13.11.2017. Ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ҳар бир фуқарода имконият мавжуд. Шунга мувофиқ, тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари кун сайин кўпайиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, касаба уюшмалари зиммасига ишловчилар манфаатидан келиб чиққан ҳолда янги вазифалар қўяди. Лекин… Бунинг учун, аввало, тадбиркорга касаба ушмалари нима беришини асослаш керак бўлади.
Ушбу йўналишда асосий масъулият Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси зиммасида.
Гурлан туман кенгаши 44 та бошланғич ташкилотни бирлаштиради. Улар учта касб-ҳунар коллежи, туман ободонлаштириш бошқармаси, учта бозор, савдо, умумовқатланиш, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар… Аъзолар сони 5618 нафар.
— Янги ташкил этилаётган нодавлат сектори корхоналарида касаба уюшма ташкилотини тузиш, жойларда аъзолик афзалликларини тарғиб қилиш, ишловчи ходимларни касаба уюшмаси аъзолигига жалб этиш мақсадида кўплаб тадбирлар уюштиряпмиз, — дейди тармоқ ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Малика Ўрозбоева. — «Ягона дарча» орқали янги рўйхатга олинган ҳар бир юридик шахс назаримиздан четда қолмайди. Тадбиркорнинг фаолиятига омад тилиб, қўлига «Касаба уюшмасига аъзоликнинг афзалликлари» номли буклетни тутқазамиз.
Қолаверса, туман ҳокимлиги, «Ҳунарманд» уюшмаси туман бўлими, бандликка кўмаклашиш маркази ва бошқа қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда норасмий бандликни чеклаш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш мақсадида ташкил қилинган семинарлар ҳам бесамар кетмаяпти. Йўл-йўлакай тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 350 нафар коллеж битирувчиларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
— Хусусий сектор вакилларига жамоа шартномаси аҳамиятини тушунтирамиз. Меҳнат қонунчилигида кўзда тутилган имтиёзлар билан таништирамиз, — дейди Малика Ўрозбоева. — Ҳали бу борада кўп тер тўкишимизга тўғри келади. Ҳозирда туманда тармоққа мансуб, бироқ касаба уюшмасига аъзо бўлмаган 242 та нодавлат ташкилотлари фаолият кўрсатади. Уларни ҳам сафимизга жалб қилишимиз, манфаатдорликларини таъминлашимиз зарур.
Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли йилнинг ўтган даврида 54 та нодавлат ташкилот касаба уюшмасига жалб этилди, аъзолар сони 135 нафарга кўпайди.