31.12.2017. Яхши дам — меҳнатга ҳамдам, дейди доно халқимиз. Ҳақиқатан ходимларнинг мазмунли ва оқилона дам олишини таъминлаш иш унумдорлигини оширишнинг муҳим шартлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 28 декабр куни имзоланган «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармон айнан меҳнаткашларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қулай дам олиш шароитлари яратишга хизмат қилади. Айнан шунга кўра, дам олиш кунларининг қулай тартибда кўчирилиши юртдошларимиз томонидан миннатдорлик билан қарши олинди.
Фармон 2018 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва дам олиш, байрам кунларидан оқилона фойдаланиши, шунингдек, ички туризмни янада ривожлантиришни ҳам кўзда тутади. Фармон ҳақида сўз кетар экан, энг аввало, бутун йил давомидаги иш ва дам олиш кунларини олдиндан режалаштириш амалиёти Ўзбекистонда илк марта қўлланилаётганини таъкидлаш жоиз.
Ходимлар учун мазкур Фармоннинг қандай афзалликлари мавжуд?
Йил давомидаги иш ва дам олиш кунларини олдиндан белгилаш нафақат ишлаб чиқаришни тартибга солишда, балки ходимларнинг бўш вақтларини режалаштиришда ҳам қўл келади. Авваллари муайян бир байрамга 2-3 кун қолганда дам олиш кунларининг кўчирилиши белгиланар, бунинг натижасида иш ҳақи ёки иш вақтини ҳисоблаш билан боғлиқ муаммолар, ишлаб чиқаришдаги айрим масалалар очиқ қолиб кетар, Фармоннинг ижросини қисқа фурсат ичида бутун Ўзбекистонда бирдек таъминлаш қийинчиликлар келтириб чиқарарди. Ҳаттоки айрим иш берувчилар Фармонни нотўғри талқин этиши натижасида ходимларни дам олиш кунларида ишга жалб қилиш ҳолатлари ҳам учраб турарди. Жорий йилдан бошлаб амалга киритилаётган механизм эса, мазкур муаммоларга чек қўяди.
Шунга кўра, Президент Фармонида мутасадди ташкилотларга ходимларнинг дам олиш ва байрам кунларидан оқилона фойдаланишини таъминлашни инобатга олган ҳолда келгуси календар йили учун қўшимча дам олиш кунларини белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида ҳар йили 15 октябрдан кечикмасдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, Фармонда мазкур амалиётни жорий этиш мақсадларидан яна бири, бу ички туризмни ривожлантириш эканлигидир. Эндиликда, дейлик, ҳали 2018 йил бошланмай туриб, Наврўз ёки Мустақиллик байрамлари арафасида 5 кунлик дам олиш эълон қилинганини ҳисобга олиб, ходимлар олдиндан ушбу кунлар учун оилавий саёҳатларни, масалан, Бухоро, Самарқанд ёки юртимизнинг бошқа шаҳарларига зиёрат мақсадида боришни режалаштиришлари мумкин.
Шундан келиб чиқиб, ходимлар томонидан фармон билан белгиланган узлуксиз дам олиш кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида оилавий дам олишни ташкил қилиш чоралари амалга оширилиши, шу жумладан, ички туризм маршрутларини шакллантириш ва юртимизнинг тарихий-маданий марказларига ташриф буюришни, республика пансионат ва дам олиш уйларида узайтирилган дам олиш кунларини ўтказиш истагида бўлган ходимлар, уларнинг оила аъзоларига меҳмонхона ва транспорт хизматларига чегирмалар тизимини жорий қилиш кўзда тутилмоқда.
Қайси кунлар дам олиш сифатида эълон қилинди ёки кўчирилди?
Фармон асосида Ўзбекистон қонунчилигида меҳнат муносабатларига оид яна бир янги амалиёт киритилди. Яъни, жорий йилда илк марта ҳар йилги меҳнат таътили давомийлигини қисқартириш орқали байрам кунлари арафасида қўшимча дам олиш куни берилди. Хусусан, 2018 йилда қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгиланди:
2 январ — сешанба;
20 март — сешанба;
31 август — жума.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қўшимча дам олиш кунлари барча ходимларга, жумладан, ҳафтасига 5 ва 6 кун давомида ишловчи ходимларга ҳам бирдек қўлланилади.
Шунингдек, Президент фармони асосида бир қатор дам олиш кунлари байрамлар арафасидаги иш кунига кўчирилди. Хусусан:
6 январь — шанба 3 январ — чоршанбага;
17 март — шанба 19 март — душанбага;
24 март — шанба 22 март — пайшанбага;
25 август — шанба 23 август — пайшанбага;
26 август — якшанба 24 август — жумага;
8 сентябр — шанба 3 сентябр — душанбага;
15 сентябр — шанба 4 сентябр — сешанбага;
29 декабр — шанба 31 декабр — душанбага кўчирилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, шанба кунидан кўчирилган дам олиш кунлари фақат беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун тааллуқли, олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар эса кўчирилган дам олиш кунларида ишга чиқишлари лозим. Фақатгина 26 август — якшанба кунидан 24 август — жумага кўчирилган дам олиш куни барча ходимлар учун амал қилади. Яъни 24 август, жума куни барча ходимлар дам олади, 26 август, якшанба куни эса иш куни ҳисобланади.
Қўшимча дам олиш кунининг эвазига меҳнат таътилининг муддати қандай ҳисобланади?
Бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини уч иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади, ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга юқоридаги қўшимча дам олиш кунлари қўшилади.
Бюджет ташкилоти ҳисобланмаган ташкилотларда қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда ташкилотнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат шартномалари ёки иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишиб қабул қилинадиган бошқа ички ҳужжатларда белгиланади.
Меҳнат таътилининг 3 кунга қисқариши унга бериладиган тўловнинг камайишига таъсир қиладими?
Йўқ, таъсир қилмайди. Бунда иш берувчилар қуйидагиларга алоҳида эътибор беришлари лозим:
Меҳнат кодексининг 134-моддасига биноан ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаслиги;
давлат байрамларига тўғри келган, белгиланган меҳнат таътилининг қўшимча ишланмайдиган кунларини қўшиш йўли билан ходимга йиллик меҳнат таътили давомийлигига берилиши лозим бўлган тўловлар миқдори сақланиши таъминланиши лозим.
Мисол учун, 24 кунлик йиллик меҳнат таътили бериладиган ходимга йил давомида белгиланган 3 кунлик қўшимча дам олиш куни ҳисобига 21 кун меҳнат таътили тайинланади. Лекин меҳнат таътили учун бериладиган тўлов миқдори 21 кун эмас, 24 кун ҳисобидан берилиши керак.
Агар ходимнинг меҳнат таътили 17 кун бўлса, унда ушбу таътилни 3 кунга қисқартириш мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас. Юқорида таъкидланганидек, ҳар қандай ҳолатда ҳам қисқартирилган меҳнат таътилининг муддати 15 кундан кам бўлиши мумкин эмас. Агар ходимнинг меҳнат таътили муддати 17 кун бўлса, унда таътил 3 кунга эмас, 2 кунга қисқартирилади ва ходимга 15 кун меҳнат таътили берилади. Бироқ иш берувчилар ёдда тутишлари лозимки, ушбу ходимга асосий таътилининг муддати ҳисобидан, яъни 17 кун ҳисобидан тўлов амалга оширилиши керак.
Ижтимоий таътиллар муддати ҳам қисқартирилиши мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас. Президент Фармонида белгиланган қоидага кўра, қўшимча дам олиш кунлари ҳисобига фақат меҳнат таътиллари 3 кунга қисқартирилади. Ходимларга бериладиган ижтимоий таътилларни қисқартиришга йўл қўйилмайди. Меҳнат кодексининг 149-моддасига биноан, ходимлар қуйидаги ижтимоий таътиллар олиш ҳуқуқидан фойдаланадилар:
ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари;
болаларни парваришлаш таътиллари;
ўқиш билан боғлиқ таътиллар;
ижодий таътиллар.
Меҳнат таътили пайтида сақлаб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдори қайси ҳужжатга асосан ҳисобланади?
Ушбу Фармон асосида Ўзбекистонда бутунлай янги амалиёт жорий этилаётгани муносабати билан, табиийки, бир қанча саволлар, тушунмовчиликлар пайдо бўлиши мумкин. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Молия вазирлиги ва Касаба уюшмалари Федерацияси билан келишган ҳолда ушбу фармон қоидаларини ҳисобга олиб, йиллик меҳнат таътили пайтида сақлаб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш бўйича йўриқномани бир ой муддатда тасдиқлаш вазифаси юклатилди. Мазкур йўриқнома тасдиқлангандан сўнг, йиллик меҳнат таътили пайтида сақлаб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш масаласидаги кўплаб саволларга жавоб олиш мумкин бўлади.
Ҳамидулла Премкулов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Юридик бўлим мудири