14.11.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” Республика танловида ғолиб бўлган бир гуруҳ пайвандчилар Ўзбекистон делегацияси таркибида Хитой Халқ Республикаси элчихонасининг таклифи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2017 йил 11 августдаги хатига мувофиқ Умумхитой касаба уюшмалари Федерациясининг ташаббуси билан жорий йилнинг 4-14 ноябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига кирувчи давлатлар ўртасидаги нуфузли касбий танлов – пайвандчи усталар мусобақасида иштирок этдилар.
Танловда иштирок этиш ҳуқуқини “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” кўрик-танловининг 2016 йилги ғолиблари – “Пайвандлаш ишлари техниги” номинациясида 1-ўринни эгаллаган “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ корхонаси пайвандловчиси Артём Олховиков, “Пайвандлаш ишлари техниги” номинациясида 2-ўринни қўлга киритган “ЎзЧасис” МЧЖ қўшма корхонаси пайвандчиси Дилмурод Мирзааҳмедов, “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси – 2016” танловининг “Энг яхши пайвандчи” номинацияси ғолиби бўлган “Қизилқумцемент” АЖ ишчиси Вадим Хайров, “Tошкент Truk line” МЧЖ ходими Рашид Ишкулов, “12 трест” МЧЖ ишчиси Шомухитдин Шоисломов қўлга киритдилар.
Қувонч билан таъкидлаш зарурки, ўзбекистонлик пайвандчилар Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан бир қаторда Камбоджа, Эрон, Афғонистон каби жами 10 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган 50 нафардан зиёд пайвандловчилар иштирок этган мазкур халқаро мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. Хусусан, “Tошкент Truk line” МЧЖ ходими Рашид Ишкулов олтин, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ корхонаси пайвандчиси Артём Олховиков, “Қизилқумцемент” АЖ ишчиси Вадим Хайров, “12 трест” МЧЖ ишчиси Шомухитдин Шоисломовлар кумуш, “ЎзЧасис” МЧЖ қўшма корхонаси пайвандчиси Дилмурод Мирзааҳмедов бронза медали соҳиби бўлдилар. Шунингдек, Ўзбекистон пайвандчилари жамоаси “Энг яхши ташкил этилган жамоа” номинациясида ғолиб деб топилиб, махсус кубок билан тақдирланди.
Қизғин беллашувлар остида ўтган танлов жараёнида пайвандчи ишчи касбини мукаммал эгаллаган юртдошларимиз пайвандлашнинг аргон пайвандлаш, ярим автомат пайвандлаш ва ёйли пайвандлаш турлари бўйича куч синашдилар.
Танлов давомида барча турлар бўйича ўзларининг юксак даражадаги билим ва маҳоратларини намоён эта олган ўзбек пайвандчиларининг ишлари ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди. Шу билан бирга ўзбекистонлик иштирокчилар пайвандлаш касби сирларини мукаммал эгаллаганликларини кўрсатибгина қолмай, мамлакатимизда ишчи касбларини ривожлантиришга нақадар юксак эътибор қаратилаётгани, ишчи касбларини эгаллаган мутахассисларга яратилаётган муносиб меҳнат шароитлари, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқлари ҳиимояси борасидаги амалий ишлар натижалари билан ҳам ўртоқлашдилар.
Танлов доирасида иштирокчилар “Хитой нефть қувурлари заводи”, “Техник хизмат кўрсатиш лабороторияси”, “Хитой қувур музейи”, “Дизайн академияси” каби йирик корхона ва ташкилотларда бўлиб, илғор иш тажрибалари билан танишдилар.
Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон делегацияси аъзоларини тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раҳбар ва мутасаддилари, фаоллар, мусобақада иштирок этган уста пайвандчиларнинг устозлари ва ёшлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари қалбларида ғурур ва ифтихор билан Ватанга қайтар эканлар, ўз ғалабаларининг Она юртга муҳаббат ва садоқат билан хизмат қилиш, бу орқали ўз фарзандлик бурчларини муносиб адо этишга бўлган иштиёқ ва интилишлари натижаси эканлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати