29.01.2018. Касаба уюшма ташкилотларида тузилган Ёшлар бирлашмасининг асосий мақсадларидан бири ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали жамиятда уларнинг муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашишдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2017 йил 30 октябрдаги 8-93 “с”-сонли “Олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган фаол ёшларга касаба уюшмалари стипендиясини таъсис этиш ва санаторийларга бепул йўлланмалар ажратиш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилган танловда таълим муассаси ҳаёти ва касаба уюшмалари фаолиятида фаол иштирок этаётган, ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган талабалар касаба уюшмалари стипендиясига сазовор бўлмоқдалар.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Бухоро филиали талабаси Оқил Амирбеков ана шундай талабалардан бири бўлди.
Оқил Амирбеков мазкур олийгоҳнинг “Гидромелиорация” факультети, “Ер тузиш ва ер кадастри” таълим йўналишининг 2-босқич талабасидир. Унга касаба уюшма стипендиясини топшириш тадбирида профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, бошланғич касаба уюшма қўмитаси аъзолари ва фаоллари, Ёшлар иттифоқи етакчилари иштирок этдилар. О.Амирбековга “Касаба уюшмалари стипендианти” сертификати тантанали равишда топширилди.