15.12.2017. Қорақалпоғистонда замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган заводлар ҳудуд иқтисодий ривожига салмоқли улуш қўшмоқда. Ушбу корхоналарда халқаро стандартларга жавоб берадиган, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётир.
Жумладан, «Хўжайли пахта тозалаш» акциядорлик жамияти иқтисодий кўрсаткичи юқори корхоналардан биридир. Қўлга киритилаётган муваффақиятларда корхона касаба уюшма қўмитасининг ҳам ҳиссаси катта.
2007 йилда корхонамизда илғор техника ва технологиялар билан қайта жиҳозлаш ишлари бажарилиб, модернизация жараёни якунланди. Ҳозирда йилига 50 минг тонна пахта хомашёсини қайта ишлаб чиқарадиган корхона тўла қувват билан ишламоқда.
450 нафар ишчи-ходим уч навбатда меҳнат қилаётир. Кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик нафақат самарадорлик гарови, балки ҳар бир ишчининг ўз вазифасини сидқидилдан бажаришига бўлган масъулиятини ҳам оширмоқда.
Корхона қошидаги ошхона пазандалари ишчиларимизга мазали таомларни тортиқ этаётир. Ходимлар махсус кийим-бош билан таъминланган. Кундузги ва тунги навбатда ишлайдиганлар заводимиз ҳисобидаги автобус хизматидан фойдаланишаётир.
Ходимларимиз ва уларнинг оила аъзолари соғлиги доимий эътиборимизда. Ўтган йили 4 нафар ходим сиҳатгоҳларга йўлланма олган бўлса, жорий йилда 2 нафар ишчимиз санаторийда соғлигини тиклаб келди. Иш берувчи томонидан аъзоларимиз ҳаёти суғурталаниб, ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтказиб борилади. Тиббиёт пунктимизда ишчилар соғлиги учун керакли бўлган дори-дармонлар мавжуд.
29 нафар фахрий ҳолидан хабар олиб, байрам саналарида хонадонларига бориб турамиз. Бу ёшлар тарбиясида ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Аъзоларнинг яшаш шароитини яхшилаш ва янги турар жойларга бўлган эҳтиёжини эътиборга олиб, 9 нафар ишчимиз учун намунавий турар жойларнинг дастлабки тўлови корхона ҳисобидан тўлаб берилди. Ходимларимиздан 57 нафарига ёрдам пуллари ажратилди.
Касаба уюшма ташаббуси билан ҳар йили Хива, Бухоро ва Самарқанд каби тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилмоқда. Байрам саналари муносиб нишонланмоқда. Кўз-кўзга тушганда меҳр ортиб, кўнгил-кўнгилдан сув ичади, деган гап бор. Айнан шунга кўра, бошқа туманлардаги пахта қабул қилиш майдончаларимиздаги ходимлар ҳамда дўстлар билан дийдорлашув тадбирига таклиф этилади.
Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ходимларимиз манфаатига қаратилган тадбирлар меҳнат самарадорлигини ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Абай ТИЛЕУБЕКОВ,
«Хўжайли пахта тозалаш» АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси