан бирига айланди. Амалга оширилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида биринчи ярим йилликда 530 та ташкилот ва 2860 нафар аъзо касаба уюшмасига қабул қилинди.
Ташкилотларда ишлаётган ходимларнинг салоҳиятини ошириш, тизимга билимли, етарли тажриба ва малакага эга бўлган, ташаббускор кадрларни жалб этиш, раҳбарлик лавозимларига тавсия этилаётган номзодларнинг етакчилик қобилиятини баҳолашга тўғри ва ҳаққоний ёндашиш лозим. Шу боис ҳам тизим фаоллари касбий малакасини мунтазам ошириш доимий эътиборимизда. Хусусан, 58 нафар касаба уюшма фаоли ўз малакасини масофадан туриб, яъни интернет алоқа тармоғи орқали оширди.
Касаба уюшмалари тизимидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш юзасидан ўқув-семинарлар ташкил этилди. Уларда 210 нафар фаол малака ва кўникмага эга бўлди.
Мурожаат қилувчининг катта умид билан эшик қоқишини бирлашма ҳуқуқшунослари яхши англайди. Биринчи ярим йилликда қабул қилинган 87 та мурожаат жойида ҳал этилди ҳамда тегишли тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Ҳозирги кунда вилоят ҳокимлиги, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси ўртасида 2017 — 2019 йилларга мўлжаллаб тузилган Ҳудудий келишув амал қилмоқда. Ҳисобот даврида бирлашманинг Жамоатчилик экспертизаси комиссиясига экспертизадан ўтказиш учун амал қилиш муддати тугаган 17 та жамоа шартномаси лойиҳаси келиб тушди ва тегишли хулоса берилди.
1391 та жамоа шартномасига ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш талаби киритилган.
1584 та корхона, ташкилот ва муассасада қабул қилинган жамоа шартномаларида ходимларга асосий узайтирилган таътиллар берилиши назарда тутилган бўлиб, ушбу имтиёздан фойдаланганлар 11 249 нафарни ташкил этди.
Жамоа келишувларида меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари аниқ ифода этилган, ходимларнинг иш ва дам олиш вақтига эътибор қаратилиб, узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатилган.
Тармоқ (тариф) келишувларида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан юқорироқ тўловларни ўрнатиш тартибини белгилаш, тармоқ хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа жиҳатларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар келтирилган. Ижтимоий кафолатлар, соғлиқни сақлаш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, шу жумладан, болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган. Ижтимоий йўналтирилган давлат дастурларини бажариш доирасида охирги йилларда келишувлар орқали уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронлар, кўп болали, эҳтиёжманд ва ёш оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларнинг маданий дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари билан 2017 йилга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси имзоланишига эришилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси, туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан ўтказилган 28 та «Бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлари ярмаркалари»да касаба уюшма ташкилотларининг фаол иштироки таъминланди. Ярмаркада 589 та корхона, ташкилот ва муассаса 4470 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Бунинг натижасида 307 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан 133 нафари ишли бўлди. Шунингдек, касаба уюшма ташкилотлари вакиллари томонидан 656 нафар фуқаро, шу жумладан, 440 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчисига меҳнат қонунчилиги ва бошқа масалаларда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Тармоқ касаба уюшмаларининг хизматида бўлган 350 та корхона, ташкилот ва муассасада иш берувчилар томонидан энг кам иш ҳақи меъёрларига амал қилиниши ҳолати ўрганиб чиқилди. Бу борада иш берувчиларга тушунчалар берилди.
Бирлашма томонидан ҳар ойда мунтазам равишда иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликка йўл қўйган корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига қарздорликни қисқартириш чораларини кўриш юзасидан тегишли талабномалар киритилмоқда. Натижада, кечиктирилган иш ҳақи тўлаб берилишига эришилаяпти.
Меҳнаткашларнинг ишдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида касаба уюшмаларида катта тажриба тўпланган. Ходимларни соғломлаштириш, спортга жалб қилиш, миллий маънавиятимизни тарғиб қилиш, «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Байрамлар муносабати билан 50 нафар нуронийнинг Тошкент шаҳри ва Хўжамушкентдаги зиёратгоҳларга саёҳати уюштирилди. «Нуронийлар эъзозимизда» патронаж ёшлар ҳаракати доирасида маҳаллаларда истиқомат қилувчи кўмакка муҳтож кексалар, имконияти чекланганлардан 22 нафарининг коммунал тўловлари бирлашма томонидан тўлаб берилди.
Уч босқичли «Спорт — саломатлик гарови» шиори остида спартакиада мусобақалари ташкил этилиб, унда қарийб 2000 нафар ҳаваскор иштирок этди. Иштирокчиларга касаба уюшмаларининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, ходимлар ўртасидаги «Саломатлик сари» республика югуриш марафонининг вилоят босқичи ўтказилиб, тадбирда учта ёш тоифаси бўйича 600 нафарга яқин ишчи-ходим қатнашди.
Соғломлаштириш мавсумида 3 та оромгоҳда 626 нафар бола ҳордиқ чиқарган бўлса, шундан 98 нафари касаба уюшмалари ҳисобидан имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди.
Вилоятдаги бошланғич ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, авваламбор, меҳнаткашлар манфаатига қаратилган. Албатта, ҳали бажарилиши зарур бўлган вазифаларимиз, олдимизга қўйган мақсадларимиз бисёр. Шунга мувофиқ фаолият самарадорлигини янада оширишга эътибор қаратган ҳолда эл фаровонлиги, юрт ободлиги ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлида барча имкониятларни сафарбар этамиз.
Камолиддин ОҚБЎТАЕВ,
Сирдарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси