[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

13.12.2017. Ижтимоий шерикликка асосланган ҳамкорликнинг ходимлар меҳнатини ташкил этишда афзал жиҳатлари кўп. Агар касаба уюшма ташкилоти етакчиси жонкуяр, фидойи бўлса, ўзига юклатилган вазифа мазмун-моҳиятини англаса, муаммога ўрин қолмайди. Шунга кўра, биз асосий эътиборни бошланғич ташкилот етакчиларининг тажрибасини оширишга қаратганмиз.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар қандай раҳбар ўзи бошқараётган жамоа намунали, илғор бўлишини истайди. Ютуқни олиб келадиган, жамоани юксак марраларга олиб чиқадиган омил эса, шубҳасиз, ходимлардир. Яратилган шароитдан кўнгли тўлса, оиласида хотиржамлик ва фаровонлик бўлса, ходим бир ғайратига ўн ғайрат қўшиб ишлаши аниқ. Ушбу оддий қоидани ­англашнинг ўзи ютуқлар учун бирламчи шарт эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Туманимиздаги 21-мактаб маъмурияти ва бошланғич касаба уюшма ташкилоти томонидан бу борада қатор ибратли ташаббуслар илгари суриб келинмоқда. Мактабда бошланғич ташкилотнинг ўз ўрни бор. Айниқса, жамоа шартномасида кўзда тутилган имтиёз ва кафолатлар ижросини таъминлашда ҳамкорлик самарали йўлга қўйилган. Маъмурият ҳам, касаба уюшма ташкилоти ҳам зиммага олган вазифалар ижросига масъулият билан ёндашади. Бу эса фаолиятни янада ривожлантиришда қўл келмоқда.

Ушбу мактабда касаба уюшма ташкилоти фаолиятини оммалаштириш юзасидан семинар ташкил этдик. Тумандаги қатор таълим даргоҳлари бошланғич ташкилотлари етакчилари тажрибасини оширишга кўмак кўрсатилди. 33-умумтаълим мактаби касаба уюшма ташкилотининг ходимларни соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт оммавийлигига эришиш борасидаги ташаббуси ҳам кўпчиликка ибрат бўлди.

Ҳозирда тармоқ касаба уюшмалари туман кенгаши 13 минг нафар аъзони бирлаштирган. Уларнинг ҳар бири билан жилла қурса, йилда бир марта учрашиб, ўй-ташвишига шерик бўлишга, ходимлар ижтимоий-иқтисодий ­муаммоларини ҳал этишда раҳбарият билан якдил ҳаракат қилишга интилаяпмиз.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида жамоа шартномалари орқали тармоқ ходимларига қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Ўтган даврда педагог ходимларимиздан етти киши пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчи кўмагида моддий рағбатлантирилди. Етти нафар тизимда ишлаб кетган меҳнат фахрийларининг юбилейи нишонланди. Cоҳада ишлаган 25 нафар кексага ёрдам кўрсатилди. Ўттиз нафарга яқин икки ёшдан уч ёшгача фарзанд тарбияси билан маш­ғул аёлларга иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш соатларидан фойдаланиш имкони яратилди.

Маъмурият билан келишган ҳолда тизимда меҳнат қилаётган эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар рўйхати шакллантирилган бўлиб, жорий ўқув йилида шундай хонадонларнинг 50 нафар ўқувчи фарзандлари дарслик ва ўқув қуроллари билан таъминланди. Имкониятдан келиб чиққан ҳолда, олийгоҳда ўқиётган эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оила фарзандига тўлов шартнома пулининг бир қисми тўлаб берилди. Худди шундай ­шароитдаги икки оила фарзандларига чет тилини ўрганиши учун маблағ ажратилди.

Тармоқ касаба уюшмаси кўмаги билан «Дўрмонсой» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида маиший хизмат ва савдо йўналишида фаолият юритадиган кичик корхонага асос солинди. Ҳозирда бу ерда 9 нафар киши иш билан таъминланган. Бир сўз билан айтганда, ходимлар ва улар оиласи манфаатлари ҳар томонлама жамоат ташкилоти назоратига олинган.

Абдуқаюм НАСИМОВ,

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Пастдарғом туман кенгаши Раиси