25.04.2018. 2018 йилнинг 25 апрель куни Тошкентда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида ўтказилаётган халқаро конференция ўз ишини бошлади. Халқаро анжуманнинг “Аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилишни ташкил этишда давлатнинг етакчилик роли” мавзуига бағишланган биринчи ялпи мажлисини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Конференция ишида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Умумевропа минтақавий кенгаши, Халқаро иш берувчилар ташкилоти раҳбарлари, 30 дан ортиқ мамлакатдан нуфузли халқаро экспертлар ва йирик олимлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия Федерацияси, Афғонистон, Албания, Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Хитой халқ Республикаси, Эстония, Грузия, Италия, Латвия, Литва, Малайзия, Молдова, Непал, Сербия, Туркия, Замбия каби ҳорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари раҳбарлари иштирок этмоқдалар. Анжуманда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Парламенти аъзолари, мамлакатимиздаги суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари, Республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда Ахборот агентликлари журналистлари қатнашмоқда.
Халқаро конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида юртимизда ҳаётга татбиқ этилаётган мутлақо янгича ижтимоий сиёсатнинг мазмун ва моҳиятини дунё жамоатчилигига етказиш, давлат органлари, касаба уюшмалари, Савдо-саноат палатаси ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ўзаро ҳамжиҳатлиги ва шериклиги истиқболларини белгилаб олишдир.
Таъкидлаш зарурки, кўзланган мақсадларга кўра мазкур халқаро конференция бевосита ижтимоий-меҳнат масалаларини бўйича анжуман иштирокчиларининг таклифлари, фикрлари ва тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш учун халқаро майдон вазифасини ўтайди. Анжуманнинг айнан шу форматда ўтиши шак-шубҳасиз Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлигини, мазкур йўналишда фаол, амалий ҳамкорликка, халқаро ва чет эл тажрибасини ўрганиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини намойиш қилади.
Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиков томонидан таъкидланганидек, бугун Марказий Осиё минтақасида янги тамойиллар кучга кирмоқда, кўп йиллардан бери мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш, савдо-иқтисодий ва маданий-ижтимоий алоқаларни кенгайтириш, аҳолининг барча қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун қулай имкониятлар очилмоқда. Шу боис юз бераётган воқеликларни чуқур англаган ҳолда ижтимоий шерикликнинг устувор йўналишларини белгилаб олмоқ жуда муҳимдир. Бугун Ўзбекистон халқи мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни кўтаринки руҳ, катта умид ва ишонч билан қўллаб-қувватламоқда. Давлат ва жамоат тузумини такомиллаштириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини тубдан ўзгартириш бўйича изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.
– Кўплаб нуфузли сиёсатчилар ва экспертлар фикрича, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар миқёси жиҳатидан бетакрорлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур ислоҳотлар ҳар бир инсонга, унинг кундалик эҳтиёжларини ҳал этишга йўналтирилганлиги боис, рўй бераётган ўзгаришлар бошиданоқ Ўзбекистон халқи томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда, – деди ўз сўзини давом эттириб Қ.Рафиков. –
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уч асоссолувчи чақириғи, яъни тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ҳамда инсон ҳуқуқлари акс этганТаъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда Давлат бюджети ҳаражатларининг 60 фоизи ижтимоий-маданий соҳалар: таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоялашга йўналтирилади. Мамлакатда “Инсон манфаатлари барча нарсадан устун” деган олийжаноб ғояни ҳаётга татбиқ этишга, аҳоли фаровонлигини изчил ошириб боришга юксак эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир инсон ва ҳар бир оиланинг ҳаётий манфаатларига дахлдор бўлган энг муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун мақсадли дастурлар амалга оширилмоқда. Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда йирик ўзгаришлар рўй бермоқда.
Форумда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни яққол кўрсатиб берувчи қатор рақам ва фактлар келтириб ўтилди. Ўзбекистонда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида қишлоқ аҳолиси салмоқли ёрдам олиш билан бирга турли имтиёзларга эга бўлгани таъкидланди. Бугун Ўзбекистон катта қурилишлар майдонига айлангани, ҳар бир инсон манфаатини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг ўзида мамлакат миқёсида 2017 йилга нисбатан 2 баробар кўп ижтимоий турар-жойлар, шу жумладан, ёш оилалар учун 1500 га яқин хонадон, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун 3000 хонадон, шунингдек, ҳарбий хизматчилар учун 100 та кўп қаватли уй барпо этилиши, қишлоқ жойларида барча қулайликларга эга бўлган 20 мингдан ортиқ уй-жойлар қурилиши эътироф этилди.
Анжуманда Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида эришилган натижалар ҳам таҳсинга сазовор эканлиги эътироф этилди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида самарали натижаларга эришилгани таъкидланди. Қисқа муддат ичида қўшни давлатлар билан ҳамкорликда кўплаб масалалар ҳал этилишига эришилгани қайд этилди.
Иштирокчилар, шу жумладан ҳорижий экспертлар Ўзбекистонда кечаётган бугунги ўзгаришлар мамлакат янги тарихини бошлаб бергани, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда юз бераётган улкан янгиланишлар мамлакатнинг дунё ҳамжамияти билан том маънода интеграциялашувини таъминлаётганини эътироф этдилар. Натижада бугун Ўзбекистон дунёни ўзига чорлаётгани, ёпиқликдан очиқ прагматик сиёсат сари юзланаётгани алоҳида таъкидланди.
Халқаро конференцияда анжуман иштирокчиларига Халқаро Меҳнат Бюроси Бош директори Гай Райдер ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроу томонидан йўлланган видеомурожаат намойиш этилди.
Анжуман иштирокчилари мамлакатдаги ижобий ўзгаришлар ҳар куни ва ҳар қадамда юз бераётганини, бугунги ислоҳотларнинг алоҳида хусусияти – уларнинг барча жабҳа ва соҳаларни бирдек қамраб олганида эканлигини ҳам алоҳида таъкидлашди. Мазкур йўналишлардаги ишлар пухта ўйланган давлат дастурлари асосида ҳал этилаётгани эътироф этилди.
Анжуманда албатта, бундай янгиланишлар бугун барча соҳада юз кўрсатаётгани, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳам ўз фаолиятини 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ташкил этиб, аҳоли фаровонлиги йўлида изчил ишларни олиб бораётгани таъкидланди. Мазкур йўналишлардаги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувга киритилгани, Бош келишув асосида 100 дан ортиқ тармоқ келишувлари, 14 та ҳудудий келишув ва бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда 171 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилаётгани қайд этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур локал ҳужжатларнинг барчаси ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс тадбирларни ўз ичига олган. Ўзбекистон касаба уюшмалари мазкур локал ҳужжатларга мувофиқ ходимларнинг реал даромадларини босқичма босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларини касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш ишларида ҳамкорлик кўрсатмоқда. Касаба уюшмалари Федерациясининг дастурий ҳужжатларига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, имконияти чекланган болалар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш, бандликнинг ноанъанавий шаклларида машғул кишилар ҳамда уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясига қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, балоғатга етмаганлар, ёлғиз кексалар ва юқори даражадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларини ижтимоий ҳимоялаш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларини жамоа шартномалари ва келишувлари орқали моддий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг ўзида касаба уюшмалари томонидан 3073 нафар меҳнат фахрийси ва кексанинг республикамиздаги тарихий шаҳарлар ҳамда диққатга сазовор жойлар бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди. Ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг коммунал тўловлари қоплаб берилди. Давлат байрамлари муносабати билан “Мурувват” ва “Саховат” уйларида маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиб, у ердагиларга маиший техника жиҳозлари, кийим-кечаклар, гигиеник воситалар берилди. Айни чоғда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали иш берувчилар ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан кекса авлод вакиллари 41,9 миллиард сўм миқдорида моддий қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2366 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилди, 7385 нафар ишловчи пенсионер ва касаба уюшма аъзоларининг ота-оналарини имтиёзли асосда, 344 нафар ишловчи пенсионерни бепул соғломлаштириш ишлари амалга оширилди.
2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида касаба уюшмалари мутасаддилари барча нодавлат ва нотижорат ташкилотлари вакиллари билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари бўйлаб 2 миллион 160 минг хонадонга ташриф буюриб, оддий одамлар ҳаётини ўргандилар. Ўрганишлар жараёнида аҳолини қийнаётган қарийб 650 мингта муаммо аниқланиб, 556,5 мингтасини ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва йил мобайнида уларнинг ижроси назоратга олинди. Касаба уюшмалари Федерацияси кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия акцияси доирасида ўтган йилнинг апрель-май ойларида 3280 боланинг суннат тўйлари ва 616 ёш оиланинг никоҳ тўйлари ўтказилишига бош бўлди.
Ўзбекистон асаба уюшмалари Федерацияси 2017-2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор манзилли дастурлар ижросини ҳам мувофиқлаштирмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари Ишчи гуруҳлари томонидан шакллантирилган рўйхатлар асосида ҳунармандчилик, тадбиркорлик йўналишларини очиш, шахсий томорқа участкасини, шунингдек, чорва моллари ёки парранда харид қилиш йўналишлари бўйича ўз оиласининг иқтисодини тиклаш истагини билдирган минглаб кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредитлар ажратилишида кўмаклашди. Юзлаб ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг уй-жойлари таъмирланди, минглаб хонадонлар маиший техника жиҳозлари билан таъминланди, кам таъминланган оилалардан бўлган бемор инсонларга саломатлигини тиклашда моддий кўмак кўрсатилди. Жорий йилда ҳам мазкур йўналишлардаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашдек ўта масъулиятли ва жиддий вазифани ҳам мувофиқлаштирмоқда. Бугунгача чекка туман ва қишлоқларда 2 мингдан ортиқ ижтимоий аптекалар ишга туширилиб, олис ҳудудларда яшовчи одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга бош қўшилди.
Кўриниб турибдики, Федерация фаолияти бугун биргина иш берувчи ва ишчи муносабатлари билангина чекланиб қолаётгани йўқ. Таъбир жоиз бўлса, инсон манфаати, унинг яшаш, меҳнат қилиш борасидаги ҳуқуқларини таъминлашнинг кўп қиррали жиҳатларида касаба уюшмалари бевосита иштирокчи, ўз сўзи ва ўрнига эга ташкилотга айланиб улгурди. Шу маънода, тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ўзи тўплаган ва халққа, кенг жамоатчиликка манзур ва маъқул бўлаётган тажрибасини дунё жамоатчилиги эътиборига етказиши, бу борадаги жаҳон ҳамжамияти эътибори ва диққат марказидаги муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг ечими бўйича тажрибаларни ўртоқлашишга тайёр.
Халқаро анжуман давомида миллий ва халқаро экспертлар ижтимоий-меҳнат муносабатлари, халқаро меҳнат стандартлари, ижтимоий таъминот, реал даромадлар ва бандлик даражасини ошириш, ижтимоий ҳимоя, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тамойиллари каби йўналишларни ўз ичига олган долзарб масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда тажрибалари билан ўртоқдашдилар.
Хусусан, Халқаро меҳнат бюроси Бош директорининг махсус маслаҳатчиси Кари Тапиола “Янги глобал таҳдидлар шароитида ижтимоий таъминотнинг энг кам меъёрлари” мавзусида маъруза қилди. “Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси – комплекс давлат сиёсатининг намунаси сифатида” мавзуида маъруза қилган ҳорижий эксперт, иқтисодиёт профессори (Норвегия) Эрик Райнерт иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Умумевропа минтақавий кенгашининг ижрочи котиби Антон Леппик иқлимий адолатни эътиборга олган ҳолда ижтимоий ҳимояни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталди.
Форумда “Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларида ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг аҳволи ва тенденциялари” мавзуида маъруза қилган Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Бош котиби Владимир Шчербаков кучли ижтимоий сиёсатни ривожлантириш борасидаги муваффақиятлар кўп ҳолларда халқаро ва минтақавий тажрибадан унумли фойдаланишга ҳам боғлик эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур халқаро анжуман ижтимоий мулоқотни ривожлантириш учун катта имкониятлар яратишини қайд этди.
Ҳорижий эксперт, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ректори, профессор Виктор Гришин бутун тараққийпарвар инсониятнинг нигоҳи бугун Ўзбекистонга қаратилганини таъкидлади.
– Замонавий Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётининг турли соҳаларида етакчи ўринларни қўлга киритмоқда, – дея таъкидлади жумладан В.Гришин. – Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатида устуворлик касб этмоқда. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси натижасида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди, ўзаро ишонч ва дўстона қўшничилик муносабатларига асосланган ўзаро алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу – халқаро савдо алоқаларининг ривожланишига, жамиятнинг гуллаб-яшнашига ва фаровонлигига хизмат қилади.
Ўз чиқишида В.Гришин шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратди ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган барча устувор йўналишлар марказида Ўзбекистон фуқароларининг манфаатлари мужассам эканини эътироф этди. Натижада энг чекка ҳудудларда яшаётган фуқаролар ҳам бугун Президент эътибори ва ғамхўрлигини ҳис этаётганини таъкидлади. Мамлакат аҳолиси билан очиқ мулоқотлар Ўзбекистондаги ижтимоий ислоҳотларга жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортаётган яна бир муҳим жиҳат эканлигига эътибор қаратди.
Анжуманда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда иштирокчилар ижтимоий мулоқотни кучайтириш, кучли ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини муҳкама этдилар.
Биринчи ялпи мажлисдан сўнг конференция иши 4 та секцияда давом этди. Хусусан, “Аҳолининг реал даромадлари ҳамда бандлиги даражасини изчил ошириб бориш”, “Аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини муҳофаза қилиш давлат тизимини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш”, “Аҳолининг турмуш сифати: арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши”, “Таълим ва фан соҳасидаги ёшларга оид давлат сиёсати: миллий, ҳорижий ва халқаро тажриба” мавзуларида секция йиғилишлари бўлиб ўтди.
Халқаро анжуман доирасида ҳорижий экспертлар мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишлар, таълим, ижтимоий инфратузилма, арзон уй-жойлар, иш жойларидаги меҳнат шароитлари, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳамкорлиги борасида аниқ тасаввурга эга бўлиш мақсадида Тошкент ва Самарқанд вилоятларига ташриф буюрдилар. Ҳорижий экспертлар мазкур ҳудудларга ташрифлари давомида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат ва инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотларнинг натижаларини оддий одамлар ҳаётида ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўлдилар. Ижтимоий объектларда улар фуқаролар учун яратилган қулайлик ва имтиёзлар, меҳнат жамоаларида ходимлар учун яратилган муносиб меҳнат шароитлари, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг самарали ижтимоий шериклиги натижасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида эришилаётган ижобий натижалар билан танишдилар. Шунингдек, тарихий обидаларга ташриф буюрдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати