06.03.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини тарғиб этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари масъул ходимлари, турли соҳаларда фаолият олиб бораётган меҳнаткашлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига Республикамиз Президентининг “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти чуқур тушунтирилиб, аҳолининг яшаш фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш, ходимларнинг меҳнат қилиши ва дам олиши учун қулай шароитлар яратиш борасида Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан яратиб берилаётган имкониятлар, имтиёз ва қулайликларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, мазкур Фармон ижросини таъминлаш йўналишларида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар тўғрисида тўхтаб ўтилди.
Иштирокчилар фармонга кўра байрам кунларидаги 5 кунлик дам олиш кунларини сермазмун ва самарали ўтказиш, юртимизнинг тарихий шаҳарларига оилавий ҳамда жамоавий саёҳат қилиш каби имкониятларга эга бўлганликларидан беҳад мамнун эканликларини таъкидладилар. Мамлакатимизда ички ички туризмни ривожлантиришга уносиб ҳисса қўшувчи мазкур йўналишлардаги ишларда касаба уюшмалари Федерацияси ҳам муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Федерация қошидаги “Касаба сайр” шўъба корхонаси меҳнаткашлар учун махсус саёҳат дастурларини ишлаб чиқиб, амалга ошираётгани қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг юридик бўлими мудири Ҳамидулла Премкулов ҳамда Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон Исаевлар мавзу юзасидан маъруза қилдилар.
Тадбир очиқ мулоқот тарзида давом этиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати