[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.12.2017. Жорий йилнинг 22  декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2017-2019  йилларга имзоланган Бош келишувга мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенаторлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), вазирлик ва идоралар, Марказий банк, Бош прокуратура, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, бир қатор бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, Касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотлар мутасаддилари иштирок этдилар.

Таъкидлаш зарурки, Республика Давра суҳбати олдидан мамлакатимиз ҳудудларидаги туман ва шаҳарларда, шунингдек, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида ушбу мавзуга доир ҳудудий давра суҳбатлари ўтказилди ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг катта қисми жойларда ўз ечимини топди. Айни пайтда, республика миқёсидаги ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар касаба уюшмалари томонидан республика Давра суҳбати муҳокамасига олиб чиқилди.

Давра суҳбатида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари қаторида ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй бераётгани алоҳида қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг реал пул даромадларини ва ҳарид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сони ҳамда аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш, бюджет муассасалари ходимлари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини инфляция суръатларидан юқори миқдорда изчил ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолини, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун етарли шароитлар яратиш, иш билан таъминланиши зарур бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш вазифалари белгилаб берилиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йил давомида Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига давлат органлари ва ташкилотларида меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнатни нормалашни тартибга солиш, хусусий секторда иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат шартномаси тузиш жараёнини соддалаштириш, муддатли меҳнат шартномаси тузиш асосларини кенгайтириш, ишга олишнинг янги шаклларини (бир марталик, соатбай), шунингдек соатбай иш ҳақи тўлаш тартибини жорий этиш, ходимлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмагани, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ҳамда ходимни ижтимоий суғурта қилиш талабларини бузгани учун иш берувчининг жавобгарлигини кучайтириш каби масалаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2017 йилнинг 4 октябрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 12-Ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатларига ва ҳалқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги Қарор қабул қилинди.

Давра суҳбати иштирокчилари бир неча йиллардан бери меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан меҳнат масалаларига бағишланган шу турдаги давра суҳбатларида ўртага ташланаётган қатор муаммолар жорий йилда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида ўз ечимини топганини алоҳида таъкидладилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2  февралдаги ПҚ-2753 сонли Қарорига биноан барча турдаги пенсияларнинг тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилиши, 58 та тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг нақд шаклда амалга оширилиши, олий ўқув юртлари талабалари стипендияларининг камида 50 фоизини нақд шаклда тўланиши таъминланди. Шунингдек, жойларда терминаллар ва банкоматлар сони кўпайтирилди ҳамда иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши борасидаги камчиликлар бартараф этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги ПҚ-3183 сонли Қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларида педагогика йўналишидаги сиртқи бўлимларнинг ташкил этилиши ўрта махсус маълумотли тажрибали кадрларнинг олий маълумотга эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори билан соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари учун ўриндошлик асосида ишлаш имкониятлари кенгайтирилди.

Тадбирда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг аҳамияти бениҳоят катта эканлиги таъкидланди. Буни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув мисолида кўриш мумкин.

Бугунги кунда Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда 14 та ҳудудий, 100 та тармоқ келишувлари, 158  мингдан зиёд жамоа шартномалари амал қилмоқда. Мазкур локал ҳужжатлар меҳнат муносабатларини самарали тартибга солиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ходимлар учун кўплаб имтиёз ва кафолатлар яратилишига хизмат қилмоқда. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоа шартномалари ва келишувларининг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур тадбирлар билан бойитиш, ижтимоий таркибини кенгайтириш, бу орқали ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Жамоа келишувларига ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан юқорироқ тўловларни ўрнатиш тартибини белгилаш, ходимлар учун узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатиш, тегишли тармоқ хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа масалаларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилган. Шунингдек, уларда ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшма қўмиталари ва иш берувчилар ўртасида тузилаётган жамоа шартномалари орқали эса ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан тўла бандлигини таъминлаш, аёллар ва ёшлар учун имтиёзлар тизимини жорий этиш, янги иш ўринларини яратиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш чоғида қонун меъёрларига риоя этиш масалалари ҳал этилмоқда. Шунингдек, меҳнат хавфсизлиги даражасини янада ошириш, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, ходимларни маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, зарарли меҳнат шароитлари учун имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш масалаларига муҳим эътибор қаратилмоқда.

Давра суҳбатида истиқболда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни янада эркинлаштириш, аҳоли бандлиги кўламини янада кенгайтириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жадал киритиш борасида ижтимоий шерикликни кучайтириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Шунингдек, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари иш ҳақидан олинган даромадларидан ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкаси улар ишга жойлашганидан кейинги бир йил ичида 50 фоизга, иккинчи ва учинчи йил давомида 25  фоизга камайтирилиши муҳим ижтимоий имтиёз бўлаётгани таъкидланди. 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб нодавлат ташкилотларга фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ҳорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқининг берилиши, 2019 йилнинг 1  январидан бошлаб эса ходимларни иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг “электрон меҳнат дафтари” тизими жорий этилиши, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига ходимларнинг розилигини олган ҳолда муайян муддатли меҳнат шартномаларини, жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларни бажариш учун муддатли меҳнат шартномаларини тузишга рухсат берилиши ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида катта имтиёз ва қулайлик яратаётгани қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг таркибида хусусий мулк улушини кўпайтириш баробарида ижтимоий-меҳнат соҳасидаги муаммоларни самарали ҳал этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий негиз яратилгани ва ҳуқуқни қўллашнинг таъсирчан амалиёти мавжудлигини эътироф этдилар.

Давра суҳбатида давлат бюджетидан молиялаштириладиган корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди. Касаба уюшма фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар каби масалаларга оид кўтарилган саволларга вазирлик ва идоралар мутасаддилари томонидан аниқ ва батафсил жавоблар берилди.

Тадбир якунида келгусида ижтимоий-меҳнат муносабатларининг муҳим компонентлари бўлган бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш борасида келишиб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати