[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

27.12.2017. Мамлакатимизда ўтган 2017 йил давомида Президентимиз ташаббуслари билан бошқа қўплаб соҳалар қаторида ижтимоий соҳани ривожлантириш, хусусан, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўлаб қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Мазкур йўналишларда мамлакатда амалга оширилган ижобий ўзгаришлар ўз самарасини бериб, халқимиз турмуш даражасидаги ижобий ўзгаришларда акс этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг кам таминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3268-сонли Қарорига мувофиқ республикамизнинг барча ҳудудларида айнан кам таъминланган хонадонларни ўрганиб, 2017 ва 2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Ушбу манзилли дастурларга мувофиқ бу тоифадаги оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунгача Республика бўйича 22 200 хонадонга кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1200 нафар беморга соғлиғини тиклаш учун 4 миллион сўмдан, 2200 оилага уй-жойларини таъмирлаш учун  10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Яна 400 оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, зарур амалий ёрдамларни кўрсатмоқдалар.

Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ўтказилди. Тадбир давомида туманда истиқомат қилаётган 111 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар вакиллари Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан маиший техника жиҳозлари – кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди.

Тадбир доирасида касаба уюшма фаоллари тумандаги “Мажнунтол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Фарҳод Худайназаров хонадонида бўлиб, унга соғлиғини тиклаши учун моддий ёрдам сифатида махсус сертификат ҳамда тиббий муолажалари учун зарур бўлган дори-дармон воситаларини топширдилар. Шунингдек, “Юқорисой” кўчаси, 52-уйда истиқомат қилувчи Ҳамидулла Ибрагимов холидан хабар олиниб, саломатлигини мустаҳкамлаши учун амалий ёрдам кўрсатилди.

Таъкидлаш ўринлики, Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни  қўллаб-қувватлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 220 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойларини таъмирлаб бериш ишлари олиб борилмоқда. Вилоят миқёсида 2442 нафар кам таъминланган оила вакиллари эса маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Бундан ташқари 132 нафар бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур маблағлар тегишли муассасаларга ўтказиб берилмоқда. Шунингдек, Қирариқ маҳалласи, 44 нафар ночор фуқарони уй-жой билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

– 2017 йил биз каби инсонларга Президентимиз томонидан жуда катта  ғамхўрликлар кўрсатилди. Бу ғамхўрликлар натижасида хонадонларимизга файз-барака кирди, кўнгилларимиз нурга тўлди. Энг муҳими биз каби инсонларнинг ҳаётга бўлган муҳаббатимиз, давлатимизга бўлган ишончимиз минг чандон ортди, – деди “Қирариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳ.Ибрагимов.

– Бу каби хайрли ва эзгу тадбирлар энг аввало оилалардаги, маҳаллалардаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, ижтимоий-иқтисодий муаммолари мавжуд инсонларнинг мушкулини осон қилиб, кўнглини тоғдек юксалтирмоқда, – деди “Кўксарой” маҳалласида истиқомат қилувчи Сония Нурматова. – Касаба уюшма вакиллари хонадонимизга келиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволимизни ўргандилар. Бугун бизнинг оилага замонавий газ плитаси берилди. Анчадан бери ана шундай маиший техника жиҳозига эҳтиёжимиз бор эди. Бундай эътибор ва ғамхўрликлар учун муҳтарам Президентимизга мингдан минг раҳматлар дейман, дунё тургунча турсинлар.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, ўзларига кўрсатилаётган бундай эътибордан республикамиз ҳудудларидаги олис қишлоқ ва туманларда истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилмоқда ва мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси Президентимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этмоқдалар. Эзгуликка йўғрилган мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундамоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати