[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

11.12.2017. Ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллат, бу — коррупциядир. Шу боисдан ҳам мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ  ушбу иллатга қарши курашишга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланиб, қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йил 4 январдан кучга кирган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонун бу борадаги ишларни янада кучайтириш имконини беради.

Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси ­Миробод туман кенгаши томонидан «Сувсоз» ДУКда  мавзуга бағишланган «Маънавият соати» ўтказилди. Тадбирда корхона тизимида фаолият олиб бораётган касаба уюшма қўмитаси раислари, маънавий-маърифий ишлари бўйича масъул ходимлари, ёшлар билан ишлаш комиссияси вакиллари ҳамда жамоа ишчи-хизматчилари иштирок этдилар.

Тошкент Давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Феруза Муҳитдинова мазкур қонуннинг жамиятимиз тараққиётида тутган ўрни, мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Қонун 6 та боб, 34 та моддадан иборат бўлиб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик, манфаатлар тўқнашуви атамалари асосий тушунчалар сифатида берилган. Шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг асосий принциплари ҳамда давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишлари белгилаб қўйилган. Эндиликда порахўрлик, мансабни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, таъмагирлик  ҳолатлари аниқланганда, жазога тортиш чоралари тегишли моддалар билан аниқ ва тиниқ қилиб кўрсатиб қўйилган.

— Мазкур қонуннинг амалга татбиқ этилиши тараққиётимизга  ғов бўлаётган тўсиқларни  бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади, — деди, жумладан, Феруза Муҳитдинова. — Зеро, биз кучли фуқаролик жамияти барпо этар эканмиз, коррупцияга қарши курашда мукаммал ҳуқуқий асосларга эга бўлишимиз зарур…

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, хусусий мулкларини тўлақонли муҳофазалаш, қўшимча имтиёз ва кафолатлар яратиш, тадбиркорларнинг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашда  ушбу қонуннинг аҳамияти беқиёсдир.

Тадбирда иштирокчиларнинг мавзуга оид саволларига батафсил жавоб берилди.