12.02.2018. Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганишлар натижасида ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маиший шароитларини яхшилаш, уй-жойларини таъмирлаш борасида кўмакка муҳтож оилалар аниқланиб, бу борада уларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
– Қарорга асосан биргина Бухоро вилоятидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалардан 26 нафарини уй-жой билан таъминлаш, 130 нафарининг уй-жойларини таъмирлаш, 1443 нафарига маиший техника жиҳозлари олиб бериш, 78 нафарига тиббий хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича ишлар якунланди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Хамза Рўзиев. – Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида олиб борилаётган одамларни рози қилиш сиёсатининг амалдаги ижроси вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида истиқомат қилаётган эхтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган меҳр ва эътибор мисолида янада яққол намоён булмокда.
Бухоро туманидаги Ойбек МФЙ, Нурафшон кўчаси, 37-уйда 2 нафар фарзанди билан истиқомат килаётган Мехринисо Халилова турмуш ўртоғидан эрта жудо бўлди. Ўғилларига ҳам ота, ҳам она бўлган бу аёл оиладаги моддий эхтиёжни тўлдиришга канчалик уринмасин барибир рўзгор юки унинг елкасига огирлик қилади. Тумандаги пахта тозалаш заводида ишлаб топадиган даромади рўзғордан ортмайди. Уй-жойини таъмирлаш, маиший шароитларни яхшилашга имкони йук. Ана шулар инобатга олиниб, бугунги кунда Меҳринисо Халилова хонадони ҳам Президентимиз эътибор ва ғамхўрликлари натижасида обод этилди. Хусусан, унинг уйи жорий таъмирланиб, том қисми профнастиль билан қопланди. Фасад ва ҳовлининг ичкари қисми замонавий кўриниш касб этди.
– Президентимиз томонидан биз каби оддий одамларга кўрсатилаётган бу каби юксак эътибордан бошимиз осмонга етди, – дейди Мехринисо Халилова. – Биз ўз ҳаётимизда мана шу эътиборнинг амалий натижасини кўрдик. Давлатимизнинг бизга булган эътибори мени меҳнат килишга, даромад манбайи яратишга ундади. Бундан руҳланиб оиламнинг ижтимоий аҳволини янада яхшилаш мақсадида фарзандларим билан биргаликда ховлимиздаги томорқа ер майдонидан унумли фойдаланиб, иссиқхона барпо этиш ниятидаман. Аслида хам шундай рағбат ва эътибор инсонни эзгу ишларга руҳлантиради. Бугун қўлларимиз дуода, эл-юрт ободлиги, одамларнинг фаровонлиги йўлида тинмаётган Президентимизнинг умрлари узоқ бўлсин. Эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ва эзгу ишларига юксак ривож тилаймиз.
Шофиркон туманилик 63 ёшни қаршилаган Наталья Шишкоренко-Алиева якка-ёлгиз яшайди. Бу нуронийнинг хонадони таъмирга муҳтож эди. Давлатимиз раҳбари Қарори ижроси юзасидан бу эҳтиёжманд фукарога ҳам уй -жой таъмири учун маблағ ажратилди. Кўримсиз ҳолатга келиб қолган ҳовлининг фасади ва хоналари таъмирланди. Ҳовлида қўшимча бино барпо этилди. Уй атрофи девор билан ўралди. Бундан мамнун бўлган Наталья Алиева ўз фикрларини қуйидагича баён этди.
– Қувончимнинг чеку чегараси йўқ. Президентимизга катта раҳмат, ёлғизлигимни билдирмай мана шундай яхши шароитлар яратиб бердилар, – деди ҳаяжонини яшира олмай Наталья Алиева. – Мен Ўзбекистондек жаннатмакон юртда яшаётганимдан фахрланаман..
Туманнинг Дўрмон МФЙга қарашли Қоғотон қишлоғида Зулайхо Муҳаммедова 2 нафар фарзанди билан яшайди. Турмуш ўртоғи оғир хасталикдан бевақт вафот этгач, Зулайхо опа бироз муддат қариндошининг ҳовлисидаги айвонда яшайди. Ёзнинг чилласию, қишнинг изғиринли кунларини очиқ айвонда ўтказади. Зулайхо ҳали ёшига тўлмаган ўғлини бевақт бой беради. Қишлоқ аҳли унга кўмак бериш мақсадида фойдаланилмасдан келаётган ҳудуддан унинг оиласига кичкина бир турар жой қуриб беришга қарор қилади. Зулайхо Мухаммедованинг ночор ахволи ишчи гуруҳи аъзолари назаридан четда қолмади. Унинг ҳовлиси учун зарур бўлган қурилиш материаллари ажратилди ва бу ерда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилди. Энди Зулайхонинг иссиққина уйи, ётоқхонаси, ўз ошхонаси бор.
– Давлатимизга раҳмат, мен ҳам ўз уйимга эга бўлдим. Бу мен ва фарзандларим учун жуда катта бахт, – дейди Зулайхо Муҳаммедова. – Энди она сифатида менинг кўнглим хотиржам – ўз бошпанамиз бор. Фарзандларимни келажакда эл корига ярайдиган, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар қилиб тарбиялайман.
Орзунинг қаноти бор. Бугун жажжи қўллари билан ерга ниҳол кадаётган Жахонгир ҳам онаси сингари орзулари руёбига ишонади. Унинг мақсадларига қанот берадиган давлатнинг ишончини оқлашга ҳаракат килади. Катта бўлсам ҳарбий бўламан, она Ватанимга сидқидилдан хизмат киламан дейди у.
Жондор тумани Хумин МФЙда истиқомат қилувчи Шофиддин Курбонов ва унинг турмуш ўртоғи имконияти чекланган оилалардан. Қариндошлари, қўни-қўшнилари уларнинг ҳолидан доимий тарзда хабар олиб туришади. Шофиддин аканинг ҳовлиси ҳам таъмирталаб. Буни инобатга олиб, унинг хонадонини таъмирлаб беришга қарор қилинди. Юқоридаги хонадонлар сингари уйнинг томи шифер билан қопланиб, яшаш хоналари замонавий тусга келтирилди. Мебел анжомлари билан жиҳозланди.
Бугун мамлакат миқёсида аҳолининг эхтиёжманд қатламига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмокда. Халқ манфаатлари олий қадрият деган шиор оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар турмуш тарзида буй кўрсатмоқда. Сўз ва амал бирлиги, қарорларнинг фақат қоғозларда эмас, инсонларнинг ҳаёт тарзида акс этаётгани аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламокда.
Буни вилоятнинг Бухоро, Шофиркон, Жондор туманларидаги қатор юртдошларимизнинг миннатдорчилик сўзларида ҳам кўриш мумкин.
Бундай чора-тадбирлар юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг ёркин намунаси. Мақсад эса аён – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, одамларнинг эртага эмас бугун яхши яшашини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишдир.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан республикамиз ҳудудларидаги олис қишлоқ ва овулларда истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилмоқда ва мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этмоқда.
Эзгуликка йўғрилган бундай хайрли тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундайверади.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари