[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.11.2017. Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги олдидан

Мамлакатимиз Президентининг «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори эзгу тадбирларнинг бошланишига асос бўлди.

Кўп ўтмай Вазирлар Маҳкамасининг Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов хиёбонини реконструкция қилиш ҳамда эл суйган шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонларини барпо этишга доир фармойишлари эълон қилинди.

Айни вақтда ушбу хиёбонларда «Агростандарт плюс» МЧЖ бунёдкорлари реконструкция ва қурилиш ишларини поёнига етказишаяпти. 6,4 гектар майдон тупроғи янгиланди, 3 та артезиан қудуғи ковланди, қувурлар ётқизилиб, пуркаб суғориш тизимига асос солинди. Ҳудудга Бельгиядан келтирилган 1400 туп Аризона сарви, қора ва тоғ қарағайи, қорақайин, лола дарахти каби йигирмадан ортиқ турдаги дарахтлар ўтқазилди. Айланаси 24 метрдан иборат, 20 метр баландликка отиладиган фаввора бунёд этилди. Унинг рўпарасида эса атоқли давлат арбобининг ҳайкали ўрнатилади. Хиёбонга туташ «Ўзбекистон» меҳмонхонаси  реконструкция қилиниб,  тўрт юлдузлига айлантирилди.

Шароф Рашидов хиёбонининг ёнгинасида жойлашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонида ҳам ишлар ниҳоясига етмоқда. Бир минг 24 туп қорақайин, қорақайин барг­ли эман, лола дарахти, оқ ва қизил сакура, жануб қайрағочи каби манзарали дарахтлар, шунингдек, 191 туп япон беҳиси, зирк, ҳинд сирени, переканта сингари бутасимон дарахт­лар экилди.

Хиёбон марказида Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг  ҳайкали ўрнатилади.

Ҳудуддаги бир қанча эски биноларнинг бузилиши Жиззах шаҳридаги қадимий иншоотлар сирасига кирувчи Хўжа Нуриддин мадрасасининг олд томонидан тўла намоён бўлишига шароит яратди. Айни вақтда мадраса  таъмирдан чиқарилди. Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи, 50 минг китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, она тили ва адабиёти фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 ўринли мактаб-интернат барпо этилди.

Шароф Рашидов музейи биноси реконструкция қилиниб, олд қисмига 6 метрлик ойнаванд айвон қурилди.

Шароф Рашидов туғилиб ўсган кўча ҳам ободонлаштирилиб, уйларнинг мутаносиблиги таъминланди.

Ўзбекнинг суюкли фарзандига ана шундай эҳтиром кўрсатилмоқда…

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан сана муносабати  билан жойларда турли  маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ҳамда  спорт мусобақалари  ўтказиб келинмоқда.

Шундай тадбирлардан бири  «Зомин» санаторийсида бўлиб ўтди. «Шароф Рашидов — атоқли давлат арбоби ва таниқли ёзувчи» мавзуидаги маданий-маърифий анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Жиззах вилояти ҳамда Зомин тумани ҳокимликлари, Санатор-курортлар бошқармаси масъул ходимлари, меҳнат фахрийлари, олимлар, ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар, шунингдек, Шароф Рашидовнинг фарзанди, ­кимёгар олима, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, Республикада хизмат кўрсатган фан арбоби Сайёра Рашидова,  унинг  яқин қариндошлари, вилоят ва туман жамоатчилиги вакиллари  иштирок этишди.

Тадбир қатнашчилари дастлаб сиҳатгоҳ биносининг биринчи қаватидан жой олган музей экспонатлари билан танишдилар. Бу ердаги «Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017 — 2021 йилларда бешта устувор йўналишлар бўйича Ҳаракатлар стратегияси», «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати», «Шароф Рашидов — буюк сиймо», «Саховатли замин — тараққиёт йўлида», «Зомин» сиҳатгоҳининг солномаси» каби бўлимлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Анжуманни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев очар экан,  республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг  ёрқин хотираси улуғланаётганлиги қалбларда алоҳида фахр ва ғурур ҳиссини уйғотаётганлигини,  китобларимиз жавонидан адибнинг «Сайланма»си,  унинг умр йўли ва фаолиятига бағишланган «Халқимизнинг оташқалб фарзанди» номли хотира китобининг жой олажаги,  ҳаёти ва ижтимоий-ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли филм яратилиши, хотира тадбирларининг ўтказилиши  ҳам чуқур рамзий маъно касб этажагини таъкидлади.

Сўзга  чиққан ёзувчи ва журналист Саид­акбар Ризаев қайд этганидек, халқимизнинг оташқалб фарзанди чўлларни ўзлаштириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Навоий, Янгиер, Гулистон, Учқудуқ, Зарафшон сингари шаҳарлар яйдоқ чўл ўрнида барпо этилди… Табиий офат — зилзиладан сўнг Тошкент шаҳри батамом янгидан тикланиб, замонавий қиёфада қад ­ростлади…

Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Сайид, Маҳмуд Тоир, шоира Сайёра Тўйчиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов, Сайёра Рашидова, ЎзКУФ санатор-курортлар бошқармасининг маданий-маърифий ишлар бўйича мутахассиси Маҳмуда Мурзаева сўзга чиқиб, буюк инсонга ўзларининг чексиз ҳурмат-эҳтиромларини билдиришди. Шоирлар шеърларидан намуналар ўқишди.

Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб ишланган ҳужжатли филм ­намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Шароф Рашидов шеърлари билан айтилган  ҳамда она-Ватанни, унинг табиатини, севги-муҳаббатни мадҳ этувчи дилрабо қўшиқлар анжуман иштирокчиларига хуш кайфият улашди.

Шу ўринда «Зомин» сиҳатгоҳида ўз саломатликларини мустаҳкамлаётган юртдошларимизнинг  айримларининг фикрига қулоқ тутамиз.

Жамолхон ВаҚҚосов, Наманган шаҳридан:

— Муҳтарам Президентимизнинг  «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори миллионлаб юртдошларим қатори мени ҳам ғоят қувонтирди. Мазкур қарор ўтганлар руҳига чуқур ва самимий миннатдорлик туйғуси ила суғорилганлиги билан ғоят аҳамиятли деб ҳисоблайман.

Асатулла РаҲматов, Жиззах шаҳридан:

— Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилгани, ушбу туманда унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш, Жиззах шаҳрида мемориал уй-музейининг очилиши, бошқа шу каби  қатор ташкилий тадбирлар замирида халқимиз, айниқса, ёш авлодни атоқли давлат арбоби ва адибнинг фаолияти билан яқиндан таништириш имкони берилиши халқимиз хоҳиш-иродасининг яққол намойишидир.

Нурилла ЙЎлдошев, Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани:      

— Шароф Рашидов яшаган ва ишлаган муҳит ўзининг қарама-қаршиликларга ниҳоятда тўлалиги, мураккабликлари билан ажралиб туради. У ўз сиёсатида марказ ва Ўзбекистон манфаатлари мувозанатини ушлаб туришга эриша олганлиги билан ҳам буюкдир.

Халқимизнинг буюк фарзанди ҳақидаги тарихий ҳақиқатни бугун барча, айниқса,  ёшларимиз  тўлиғича англашлари бугунгидек тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.