[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

04.01.2018. Барча жабҳаларда меҳр-мурувват устуворлик қилган айни дамларда меҳнат фахрийлари, кам таъминланганлар, боқувчисини йўқотганлар ҳам ҳукуматимиз ҳамда касаба уюшмаларининг беғараз ёрдамидан барҳаманд бўлиб яшамоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида изчиллик билан ­хайрли ишлар амалга оширилаётир. Мақсад: одамлар турмуш шароитини ошириш, мавжуд муаммоларни жойида, сира пайсалга солмай ҳал этишга йўналтирилган.

Сурхондарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан кам таъминланган оилалар уй-жойларини таъмирлаш юзасидан ҳар бир туманда 10 тадан уй режалаштирилган бўлиб, хусусан, Қумқўрғон, Бойсун ва Жар­қўрғон туманларида бу борадаги ишлар поёнига етказилди. Ангор, Қизириқ, Шўрчи, Узун, Олтинсой туманларида ҳам саъй-ҳаракатлар авжида.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда тижорат банклари билан ҳамкорликда 2017-2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли ҳудудий манзилли дастурлар маъқулланиб, хайрли ишлар бошлаб юборилганлиги барчани хушнуд этмоқда. Чунончи, ҳар бир туманда кам таъминланган оилаларга, улар яшаб турган маҳаллалардан 4-5 сотих ер ажратилиб, уй жойларни қуриш ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари томонидан амалга оширилмоқда.

Эзгуликка йўғрилган бу каби ишлар кенг миқёсда олиб борилаяпти. Бугунга қадар вилоятимиздаги кам таъминланганларни тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича, 34 нафар фуқаронинг ҳар бирига соғлигини тиклаши учун тегишли вилоят ва республика шифохоналарига маблағлар ўтказиб берилди. Йил охиригача яна 50 нафар фуқарони тиббий хизмат билан таъминлаш ишлари тўлиқ амалга оширилади.

Эътиборли жиҳати, ҳар бир туман бўйича 111 нафардан иборат эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга маиший-техника воситаларини туманлар ҳокимликлари билан бирга топшириш режалаштирилган. 829 та кам таъминланган оиларга эса имтиёзли микрокредитлар ажратилмоқда.

Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган асосий ишлар ижросини таъминлашга қаратилган ишларга туман ва шаҳар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмитаси ва қатор жамоат ташкилотлари вакиллари кенг жалб этилган.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган эзгуликлардан баҳраманд эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларнинг шодлиги бир олам. Муҳими, эртанги кунга бўлган ишонч ортгандан ортиб бормоқда.

Абдукарим АҲМЕДОВ,

Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси