20.11.2017. Бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг корхона ва ташкилотларда тутган ўрнини ошириш, ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият кўрсатиш учун зарур меъёрий-ҳуқуқий асослар ва барча шарт-шароитларни яратиш соҳасида Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Кези келганда, 2011 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида «Энг намунали бошланғич ташкилот» республика кўрик-танловининг ўтказилаётгани бу борада қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Натижада, корхона ва ташкилотларда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларга етарли меҳнат ва маиший шароитларни яратиб бериш, жамоа шартномаларида белгиланган имтиёзлардан барча ходимлар бирдек фойдаланишлари ҳамда касаба уюшма қўмиталари ва ташкилотчилари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш масалаларига бошланғич ташкилотларнинг эътибори сезиларли даражада кучайди.
Кўрик-танловнинг республика финал босқичида иштирок этган ва ғолибликни қўлга киритган бошланғич ташкилотлар фаолиятини оммалаштириш, бошланғич ташкилотлар раисларининг ўзаро тажриба алмашишларини йўлга қўйиш мақсадида намунали бошланғич ташкилотларга ташрифлар уюштирилмоқда.
Яқинда тармоқнинг «Энг намунали бошланғич ташкилот» танлови ғолиби «GM-Uzbekistan» АЖга тармоқ касаба уюшма бошланғич ташкилотлар фаолларининг ташрифи ташкил қилинди.
Эътиборли жиҳати, нафақат «GM-Uzbekistan» АЖ касаба уюшма қўмитасининг фаолияти билан танишилди, балки ишлаб чиқариш цехларидаги иш жараёнини кузатиш имкони ҳам яратиб берилди. Тадбир иштирокчиларига корхона фаолияти тўғрисида видеолавҳалар намойиш этилди.
Шунингдек, иш жараёнида Республика кенгашининг навбатдаги Раёсат йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Раёсат йиғилишининг кун тартибида Навоий вилояти бошланғич ташкилотларида касаба уюшмаси фаолиятида олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистон Республикасининг 26 йиллигига бағишланган «Ўзметмашсаноат» касаба уюшмаси Республика кенгаши ва «Ўзавтосаноат» АК билан ҳамкорликда ўтказилган «Тармоқ корхоналарида ишчиларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқариш эстетикаси ва маданиятини яхшилаш» кўрик-танлови якунлари ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Музокараларда Раёсат аъзолари ва касаба уюшма бошланғич ташкилотлари раисларининг фаолиятни яхшилашга оид фикрлари эшитилди, ҳар бир масала бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тадбирнинг иккинчи куни Андижон вилоятидаги «GM-Uzbekistan» АЖга захира қисмлари етказиб берадиган бир қатор локализация корхоналарига ташриф уюштирилди. Хусусан, «ЎзКорамКо» МЧЖ, «ЎзТонгХонг» МЧЖ, «ЎзДонгЯнг» МЧЖ корхоналари фаолияти билан танишилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Андижон шаҳрининг диққатга сазовор масканларида ҳам бўлдилар.