18.10.2017. Унитар корхонамизда ишчи-ходимларнинг бўш вақтларига мазмун киритиш мақсадида турли давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш анъана тусига кирган. Амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамияти ҳақида ходимлар атрофлича тушунча ҳосил қилишлари учун ҳар ойда икки марта Маънавият соати ўтказилади.
«Ғоявий ва мафкуравий хуружларнинг олдини олиш — жамият барқарорлигининг кафолати», «Тарихсиз келажак йўқ», «Миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик — энг катта бойлигимиз», «Китоб — маънавият бешиги» каби мавзулардаги маърузалар тингловчилар томонидан илиқ кутиб олинди.
«Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурига асосан меҳнат жамоасида «Мустақиллик йилларида эришган энг катта бойлигимиз — халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик», «Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотлар ва уларнинг аҳамияти» мавзуларига оид чиқишлар, айниқса, катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, байрам муносабати билан ходимлар ўртасида «Саломатлик сари» шиори остида спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақа ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар касаба уюшма қўмитасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Меҳнатда бошқаларга ўрнак бўлган, фаол ишчи-хизматчилардан бир гуруҳи учун юртимизнинг энг сўлим ва гўзал гўшаларига, Урганч, Хива, Самарқанд каби тарихий шаҳарларга саёҳат уюштирилди.
Кузатишлар шуни тасдиқламоқдаки, касаба уюшма бошланғич ташкилотининг ишчи-ходимлар ва хизматчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун амалга ошираётган ишлари, тадбирлари уларнинг янада фаолроқ фаолият олиб боришига хизмат қилмоқда.
Нодира Хўжамқулова,
Зомин тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси