12.02.2018. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамиз ҳудудларида тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Хоразм вилоятида эҳтиёжманд оилалар вакилларига маиший техникалар топширишга бағишланган тантанали маросим ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан турли соҳаларда туб ислоҳотлар олиб борилмоқда ва уларнинг асосини инсон омилига эътибор ташкил этмоқда. Натижада бугунги кунда одамларни рози қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди.
Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, касаба уюшма вакиллари хонадонма хонадон юриб, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий, маиший шарт-шароитлари ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда оилалардаги муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шу асосда юзлаб ногиронлиги бўлган фуқаролар уй-жойларга эга бўлдилар, кўплаб эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитлари яхшиланди, саломатликларини мустаҳкамлаш чоралари кўрилди.
Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан биргина Хоразм вилоятида эҳтиёжманд оилаларнинг 24 нафарини уй-жой билан таъминлаш, 120 нафарининг турар жойларини таъмирлаб бериш, 1332 нафарини маиший техника билан таъминлаш, тиббий хизматга муҳтож бўлган 72 нафар фуқаронинг саломатлигини тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу каби тадбирлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрида ўтказилмоқда. Масалан, Урганч тумани ва Урганч шаҳридан 222 нафар эҳтиёжманд оилага маиший техника жиҳозлари – замонавий кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар топширилди. Маиший техникаларни қабул қилиб олган юртдошларимиз, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан мамнун эканликларини, бу уларнинг ҳаётга бўлган иштиёқларини ошириб, жамиятда ўз ўрнини топишга интилишларида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидламоқдалар.
– Мен ўн икки йилдан буён юра олмайман. Узоқ йиллар давомида уйдан чиқмай келдим. Ойнаи жаҳон орқали мамлакатимиз раҳбарининг маърузаларини тинглаб, биз каби ногирон инсонларга кўрсатаётган меҳр ва эътиборларини кўриб, ўзимда яшашга рағбат сездим. Қисқа бир йилда тикиш ва тўқишни ўргандим. Кичик ҳикоялар ёзяпман. Мени ҳаётга қайтарган Президентимдан умрбод миннатдорман, – дейди “Байналмилалчи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зуҳра Озодбоева.
Бундай фикрларни кундалик турмушда зарур маиший техникалар билан таъминланган яна 111 нафар урганчликлар ва уларнинг яқинлари кўзда қувонч ёшлари билан баён қилдилар.
Одамларни рози қилиш, ҳаёт сифатини яхшилаш, қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бундай тадбирлар давом этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати