21.02.2018. Муҳтарам Президентимизнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакатимиздаги ҳеч бир аёлни бефарқ қолдирмади десак, асло муболаға эмас. Жойларда бўлганимизда, опа-сингилларимиз ушбу Фармон мазмун-моҳияти ҳақида янада чуқурроқ билиш иштиёқида кўплаб саволлар билан мурожаат қилмоқдалар.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бошқа ўта муҳим вазифаларни амалга ошириш орқали хотин-қизлар қўмитаси аёлларнинг чинакам таянчига айланиши шубҳасиз.
Маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимининг жорий этилиши ҳам опа-сингилларимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади, албатта.
«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази эса оила институтининг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши аниқ.
Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши ўзбек аёллари ўз истеъдодларини дунёга кўз-кўз қилиши учун янгидан-янги имкониятлар очади. Бу фонд кўмагида эҳтиёжманд аёлларимиз муаммолари ечим топиб, оилаларнинг иқтисоди мустаҳкамланади, хонадонларда фаровонлик ҳукм суради.
Фармонни ўқиб, қизларимиз қанчалик суюнаётганини ифодалаш қийин. Айниқса, бундан кейин Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳар бир вилоятдан 14 ёшга тўлган ва 30 ёшгача бўлган иккитадан қизга берилиши уларнинг ўз иқтидорларини янада кенгроқ намоён қилишларида қўл келади. Зулфияхоним издошлари сафининг кенгайиши билимли, иқтидорли, юртпарвар қизларимизнинг кўпайишидан далолатдир. Демак, саф ҳам, куч ҳам, имконият ҳам кенгаяди, натижа янада сермаҳсул бўлади.
Фармонга мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга бериладиган «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилганлиги аёлларнинг давлат томонидан янада улуғланганлигининг ёрқин намойишидир.
Бугунги кунда хоразмлик касаба уюшмаси аъзоларининг олтмиш фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил қилади. Жамоа шартномаларига киритилган алоҳида боб орқали ишловчи опа-сингилларимиз манфаатлари ҳимояга олинган. меҳнатлари муҳофаза этилиши, ҳуқуқий ҳимояга олинганлиги ишловчи аёлларга ўз вазифасини виждонан бажариш ва оиладаги мавқеини ҳам мустаҳкам тутиш имконини беради.
Айни вақтда мазкур Фармон фаолиятимизни янада кучайтириш кераклигини кўрсатмоқда. Бу, айниқса, хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Биз хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда Фармондан келиб чиқадиган вазифалар асосида янги чора-тадбирлар режасини белгилаб олдик. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар юзасидан зарур чораларни кўриш бугунги кунда комиссия олдида турган энг долзарб вазифалар сирасига киритилди.
Муяссар РАҲИМОВА,
Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси