[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.02.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий  масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун тузилган Бош келишувнинг бажарилиши бўйича учтомонлама комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Бош келишувнинг 2017 йилда бажарилиши якунлари муҳокама қилиниши билан бирга 2018 йил учун унинг асосий параметрларини бажаришга оид вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилаётган “2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га асосланган Бош келишувнинг барча бўлим ва тадбирларини бажариш бўйича 2017 йилда ижтимоий шериклар, яъни давлат идоралари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, иқтисодиётни, миллий ишлаб чиқаришни ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, эркин рақобат муҳитини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада ҳисобот йилида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари мувозанатини сақлаб қолишга эришилди. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 2017 йилда 249 трлн. 136,4 млрд. сўмни ташкил этди ва 2016  йилга нисбатан 5,3 фоизга ошди. Аҳоли жон бошига ЯИМ 7 млрд. 692 минг сўмни ташкил этди, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,6  фоизга кўпдир.

ЯИМ ўсишига асосий улуш хизматлар соҳалари томонидан қўшилди, у ҳам ўтган йилга нисбатан 6,9 фоизга ўсди. ЯИМ таркибидаги бирламчи сектор, яъни қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги улуши 2016 йилдаги 18,1 фоиздан 2017 йилда 19,2 фоизга оширилишига эришилди, иккиламчи секторда, яъни ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларида эса бу кўрсаткич 32,9 фоиздан 33,5 фоизга ўсди. ЯИМ тизимида мулкчилик шаклига кўра жами ҳажмнинг 81 фоизи иқтисодиётнинг нодавлат секторига, 19 фоизи эса давлат секторига тегишлидир.

Кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун яратилган шароитлар натижаси ўлароқ 2017 йилда деҳкон ва фермер ҳўжаликларидан ташқари             38,2 мингта янги кичик корхона ва микрофирмалар очилди, бу ўтган йилга нисбатан 122 фоиз ўсишга эришилганидан далолат беради.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда Бош келишув ижроси доирасида меъёр ижодкорлиги ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар содир бўлганда ходимларга етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги 17-сонли, саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги      81-сонли, меҳнаткаш-мигрантлар тўғрисидаги 97-сонли (қайта кўриб чиқилган), қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-сонли, халқаро меҳнат меъёрларини қўллашга кўмаклашиш бўйича уч томонлама маслахатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли, касаначилик тўғрисидаги 177-сонли, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асосий қоидалар тўғрисидаги 187-сонли каби конвенцияларини миллий қонунчиликка татбиқ этиш имкониятлари ўрганиб чиқилди. Мазкур халқаро меҳнат стандартлари асос сифатида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори билан тасдиқланган “Меҳнат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури” га киритилди.

Шунингдек, 96 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, “Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича нодавлат ташкилотлар (рекрутинг агентликлари) тўғрисида”, “Давлат хизмати тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқишда ижтимоий ҳамкорларнинг иштироки таъминланди.

Ҳисобот даврида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иш берувчилари, раҳбарлари, олий ва ўрта махсус ўқув муассасалари битирувчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини судгача бўлган даврда ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш, колл-центр тармоқлари, Ишонч телефонлари ҳамда вазирлик, идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг виртуал қабулхоналарини кенгайтириш орқали меҳнат қонунчилигидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси ва барча малака ошириш таълим муассасаларида “Халқаро ва миллий меҳнат стандартлари” мавзуидаги машғулотларни олиб бориш йўлга қўйилди. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси ва меҳнат инспекциялари мутахассислари кўмагида ХМТ экспертлари иштирокида республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг мансабдор шахслари, фермерларнинг салоҳиятини ошириш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди.

Бош келишув ижроси доирасида меҳнатга ҳақ тўлаш, аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини ошириш масалалари борасида ҳам муҳим натижаларга эришилди. Хусусан, 2017 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикасида номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақини 2016 йил билан таққослаганда, 12,3 фоизга ўсишига эришилди. Ёлланма ходимлар даромадлари 12,8 фоизга ўсди.

2017 йил мобайнида касаба уюшмалари органлари ва меҳнат инспекциялари томонидан ходимларнинг ойлик иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар қабул қилинди. Иш берувчилар томонидан меҳнат ҳақининг энг кам миқдори стандартларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоат назорати ўрнатилди, яъни, бу миқдорнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Ягона тариф сеткасининг 1  разряди ставкасидан кам бўлмаслиги бўйича назорат олиб борилди. Хусусан, касаба уюшмалари томонидан қарийб 6700 та ташкилотнинг иш фаолияти ўрганилиши натижасида, уларнинг 354 тасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Шунингдек, аксарият хўжалик субъектларида жамоа-шартномавий ҳужжатлар орқали иш ҳақи фондининг тариф (кафолатланган) қисми оширилишига эришилди.

Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш масалаларида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан асосий эътибор барқарор иш ҳақи ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида янги иш ўринларини ташкил этиш, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф қатламларини иш билан таъминлаш масалаларига қаратилди. Хусусан,  2017 йилда меҳнат ресурслари сони 18 млн 672 минг 500 нафарни ташкил этди, яъни 2016 йилга нисбатан 183,6 мингтага ўсиш кузатилди. Банд аҳолининг 17,3 фоизини давлат секторида меҳнат қилаётганлар, 82,7 фоизини эса нодавлат секторида фаолият кўрсатаётганлар ташкил этди.

2017 йилда Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан 336 минг 146  та янги иш ўринлари яратилиб, уларнинг 101 минг 583 таси саноат, 66 минг 159 таси – хизмат кўрсатиш ва сервис, 51 минг 589 таси – қишлоқ хўжалиги, 26 минг 780 таси – ишламаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш, давлат тассаруфидаги объектларни ижарага бериш ёки хусусийлаштириш ва 90 минг 45 таси якка тартибдаги тадбиркорлик ҳисобига тўғри келди. Шунингдек, 453 минг 126 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 330 минг 804 нафари иш билан таъминланди.

2017 йилда Жамоат ишлари фонди ташкил этилиб, улар маблағи ҳисобидан 27 минг 108 нафар вақтинча банд бўлмаган фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Ҳисобот даври давомида касаба уюшма ташкилотлари томонидан 47 мингта корхона ва ташкилотда 210 минг янги яратилган иш жойларининг ҳақонийлиги ўрганилди. Тадбир давомида 92 та хўжалик субъектида 387 та иш ўрни ўз вақтида ташкил этилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, фермер хўжаликларини ўрганиш мобайнида 43 минг янги иш ўрнидан 1016 таси ўз вақтида ташкил этилмаганлиги, хусусий тадбиркорлик соҳасида эса ташкил этилиши лозим бўлган 37 минг янги иш ўрнидан 76 таси режадаги муддатда яратилмагани аниқланди. Ушбу фактлар бўйича, касаба уюшмалари томонидан уларнинг сабаблари таҳлил қилиниб, ижтимоий шериклар билан биргаликда жойлардаги ижро органларига таклифлар киритилди.

Бош келишув доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси ва ижтимоий шериклар томонидан меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, меҳнат муҳофазасини ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини инобатга олган ҳолда асосий эътибор ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратилди. Касаба уюшмалари, давлат ва назорат органлари ҳамкорлигида меҳнат шароитлари ва муҳофазаси ҳолатларини мунтазам ўрганиш тизими амалиётга татбиқ этилди. Шунингдек, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларига мос янги таҳрирдаги меъёрий-ҳуқуқий хужжатларнинг мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш ишлари олиб борилиб, мазкур йўналишда 16 та лойиҳа тайёрланди.

Иш жараёнида саломатлигини йўқотган, касб касаллигига чалинган ёхуд боқувчисини йўқотган ходимлар ва шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш борасида Касаба уюшмалари томонидан тизимли ишлар олиб борилди. Хусусан, касаба уюшмалари мутахассислари меҳнат мажбуриятларини бажариш чоғида касб касалликларига чалинган ёки саломатлигига бошқача тарзда зарар етказилганлиги учун зарарни қоплаш юзасидан олиб борилган 40 га яқин суд ишларида иштирок этдилар. Корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида имзоланган Жамоа шартномалари орқали меҳнат муҳофазаси тадбирлари учун 76 млрд. сўм сарфланди.

Кам таъминланган оилалар, ёш болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларига жамоа шартномалари ва келишувларининг ижтимоий кафолат ва ижтимоий ҳимоя қисмига биноан моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ногиронлар ва қарияларни қўллаб-қувватлаш давлат тизимини такомиллаштириш   борасидаги   қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари томонидан 3 минг 37 нафар меҳнат фахрийси ва қариялар учун республикамизнинг тарихий ва диққатга сазовор масканлари бўйлаб туристик саёҳатлар ташкил этилди. 592 нафар ногирон ва ёлғиз кексанинг коммунал тўловлари қопланди. Турли байрамлар муносабати билан “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшовчи инсонлар учун маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, 136 млн 400 минг сўм миқдорида маиший-техника жиҳозлари, кийим-кечак ва гигиеник воситалари тақдим этилди. Шунингдек, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида Жамоа шартномаси ва келишувлари орқали 110 минг нафар кекса авлод вакилларига 41,9 млрд. сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда давлат бюджети ҳисобидан 2366 нафар фронт орти уруш фахрийлари бепул соғломлаштирилди. Касаба уюшмалари томонидан 7385 нафар ишловчи пенсионерлар ва касаба уюшма аъзоларининг ота-оналари имтиёзли асосда, 344 нафар ишловчи пенсионерлар бепул соғломлаштирилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастури доирасида касаба уюшмалари ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида халқ орасида ўрганишлар олиб борди. Жумладан, Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 2 млн. 160 минг хонадонда бўлиб, улардаги 650 мингдан ортиқ муаммони аниқладилар. Ушбу муаммолардан 556,5 мингини бартараф этиш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилиши натижасида йил давомида 397 мингдан ортиқ муаммо бартараф этилди.

2017 йилнинг май ва апрель ойларида кам таъминланган ва муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия акциялари доирасида касаба уюшмалари томонидан 3280 нафар ўғил болаларнинг суннат тўйи, 616 нафар жуфтликнинг эса никоҳ тўйлари ўтказиб берилди.

Бош келишув доирасида Касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳамкорлигида меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари ўтказилди, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари маданий дам олдирилиб,  туристик саёҳатлар соғломлаштириш билан қамраб олинди. Кам таъминланган ва кўп болали оилалар аъзолари, байналминал жангчилар, Чернобил АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашганлар, меҳнат фаҳрийлари ва ногиронлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олдида хизмат кўрсатган шахсларга санатор-курорт муассасаларида даволанишлари учун касаба уюшмалари томонидан 1480 та бепул йўлланма тақдим этилди. Шунингдек, 326 минг 276 нафар ўғил-қиз ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида соғломлаштирилди, улардан 2795 нафари “Меҳрибонлик” уйилари тарбияланувчилари, 4748 нафари эса Оролбўйи ҳудуди ва Сурхондарё вилояти болаларидир.

Таъкидлаш зарурки, Бош келишув аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатларни ўрнатиш учун асос сифатида хизмат қилди. Хусусан, ҳисобот даври мобайнида жамоа шартномалари орқали 2  ёшдан 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган 14 минг 596  нафар аёлга моддий ёрдам кўрсатилди. 3523 та ташкилотда 6066 нафар ёш болали аёлнинг иш соати қисқартирилиб, уларнинг меҳнат қилиши учун қўшимча қулайликлар яратиб берилди. 2375 нафар ёш оилага уй-жой қурилиши ёки жиҳозлар ҳарид қилишлари учун фоизсиз ссудалар тақдим этилди, шунингдек, 4486 нафар ёш ходимга сафарбарлик чақируви захирасида ҳарбий хизматни ўташлари учун ссудалар берилди.

Бош келишув доирасида меҳнат соҳасида ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Бош келишув асосида 100 дан ортиқ тармоқ, 14 та ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда 158 мингдан зиёд жамоа шартномалари қабул қилинди.

Касаба уюшмлари Федерацияси томонидан долзарб муаммоларни давлат органлари билан муҳокама қилиш орқали бартараф этиш мақсадида 2017 йилнинг декабрь ойида барча шаҳар ва туманларда, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда “Меҳнат соҳасида муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида жамоатчилик эшитувлари шаклидаги давра суҳбатлари уюштирилди. Уларда ўртага ташланган масалаларнинг асосий қисми мулоқотлар давомида жойида ҳал этилди. Қолганлари эса вазирликлар, идоралар ва нодавлат, нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтказилган республика давра суҳбатида кўриб чиқилди.

Бош келишувнинг бажарилиши бўйича учтомонлама комиссия йиғилишида ижтимоий шериклар олдида турган галдаги долзарб вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, Бош келишувни амалга татбиқ этиш жараёнида энг кам иш ҳақини ўрнатиш бўйича учтомонлама муҳокамалар ўтказиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича шаҳодатдан ўтказиш, давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва меҳнат муҳофазаси тадбирларини молиялаштириш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш масалаларига эътиборни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Муҳокама этилган барча масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати