[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.04.2018. Касаба уюшмалари ҳар бир фуқаронинг меҳнат, ижтимоий ҳимояланиш, дам олиш ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашади. Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик тамойили асосида изчил ҳамкорликни йўлга қўйган.

Маълумки, корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда меҳнат билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солишда жамоа шартнома ва келишувлари муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда вилоятимиздаги мавжуд юридик шахс­ларнинг 97,6 фоизи билан жамоа шартномалари тузилган бўлиб, улар орқали ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ миқдори 10 млн. 329 минг 600 сўмни ташкил этмоқда. Шунинг ўзиёқ жамоа шартномасининг меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳимоялашда тутган ўрни ниҳоятда беқиёс эканини кўрсатиб турибди.
Иш берувчи ва ходимлар ўртасида тузилган жамоа шартномасига асосан корхона ходимлари учун қулайликлар яратилиб, кўшимча имтиёз ва кафолатлар берилмоқда. Ходимларнинг турли сиҳатгоҳларда имтиёзли дам олиши, спорт, соғломлаштириш ҳамда маданий-маърифий тадбирлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, дам олиши, соғлиғини тиклашига кўмаклашиш, фарзандларини оромгоҳларда соғломлаштириш, маданий ва спорт тадбирлари уюштириш билан бир қаторда корхона-ташкилотларда меҳнат қонунчилиги қоидаларига амал қилиниши, меҳнат муҳофазаси устидан жамоатчилик назоратини олиб боради.
Бундан ташқари, жамоа шартномаси орқали ходимларга корхонада бехатар ва қулай меҳнат шароити яратиб берилиши, иш жойида саломатликка салбий таъсир кўрсатадиган зарарли омиллар бўлмаслиги, ходимлар махсус кийим-бош, пойабзал, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда эса махсус ва парҳез таомлар билан таъминланиши, иш берувчи маблағи ҳисобидан белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтказилиши тизимли равишда йўлга қўйилган.
Ходим касаба уюшмасига аъзо бўлганда нафақат ўзи, балки оила-аъзоларининг ҳам касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлардан бирида имтиёзли равишда дам олиши, (ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари) саломатлигини тиклаши, фарзандларини болалар соғломлаштириш оромгоҳларида имтиёзли ёки бепул тарзда дам олдириши мумкин бўлади. Шу билан бир қаторда, оилавий ва жамоавий спартакиадаларда қатнашиш, театр ва концертларга имтиёзли чипталар олиш, юртимизнинг тарихий жойларига саёҳатлар уюштириш орқали уларнинг ҳам манфаати ҳимояланишига имкон яратилади.
Таҳлил натижаларида жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимоя чораларини қўллаш амалиёти кенгайганлигини яққол сезиш мумкин.
Бунга мисол сифатида «Қизилқумцемент» акционерлик жамиятида жамоа шартномаси орқали меҳнаткашларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни келтириш мумкин. Ходимларга корхонадаги иш стажига кўра 1 кундан 7 кунгача қўшимча меҳнат таътили берилиши, ходимларни ишга олиб келиш ва ишдан олиб кетиш учун бепул автобуслар жорий этилгани, лавозим маошларини ҳисоб­лашда меҳнатга ҳақ тўлаш тариф сеткасида белгиланган коэффициентлари мамлакатимизда амал қилаётган Ягона тариф сеткасидагига нисбатан 1,6 баробар юқори экани корхона бўйича ўртача иш ҳақи энг кам иш ҳақининг 15 баравари ўрнига 23,3 баравари миқдорига етказилгани, зарарли ва оғир меҳнат шароитларидаги иш учун ходимларга тариф ставкалари ёки лавозим окладларининг 12 фоиздан кам бўлмаган миқдорда компенсация белгилангани лакомотив машинистларига тоифа малакалари учун ва уларнинг ёрдамчиларига қўшимча тўлов ўрнатилган тоифа ставкасига нисбатан ҳисобот ойида ҳақиқатда ишлаган вақти ва тоифа малакаси учун 5 фоиздан 15 фоизгача устамалар қўшилгани, 26 нафар ишчига устозлик қилгани учун 7 млн. 340 минг сўм қўшимча ҳақ тўлангани, ишчиларнинг ўзлари ва яқин қариндошлари жамият тасарруфидаги соғломлаштириш профилакториясига ҳар йили саломатликларини тиклаётгани шулар сирасидандир.
Ҳар бир жамоа катта ишонч ва умид билан касаба уюшма етакчисини сайлайди. Етакчидан эса бундай ишончни оқлаши учун жамоа ва корхона ҳаётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, касаба уюшмалари ўз аъзоларининг ҳаёти янада мазмунли ўтиши учун беминнат хизмат қилади.

Наргиза ЙЎЛДОШЕВА,
Навоий вилояти касаба  уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши мутахассиси