26.12.2017. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бугун юртимизнинг ҳар бир фуқароси қалбига ёруғлик, эртанги кунга собит ишонч олиб кирди, десам янглишмаган бўламан. Мен қарийб ярим асрдан буён давлат ва жамоат ишларида меҳнат қилиб келаман. Бу ўтган давр ҳаёт ва жамият ҳақида, инсон умри ҳақида тугал фикрга келишга арзийдиган вақт, албатта. Қолаверса, бизнинг авлод пешонасига мустабидлик тузумида яшаш-у ишлашдек оғир бир қисмат битилдики, бу ҳам инсон тақдири ҳақидаги ўй-хаёлларимизни кенгайтирди, буюк шоиримиз Абдулла Орипов айтганидай, кўпчилигимизни “буюк бир ҳикмат”га юзлантирди. Бу ҳикмат шундайки, одам қачонки, қадр-қиммати, ҳурмати жойига қўйилса, ёнида қувончига ҳам, қайғусига ҳам шерик бўла оладиган фидойи, мард бир кишиси борлигини ҳис қилсагина ўзини бахтли сезар экан, ҳаётидан розилик туяр экан…
Президентимизнинг кечаги нутқи шу жиҳатлари билан ҳам одамларни тўлқинлантириб юборди. Дилларидаги орзу-армонлари ўй-хаёлларига ҳамоҳанг жаранглади. Ва шунинг учун ҳам бу мурожаатни нафақат парламент аъзоларига, балки бутун Ўзбекистон халқига мурожаат, деб қабул қилсак тўғри бўлади.
Биз унинг замирида поёнига етаётган 2017 йил тўла маънода инқилобий янгиланишлар, инсонни эъзозлаш, одамлар қалбига йўл топиш даври бўлганлигини, эл-юрт фаровонлиги йўлидадавлат келгусида ўз олдига қўяётган долзарб ва кечиктириб бўлмас режа ва масалалар ечими ва истиқболини кўрдик.
Бугун Ўзбекистон янги даврга қадам қўйди. Буни биз яқин бир йилда гувоҳи бўлганимиз – ура-урачилик, кўзбўямачилик ва ҳаётимиздан ёлғонларни ситиб чиқарганимиз мисолида кўришимиз мумкин.
Эътибор қилинг, биз охирги ўн йилликда 8 фоиздан кам бўлмаган ўсишга эришиб” келдик. Аммо бу кўрсатгич одамлар ҳаётида қандай намоён бўлди? Афсуски, ҳеч қандай! Дунёда мана-ман деган ривожланган давлатлар орзу қиладиган бу фоизлар аслида таги пуч рақамлар эканини кўпчилик билар эди. Хўш, бундай ёлғон кўрсаткич кимга керак эди ва бу билан кимни қойил қолдирмоқчи эдик?!.
Шоир “ёлғон ширин оғу ширин ўлдирар” деганидек, иқтисодиётимиз, ижтимоий соҳа қисқа қилиб айтганда, одамларимиз ҳаёти биров ҳавас қиладиган даражада эмаслиги ғалвир кўтарилганда маълум бўлиб қолди… Президентимиз ўз мурожаатларида энди бундай яшаб ва ишлаб бўлмаслигини, халққа хиёнат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини, она халқимизга фидойиларча хизмат қилиш ҳар бир раҳбарнинг бурчи эканлигини ва бу қоида ўзининг ҳаётий принципи эканлигини маълум қилди.
Самимият самимийликка чорлайди. Ўтган бир йил давомида мамлакатда амалга оширилган ижобий ўзгаришлар ўз самарасини берди, янаям муҳимроғи, бу янгиланишлар одамларимиз турмуш тарзида акс этди. Эътибор қилинг, жорий йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 5,5 фоизга ўсган, ташқи савдодаги ижобий сальдо эса 854 миллион долларни ташкил этмоқда. Буни оддийгина қилиб, маҳсулотларимиз ташқи бозордан ўз жойини топаётир, деб изоҳлашимиз мумкин. Миллий сўмимизнинг эркин конвертацияси амалга оширилиши эвазига чет эл валютаси олди-сотди операциялари 1,5 баробар ортиб, 1,3 миллиард долларга тенг бўлди. Мазкур тартибнинг жорий қилиниши ўлароқ, мамлакатимизга чет эллик инвесторлар ишончи пайдо бўла бошлади. Бу эса илгариги ҳавойи, ҳаётдан йироқ, бунинг устига одамларга бир пуллик наф бермайдиган рақамларни реаллаштириш имконини берибгина қолмай, Ўзбекистонннинг дунё ишбилармон доиралари орасида обрў-эътиборини оширишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз мурожаатларида ижтимоий соҳага устувор эътибор яққол сезилиб турди. Дарҳақиқат, 2017 йил мамлакатимизда ночор ва кам таъминланган юртдошларимиз учун алоҳида ғамхўрлик йили бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Зотан, ногиронлиги белгиланган кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир Президент фармонининг қабул қилиниши, аҳолининг камхарж қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорларнинг ҳаётга татбиқ қилиниб, амалга оширилиши натижасида ўн минглаб хонадонларга файз-барака кирди, уларда яшаётган юз минглаб ҳамюртларимиз ҳаёти чароғон бўлди. Уларнинг ҳаётга бўлган муҳаббати, давлатга бўлган ишончи ошди.
Хўш айтингчи, шаҳар-у қишлоқларимизда бунёд этилган 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий ҳовли-жойлар ва кўп қаватли уйларда ҳаётга янгича нигоҳ билан қараётган, қалбида яратиш ва яшаш шавқи жўш урган кўнгли ўксик ватандошларимиз дилидаги қувончу шодликни нима билан баҳолаб бўлади?!.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳам муҳтарам Юртбошимизнинг “Аҳолининг ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3268-сонли фармони асосида айнан кам таъминланган хонадонларни ўрганди, уларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш, иқтисодий аҳволини яхшилаш борасида таклифлар ишлаб чиқди. Бугунги кунгача қарийб 10 минг хонадон ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, имтиёзли кредитлар билан таъминланди. Республика бўйича 22 200 хонадонга маиший техника воситалари, кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1200 нафар беморга соғлиғини тиклаш учун 4 миллион сўмдан, 2200 оилага уй-жойларини таъмирлаш бўйича 10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Яна 400 оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг баҳорида 616 нафар келин-куёвларнинг никоҳ ҳамда 3280 нафар боланинг суннат тўйлари кенг жамоатчилик иштирокида катта кўтаринкилик билан ташкил қилиб берилди. Шубҳа йўқки, бу давомли тадбирлар энг аввало халқимизни янада жипслаштиришга, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга, қолаверса, бошқалар каби яшаш имконига эга бўлмай руҳан қийналиб юрган минглаб инсонларнинг кўнглини кўтариб, уларни жамиятнинг фаол ва фидойи аъзолари қаторига қўшишга хизмат қилади.
Вақт югурик. Айниқса, тобора глобаллашиб бораётган учинчи минг йиллигимиз одамдан ўта ҳушёрликни, ҳозиржавобликни ва кенг мушоҳадани талаб этади. Интеграциялашаётган, маданиятлар бир-бирига қоришиб бораётган бугунги дунёда ўз сўзини айтиш, халқи ва давлати манфаатини қаттиқ туриб ҳимоя этиш ҳар қачонгидан-да долзарброқ аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, муҳтарам Юртбошимизнинг БМТ минбаридан қилган тарихий чиқиши нафақат мамлакатимиз, балки халқаро ҳамжамият манфаатлари учун ҳам ўта долзарбдир.
Хусусан, Шавкат Миромонович ислом динининг террорчилик, сепаратизм каби жирканч унсурлар билан ёнма-ён қўлланилиши бу муқаддас динга эътиқод қилувчи миллионлаб инсонлар учун ҳақорат эканини баланд минбардан туриб баралла айта олган биринчи давлат раҳбари, ёшлар муаммоларининг нафақат бир мамлакат, балки бутун инсоният олдидаги энг долзарб масала эканлигини асослаб берган биринчи сиёсатчи бўлди. Ислом маърифат ва тинчлик дини эканини, шу дин асосида таълим олган буюк боболаримиз ақл зиёси бугун ҳам инсоният йўлини ёритиб келаётганлигини қатъий таъкидлаган Президентимиз яқин келажакда Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси фаолиятининг йўлга қўйилишини фахр билан қайд этди. Биргина якунланаётган йилда маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантиришга қаратилган 12 та муҳим ҳужжат қабул қилингани бу борадаги улкан ислоҳотларнинг далолатидир.
Мурожаатномада Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларига ҳам алоҳида урғу берилди. Эътибор беринг, мамлакатимиз раҳбари йил давомида 21 та олий даражадаги ташрифларни амалга оширди, 60 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари билан музокара ва учрашувлар ўтказди. Пировардида жами 60 миллиард доллар ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди. Қабул қилинган келишувларни рўёбга чиқариш бўйича 40 та “Йўл харитаси”, яъни уларни амалга оширишнинг қадамба-қадам режаси ишлаб чиқилди.
Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиё давлатларига устувор йўналиш сифатида қаралаётгани мамлакатимиз ва қўшни халқларнинг азалий орзу ва ниятларига ҳамоҳанг бўлаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу пайтгача ўзаро алоқалар турли сунъий тўсиқлар, шахсий келишмовчилик, “сен зўрми, мен зўр” қабилидаги эгоистик қарашларга асосланганлигини бугун ҳеч ким инкор этмайди. Бу муносабатлар азалдан қўни-қўшни, қариндош бўлиб яшаб келган, тарихий илдизлари, тили ва дини бир бўлган халқларнинг асрий қарашларига путур етказди, ва ҳатто турли ихтилофларга ҳам сабаб бўлди. Масала шу даражага бориб етдики, жўнгина айтганда, юган қўлдан кетди, қардошлар бир-бирига ўгай кўз билан қарай бошлади. Бундай мураккаб вазият барча масъулиятни ўз зиммасига оладиган, мард ва жасур, фидойи ва элпарвар бир лидерга эҳтиёжни пайдо қилди. Бу эҳтиёж Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги эришган мувафаққиятларидан “сув ичаётганлиги”ни бугун виждони бор одамларнинг барчаси эътироф этмоқда. Халқимизда “бор товоғим, кел товоғим” деган ҳикматомуз гап бор. Биргина товоқнинг бориб келишида ҳам меҳр-оқибат, ҳам моддиятни ота-боболаримиз жўнгина ифодалаб қўйган. Биз нима қилдик? Чегараларимизни ёпиб иқтисодимизни касод қилдик. Ўтган бир йил ичида яқин қўшниларимиз билан йўлга қўйилган алоқаларимиз боис одамларимиз тафаккури ўзгарди, бир-бирига ишончи мустаҳкамланди. Қолаверса, иқтисодимиз наф кўра бошлади. Буни биргина Қозоғистон билан ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичининг 2 миллиард долларга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўрса бўлади. Қирғизистон билан чегара ҳудудлари бўйича ўн йиллар давомида ечилмай келган муаммолар ҳал этилди, Туркманистон ва Тожикистон халқлари ҳам Юртбошимизнинг бу сиёсатидан чексиз миннатдор бўлмоқда.
“Янги фикр, янги ғоя, инновацияга суянган давлатгина ютади”, деган гап чиройли сухан учун айтилмади. Бунинг таг замирида давлатимиз тараққиёти истиқболи, халқимизга фаровон ҳаёт яратиб беришдек олижаноб бир истак мужассамдир. Муҳтарам Юртбошимизнинг 2018 йилга – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили,деб ном бериши эса бу борадаги кенг кўламли амалий ишларга мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Зеро, жамият тараққиётида инсоннинг интеллектуал салоҳиятидан фойдаланиш, уни рағбатлантириш барча замонларда ҳам ўз самарасини берган. Буни биз шарқ ренессанси, деб улуғланадиган ўрта асрларда буюк аждодларимиз асос солган буюк тамаддунлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, инновацион ғоялар ишлаб чиқариш базасини техник-технологик жиҳатдан тўхтовсиз янгилаш, замонавий технологиялар яратиш, табиий ресурслардан унумли фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар ўзлаштириш ва бунинг баробарида иқтисодиётни юксалтириш имконини беради.
Айни вақтда юртимиз олимлари, ихтирочилари томонидан яратилаётган янгиликларни ҳамда илмий-тадқиқот ишлари натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш тараққиётни аввал кузатилмаган янги ва янада юқори босқичга кўтаради. Шунингдек, вилоятлар кесимида ҳал қилиниши зарур бўлган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда янгича тизим яратилади. Ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий салоҳиятининг барқарор ўсиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлиги юксалиши учун зарур шароитлар яратишга қодир бўлган фан ва инновация фаолиятини ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмаси шакллантирилади.
Мирзиёев феномени “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғояга қурилганлигини халқимиз унинг ҳар бир ҳаракатида сезмоқда ва унга ишончи тобора мустаҳкамланмоқда. Дунёда муқобили йўқ Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик қурими сифатида амалда ўзини оқламоқда. Ушбу қабулхоналарда ўтган бир йилда 1,5 миллиондан зиёд мурожаат кўриб чиқилгани давлат хизматчиси халқ олдида масъул эканини такрор ва такрор тасдиқдан ўтказмоқда.
Ва ўз-ўзидан, бу ўтган чорак аср давомида халқнинг минглаб муаммо ва шикоятлари эътиборсиз қолиб келгани, одамларнинг давлат идораларига бўлган ишончи сўниб, халқ билан давлат ўртасида катта жарлик пайдо бўлганини ҳам англатади. Халқ қабулхоналари, иккинчи томондан, одамларнинг хоҳиш-иродасига бўлган тарихий эътиборни ҳам кўрсатади. Давлат ҳокимияти томонидан қабул қилинадиган қарорларда халқнинг истаклари мужассам бўлишига эришиш, яъни жамиятда демократия талабларининг амалда бўлишида ҳам бу тизим ўзига хос асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилгани мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Тан олиш керак, аҳолининг шу пайтгача айнан давлат хизматлари ва у ерда ўрнатилган асоссиз тартибларга эътирози кучли эди. Оддийгина маҳалладан маълумотнома олиш одамларнинг қанча вақтини олиб, асабини бузарди, отангга бор, онангга бор, қабилидаги сансалорликлар-чи? Шу маънода, давлат органлари фаолиятига холисона баҳо берадиган бўлсак, муҳтарам Юртбошимиз куйиниб такрор ва такрор айтаётганидек, осмондан тушиб халқнинг хизматини қиладиган вақт келди.
Ҳақиқатни айтганда, дастлаб 1996 йилда кун тартибига қўйилиб, кейин қайсидир “алломалар”нинг “важ”лари билан токчага ташлаб қўйилган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунга бугун жуда катта зарурат бор. Нафсиламбрини айтганда, бугунга келиб маҳаллий ҳокимликларни салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ўта жиддий муаммолардан бирига айланган.
Нега дейсизми? Чунки, юқори малакали мутахассис катта масъулиятли, жавобгарлиги юқори бўлган вазифаларга ўз-ўзидан ишга боришни истамайди. Чунки, бу ўринларнинг ойлик маошлари жуда ҳам паст даражада қолиб кетган. Бу масала билан биров ҳатто қизиқиб ҳам кўрмаган. Оқибатда эса маҳаллий ҳокимликларда жўяли таклифлар, юқоридан тушаётган ҳужжатларни теран идрок этиш, уларнинг ижросини ташкил қилиш, мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда жуда кўплаб оқсоқликлар, камчилик ва хатоларни кўриш мумкин.
Шу маънода, мазкур қадам давлат хизмати ходимларининг ўз вазифаларига бўлган жавобгарлиги билан бирга, уларнинг барча иқтисодий ва маиший имкониятлари ҳам реал даражада бўлишини таъминлайди, унинг ҳуқуқий асосларини яратади. Бу дунё ривожланган давлатларидаги мавжуд амалиёт. Ўйлаймизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг ҳаётга тадбиқ этилиши бу йўналишдаги барча муаммоларнинг ҳал этилишига хизмат қилади.
Муҳтарам Юртбошимиз мурожаатларида парламентларимиз, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизими идоралари ишига танқидий баҳо бердилар. Бу йўналишда “Менинг фикрим” махсус веб-саҳифасининг жорий этилиши, жамоа бўлиб электрон мурожаат қилиш амалиёти татбиқ этилиши натижасида бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари кенгашлари кўриб чиқишининг мажбурийлиги таъминланса, қабул қилинадиган қонунларда кенг жамоатчилик иштироки таъминланиши, халқ хоҳиш-иродасининг ифода этилишида катта қадам қўйилган бўлади.
Давлат бошқарувидаги ҳаддан ташқари марказлаштирилган тартиб-тамойиллар ҳам Юртбошимиз Мурожаатномасида кескин танқид қилинди. Эркинлаштириш ёхуд мўътадиллаштириш сиёсати маъқулланар экан, Президент маҳаллий давлат идораларидаги раҳбар ва мутасадди кадрларнинг салоҳияти ва масъулиятини ҳам тубдан ошириш заруратини кун тартибига қўйдилар. Қолаверса, Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, маҳаллий ҳокимлик, яъни ижро этувчи ҳокимият раҳбарининг маҳаллий кенгашга ҳам раислик қилиши мантиқан тўғри эмас. Ахир қандай қилиб ҳисоботини эшитиши лозим бўлган органга ўзи раҳбарлик қилиши мумкин?
Бугунги янги дунёда коррупция, терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби аср фожеалари билан бирга тилга олинади ва бу бежиз эмас. Президентимиз ҳам Мурожаатномасида жамиятда коррупцияга қарши курашга алоҳида эътибор қаратди. Маълум бир гуруҳ манфаатларига хизмат қилувчи қарорларнинг қабул қилиниши, таниш-билишчилик, муайян манфаатлар, маҳаллийчилик ва бошқа ғайриқонуний кўринишдаги келишувларнинг турлича усул ва услубларини бартараф этиш албатта қонунларимиз орқали жиддий белгилаб қўйилиши зарур. Шу маънода, Мурожаатномада қайд этилган кўплаб янги тартиб ва қоидаларнинг ўзагида ҳам айни мана шундай мақсадлар ётганлигини англаш қийин эмас.
Давлат ҳокимияти фаолиятининг очиқлиги аслида коррупцияга қақшатқич зарба бўлиши шубҳасиз. Яқин келажакда барча давлат харидларини амалга ошириш ва давлат мулкини сотиш учун интернет тармоғида янги майдон ташкил этиш лозим, деди Президент. Бу эса бюджет харажатларини қисқартириш, давлат мулкини самарали бошқариш ва катта молиявий маблағларни иқтисод қилиш имконини беради. “Жамоатчилик назорати тўғрисида” қонун ишлаб чиқилиши, Фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилиши борасидаги Президент таклифлари ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Муҳтарам Юртбошимиз солиқ тизимидаги ўз даврини ўтаб бўлган амалиётларга чек қўйиш борасида ҳам атрофлича тўхталдилар. Мутахассислар бу йўналишдаги барча фикрларни бир мантиқий хулосага йўналтирилганига эътибор қаратишмоқда. Бундан буён солиқларимиз халққа қайишадиган, тадбиркорни қўллаб-қувватлайдиган, давлат манфаатларини устувор даражада баҳолайдиган ишлаб чиқарувчиларнинг интилишларини рағбатлантирадиган форматда бўлади. Шу боис ҳам яқинда Олий Мажлис Сенати томонидан муҳокама қилинган 2018 йилги бюджет лойиҳасини яна бир бор мазкур йўналишда қайта кўриб чиқиш ҳақида сўз борди.
Мен мазкур чиқишда муҳтарам Юртбошимизнинг ёшларимизга бўлган чексиз меҳрибончилигини яна бир бор ҳис этдим. Айниқса, хорижий мамлакатларда таълим олаётган, меҳнат қилаётган ёшларимиз билан мустаҳкам алоқада бўлиб туриш, уларни қизиқтираётган масалаларни ўрганиб бориш зарурлигини алоҳида уқтирдилар. Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш, келаси йили Самарқандда Марказий Осиё ёшлари форумини ташкил этиш ташаббуси билан чиқдилар.
Бир сўз билан айтганда, Шавкат Миромоновичнинг бу мурожаати ҳар бир ватандошимиз дилига чўғ солди. Қалбларда халқпарварлик, элпарварлик шукуҳини оловлантирди. Бу руҳ олис мозийдан – буюк аждодларимиз Спитамен, Тўмарис, Темурмалик, Жалолиддин Мангуберди, Буюк Темур сиймоларини кўз ўнгимизда гавдалантирди. Уларнинг шавкатидан бир садо берди.