20.04.2018. Катта мақсад, ёрқин келажак сари одимлаб бораётган юртимизда воқеликларга холисона баҳо бериш тобора одат тусига кириб бормоқда. Баъзан ўйлаб қоласан киши: асл ҳолатларни бўяш, бежаш қусури бизда қаёқдан пайдо бўлди, ўзи? Бир замонлар олис шимолдан келган «катта»ларга яхши кўриниш учун шундай қилинарди. Замон ўзгарса ҳам шууримизга ёпишиб қолган бу иллатдан, негадир, шу пайтгача қутула олмадик.
Президентимиз кўп бора, такрор-такрор айтса-да, баъзи онги қотиб қолган раҳбарларга бу гаплар таъсир қилмади чоғи. Рост-да, бизга тозалик, ободончилик бир кунга ёки маълум вақтга керакми? Қандайдир бир каттароқ тадбир ёки анжуман бўлса, асфальтда арчазор пайдо бўлиб қолиши тўғрими ахир?! Бир неча кундан сўнг эса бошига қийиқ боғлаган ҳашарчилар қовжираб, қуруқ шохга айланган чўпакларни йиғиш билан овора. Кимга керак бу кўзбўямачилик?
Очиғи, кейинги пайтларда таълим ва тиббиёт ходимлари ҳашардан бўшамай қолди. Катта йўл бўйини тозалашми, темир йўл атрофини тартибга келтиришми, ана шу соҳа эгалари зиммасига юклатилади. Ҳашарчи ҳамшираларни-ку қўяверасиз. Айниқса, эндигина соҳага кириб келган ёшлар бундай рўйхатларнинг бошидан жой эгаллаши-чи? У иш ўрганиши, касб сирларини эгаллаши кераклигини ҳеч ким ўйламайди ҳам.
Ватанни севмоқ иймондандир. Ҳар биримиз жонажон ўлкамизни, шаҳримизни, она қишлоғимизни жондан азиз биламиз. Бу ерларнинг орасталиги ҳеч ким уқтирмаса-да, биз учун керак. Аммо бу хайрли ишлар қайсидир соҳанинг гарданига илиб қўйиш ҳисобига бўлмаслиги даркор. Қайсидир раҳбар танбеҳ эшитмаслиги учун ўқувчи ва бемор азият чекиши инсофсизликдан бошқа нарса эмас.
Фуқаролик жамияти сари дадил илгарилаб бораётган юртимизда нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, бошқарув соҳаларида ҳам қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Меҳнат соҳасида, меҳнат муносабатларини йўлга қўйишда қатор янгиликлар бор. Қонунларимиз тубдан такомиллаштирилиб борилмоқда. Бу эса халқимиз ҳуқуқий саводхонлигининг ошишига хизмат қилаяпти.
Таъкидлаш ўринли, мамлакатимизда ХМТнинг қатор конвенциялари ратификация қилинган. Мажбурий ва болалар меҳнатининг ҳар қандай кўринишига қарши кураш бошланди. Эндиликда, шунча қилинган меҳнат ўз аравасини тортолмаган, соҳалар фаолиятини яхши билмаган қайсидир раҳбар туфайли йўққа чиқиши керакми?..
Ҳукумат раҳбарининг таълим ва тиббиёт ходимларини мажбурий тарздаги меҳнатга жалб қилган мутасаддилар фаолиятига берган баҳоси билан ижтимоий тармоқлар орқали танишдик. Бу бутун халқимизга маъқул бўлди. Одамлар кўнглидаги, тилининг учидаги гаплар айтилди. Ўйлайманки, бундан кейин ана шу тахлитдаги ёндашувларга чек қўйилади.
Нигина ДАВРОНОВА,
Самарқанд шаҳар марказий шифохонаси бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси