28.12.2017. Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бошқа қўплаб соҳалар қаторида ижтимоий соҳани ривожлантириш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўлаб қувватлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бериб, халқимиз турмуш даражасидаги ижобий ўзгаришларда акс этмоқда.
Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, мазкур тоифадаги оилалар рўйхати тасдиқланди ҳамда 2017 ва 2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.
Ушбу манзилли дастурларга мувофиқ касаба уюшмалари томонидан кам таъминланган, уй-жой ва маиший шаритларини яхшилашга муҳтож оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунгача республика бўйича 22 200 хонадонга кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1200 нафар беморга соғлиғини тиклаши учун 4 миллион сўмдан, 2200 оилага уй-жойларини таъмирлаш учун 10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Яна 400 оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, зарур амалий ёрдамларни кўрсатмоқдалар.
Ана шундай хайрли ишлар пойтахтимиздаги Яшнобод ва Юнусобод туманларида ҳам ташкил этилди. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари Яшнобод туманидаги “Ширинобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Мухтабархон Ҳошимова хонадонида бўлиб, ушбу кўп болали, ижтимоий ҳимояталаб оиланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш учун замонавий тикув машинаси ҳадя этдилар.
– Тақдир экан, турмуш ўртоғим вафот этиб кетганлар. 6 нафар, яъни 2 ўғил 4 қизим бор. 2 нафар ўғлимни уйлантирганман. Қизларимдан 2 нафарини турмушга узатганман. Ушбу хонадонда ўғил ва келинларим, икки қизим, 12 набирам, шунингдек, турмушга узатган қизимнинг оиласи билан бирга яшаймиз, – деди Мухтабархон Ҳошимова. – 2017 йил бизнинг оила учун кўп яхшиликларни олиб келди. Президентимиз ташаббуслари билан халқ турмуши фаровонлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижалари бизнинг оилагача ҳам етиб келди. Биласизми, бундан бошимиз осмонга етди. Ҳақиқатдан ҳам турмушимиз яхши томонга ўзгарди. Яъни 1 нафар ўғлимга оиласи билан Сирғали туманида барпо этилган янги уйлардан беришди. Президентимиз дунё тургунча турсинлар, доим дуодамиз.
– Касаба уюшмалари томонидан берилган ушбу тикув машинаси оиламиз таъминотини яхшилаб, ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйишим, бунинг ортидан рўзғоримизни бутлашим учун катта имконият беради, – деди ҳаяжонини яшира олмай М.Ҳошимованинг қизи, 2-гуруҳ ногирони Одила Ҳошимова. – Ёшлигимдан тикувчиликка қизиққаним учун болалар кийимидан тортиб катталар кўйлаклари, мебел жиҳозлари учун ғилофлар тикиш ҳунарини эгаллаганман. Аммо қўлимиз калталик қилиб тикув машинаси сотиб ололмаётган эдик. Мана энди бу имкониятга эга бўлдик.
Юнусобод тумани, Бодомзор маҳалласида яшовчи Шораҳим Шоазимов ҳам тақдир тақазоси билан саломатли ёмонлашиб, ёрдамга муҳтож бўлиб қолган инсонлардан. Ўзгалар парваришига муҳтож бу инсон ҳам бугун саломатлигини мустаҳкамлаш учун касаба уюшмалари томонидан шаҳар 7-сон клиник шифохонасига жойлаштирилди. Айни кунда беморнинг аҳволи яхшиланиб, саломатлиги мустаҳкамланган.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойларини таъмирлаб бериш ишлари олиб борилмоқда, 1221 нафар кам таъминланган оила вакиллари эса маиший техника жиҳозлари билан таъминланмоқда. Бундан ташқари 70 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур маблағлар тегишли муассасаларга ўтказиб берилмоқда. Шунингдек, 22 нафар уй-жойга муҳтож фуқарони уй билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзларига кўрсатилаётган бундай эътибордан республикамиз ҳудудларидаги олис қишлоқ ва туманларда истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилмоқда ва мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси Президентимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этмоқдалар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати